Линклар

2010 йилнинг 17 январ куни Украинада президент сайлови ўтказилади. “Зарғалдоқ инқилоби”дан буён биринчи марта ўтказилажак сайловда президентлик лавозими учун 18 номзод кураш олиб бормоқда.

Украинанинг энг йирик “Бориспол” аэропортидан пойтахт Киев томон кетар экансиз, йўл четига ўрнатилган, кети кўринмайдиган реклама тахталари диққатингизни ўзига тортади. Рекламаларга президентлик лавозими учун даъвогар бўлган номзодларнинг сайловолди шиорлари ёзилган.

Яқинда Украинадаги таниқли сиёсий таҳлилчи, Глобал стратегиялар институти директори Вадим Карасёв украиналикларни сиёсий дастурлар бошқармаётганини айтган эди. Унинг фикрича, президент сайлови куни фуқаролар энг яхши шиор учун овоз беради.

Президент лавозими учун асосий даъвогарлардан бири, Украина бош вазири Юлия Тимошенко ўз сайловолди тарғиботини президентлик кампанияси 18 октябрда расман бошланишидан анча олдин, яъни, август ойи бошида рекламалар ўрнатиш билан бошлаган.

Володимир Фесенко Украинадаги “Пента” сиёсий-таҳлилий марказ директори. Унга кўра, кўчаларга ўрнатилган рекламалар президентликка даъвогар номзоднинг дастури ва имижини акс эттиради.

- Расмий шиорлар ва иборалар бир нарса. Буни одамлар қандай қабул қилиши, сайлов кампанияси ва номзодлар ҳақидаги одамлар фикри умуман бошқа нарса. Бу ғоялар ҳар доим бир-бирига мос келмайди. Баъзан бир номзод ўзини бошқача қилиб кўрсатишга уринади. Аммо одамлар орасида у ҳақда ўзгача фикр шаклланган бўлиши мумкин, дейди украиналик таҳлилчи.

Президентликка асосий даъвогар номзодлардан яна бири собиқ бош вазир Виктор Януковичдир. Ўғрилик ва зўравонлик учун ёшлигида икки марта қамалган Янукович ҳақида оддий одамлар яхши фикрда эмас. Таҳлилчилар фикрича, кўп сонли катта реклама тахталари одамларнинг Янукович ҳақидаги фикрини қанчалар ўзгартира олишини вақт кўрсатади.

Януковичнинг сайловолди рекламалари советча шаклда бўлиб, уларда “Ҳамма нарса халқ учун”, “Фикрингиз эшитилди. Муаммо ҳал бўлди” каби сўзлари ёзилган. Ҳозирда “Украина халқ учун” шиори Виктор Януковичнинг асосий сайловолди шиори ҳисобланади.

Украина парламенти раиси Володимир Литвин ҳам президент лавозими учун курашаётган номзодлардан бири. Унинг сайловолди рекламаларида “Украинага етакчи бўлишга фақат у лойиқ”, “Келажагимизни фақат унга ишонишимиз мумкин” каби шиорлар ёзилган.

Украина президенти лаводими учун курашаётган энг ёш номзод бу 35 ёшли Арсений Ятсенюкдир. Собиқ ташқи ишлар вазири Ятсенюк “Ўзгариш учун фронт” номли ҳаракат тузган. Янгича сиёсий қарашдаги бу номзод 2008 йил баҳорида сайловчиларнинг 12 – 13 фоиз қўлловини қозонишга муваффақ бўлган. “Украина янги индустриализация орқали қутқарилади” деган шиор Ятсенюкнинг асосий сайловолди рекламасидир.

- Сиёсий технологиялар биз учун асосий нарса эканини яққол кўриб турибмиз. Бу технологиялар номзодларнинг ўз ғоялари, дастурлари ва стратегияларини халқ етказиш воситаси ҳисобланади. Аммо Украинада бу концепциялар ўзгарган. Технологиялар воситадан кўра мақсадга айланиб қолган. Биз катта умид боғлаган аксар номзодлар ушбу технологияларни шунчаки кўз-кўз қилмоқда, дейди Украинадаги “Сайловчилар қўмитаси” директори Олександр Черненко.

Украинада президент сайлови яқинлашган сари президентликка даъвогар номзодларнинг ҳар жойга ўрнатилган сайловолди шиорлари битилган реклама тахталари ўрнини аста-секин сайлов билан боғлиқ телевидение рекламалари эгаллаяпти. Реклама уруши давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG