Линклар

logo-print

Минорали масжидлар қуриш таъқиқланди


Швейцарияда минораларга "Исломнинг сиёсий ғалабаси рамзи" сифатида баҳо берилмоқда.

Швейцарияда минораларга "Исломнинг сиёсий ғалабаси рамзи" сифатида баҳо берилмоқда.

Швейцарияда бундан буён янги минораларни қуриш қонундан ташқари, деб эълон қилинадиган бўлди. Масжидларда минораларни қуришни таъқиқлаш масаласи бўйича якшанба куни ўтказилган референдумда бу чорани швейцариялик овоз берувчиларнинг аксари маъқуллаган.

Масала хусусида референдум ўтказиш таклифини минораларни “Швейцарияни исломлаштириш стратегиясининг бир унсури”, деб иддао қилган ўнгчи партия илгари сурган эди.

Якшанба кунги реферндум қатнашчиларининг аксари Швейцарияда янги минораларни қуришни таъқиқлаш чорасини қўллаб-қувватлади.

400 мингга яқин мусулмонлар яшайдиган Швейцариядаги масжидларнинг тўрттасида минора бор ва референдум натижаларидан қатъий назар улар жойида қолади.

Якшанба куни овоз бериш участкалари ёпилгач, француз тилида чиқадиган телеканаллардан бири “Бу ташаббус кўпчилик томонидан қўллаб қувватланган кўринади. Бу кутилмаган ҳолатдир”, дея хабар қилди.

Минораларни таъқиқлашга оид мунозарали таклиф ўнгчи қарашдаги Швейцария халқ партияси томонидан илгари сурилди. Ўнгчилар фикрича, миноралар бу мамлакатни исломлаштириш уринишларининг бир қисмидир.

Швейцария ҳукумати минораларни тақиқлаш диний эркинликларни бузиши, исломий радикализмга сабаб бўлиши ва Швейцария обрўсига путур етказиши мумкинлигини айтиб, овоз берувчиларни бу таклифни рад этишга чақирди.

Бу таклиф тарафдорлари эса рефрендум ёрдамида “сиёсий исломлаштириш” жараёнига чек қўйиш ва Швейцария Конституцясига “минораларни қуриш таъқиқланиши”га оид модда киритилишини талаб қилди.

Ўнгчи қарашдаги сиёсатчи, Швейцария халқ партияси вакили Улрих Шлюер “SWissinfo.ch” интернет нашрига берган суҳбатида миноралар ҳокимиятга даъво қилиш рамзи эканини таъкидлади.

- Биз ислом динини таъқиқлаганимиз йўқ. Биз исломлаштиришнинг сиёсий рамзи бўлган минораларни таъқиқламоқдамиз.

Миноранинг динга алоқаси йўқ, минора ислом динининг сиёсий ғалабаси рамзидир. Турклар Константинополни забт этганидан сўнг қилган биринчи иши шаҳардаги марказий черковда минора қуриш бўлган, - дейди ўнгчи сиёсатчи.

Халқаро амнистия ташкилоти бу таъқиқ Швейцария диний эркинликлар бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларга зид бўлишидан огоҳлантирди.

Ахборот агентликларига кўра, немис тилида сўзлашадиган Люцерна кантони минораларни таъқиқлашни маъқуллаган. Лекин француз тилида сўзлашувчи Женева ва Воуд кантонларида бу таъқиққа қарши овоз берилган.

Женевалик овоз берувчилардан бири Рейтерс агентлиги билан суҳбатда таклиф этилаётган таъқиққа кескин қаршилигини изҳор қилди.

- Мен бу ташаббусдан даҳшатга тушдим. Бу жавобим билан ўз позициямни сизга изҳор қилмоқчиман. Мен бу ташаббусга қаршиман, чунки уни муросасизлик, деб ҳисоблайман, - дейди женевалик сайловчи.

Дастлабки натижаларга кўра, 26 кантондан 25тасига оид натижалар овоз берувчиларнинг 57 фоизидан ортиқроғи бу таъқиқни маъқуллаганини кўрасатган.

Ахборот агентликлари Тичино канотонидаги овоз беришнинг дастлабки натижаларига кўра, у ерда ҳам 68 фоиз сайловчилар бу чорани маъқуллаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG