Линклар

АҚШ Эронни огоҳлантирди


Қўшма Штатлар Эрон ядровий дастурга оид халқаро ҳамжамият ташвишига жавоб қайтариши учун “вақтни қўлдан бой бераётгани”ни баён қилди.

Оқ уй Эрон уранни бойитишга мўлжалланган 10 та янги завод қуриш режасини эълон қилганига жавобан шундай баёнотни тақатди.

Якшанба куни Эрон ҳукумати 10 та янги ядровий завод қуриш режасини эълон қилиб, бунга оид ишлар икки ой ичида бошланишини билдирди.

Президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳукумат мажлисида мамлакат парламенти 2020 йилгача Исломий Республика 20 минг мегаватт ядровий энергия ишлаб чиқариши лозимлиги ҳақида қарор чиқарганини маълум қилди.

Янги иншоотлар катталиги бўйича Натанздаги ядровий завод билан тенг бўлиши айтилмоқда.

Бу хабар Эрон билан ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатларни янада таранглаштириши мумкин. Ғарб Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётганини айтиб келади. Эрон бу айбловларни инкор қилади.

Қўшма Штатлар Эрон ҳукуматини уранни бойитишга мўлжалланган 10 та заводни қуриши халқаро қонунларга зид эканидан огоҳлантириб, бу режадан қайтишга чақирди.

Британия ҳам Эроннинг ядровий заводлар қуришга оид ниятлари “ўта хавотирли масала” экани ва БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларига зид бўлишини баён қилди.

Якшанба куни Эрон парламенти раиси Али Ларижоний Теҳрон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан ҳамкорликни “жиддий тарзда камайтириши” мумкинлигидан огоҳлантирди. Бунга агентликнинг Эронни яширин тарзда ядровий завод қураётганликда айблаши сабаб бўлди.
XS
SM
MD
LG