Линклар

Эрон босимларга ён бермоқчи эмас


Эронлик таниқли диний уламолардан бири Эрон ўз ядровий дастуридан воз кечиш борасида қилинаётган босимлар, жумладан, таҳдидлардан қўрқмаслиги ва ҳеч қандай “поралар”га учмаслигини маълум қилди.

- Эрон Ислом республикаси, ҳар қандай таҳдид бўлишига қарамай, ўз ҳақ-ҳуқуқидан бир қадам ҳам ортга чекинмайдиган давлат эканини жаҳоннинг қудратли давлатларига сўнгги 30 йил давомида бир неча бор намойиш қилган, деди Эрондаги нуфузли экспертлар кенгаши аъзоси Аҳмад Ҳотамий.

Айни пайтда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд, агар Эрон халқаро ҳамжамият талабларини инкор этишда давом этса, қудратли давлатлар Теҳронга нисбатан янги жазо чораларини қўллашга тайёр экани тўғрисида баёнот берди.

Жума куни Атом энергияси бўйича БМТ агентлиги Эрон яширинча уранни тўйинтирувчи завод қураётганини танқид қилувчи резолюция қабул қилди.

Ҳужжатда Эрондан бу каби махфий жараëнларни дарҳол тўхтатиш талаб қилинган. Халқаро агентлик Эрон ядровий дастурини қораловчи бундай резолюцияни кейинги тўрт йил ичида илк бор қабул қилди.

Атом энергияси халқаро агентлигидаги Эрон вакили Али-Асғар Султоний, ўз навбатида, қабул қилинган ҳужжатни “шошилинч ва бемаврид чора", дея баҳолади.

Оқ уй маъмурияти эса АҚШ ва унинг ҳамкорларнинг Эрон ядровий дастури борасида тоқати тоқ бўлгани ва ушбу масалани ҳал этиш учун Эронга ажратилган вақт тугаб бораётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG