Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:13

13. Каллакланган тутлар


Каллакланган тутлар сочлари устара билан қириб олиниб, сафга тизилиб Жаслиқ қамоқхонасига (Устюрт) ҳайдаб кетилаётган маҳбусларга ўхшайди.

Каллакланган тутлар дордан қочган қўрқоқ зиёлиларни эслатади.

Каллакланган тутлар Россияда юрган ўзбек-тожик мардикорларини қонқара қақшатаётган «тақирбошлар»нинг оғочдан ясалган ҳайкалидир.

Каллакланган тутлар «мадфун Туркистонни кофирхонаға айлантирған биз итларға» (Абдулла Қодирий ибораси) муштумини ўқталиб турган шаҳиди шариф мужоҳид боболаримизнинг ўлмас руҳларидир.

Каллакланган тутлар...

Илинтириб олса бас, хўракни ютиб юбориб қармоққа тушган балиқни ҳавода чирпирак этиб айлантириб, жониворни қийнаб ҳузур қиладиган аблаҳ ҳар қадамда топилади. Улар донабай бўлса-ку, эвини қилса бўларди: мингтаси тиқилган зонага яна минг биттаси ҳам бемалол жойлашиб кетарди. Кейин бир-бирининг ўсириғини ҳидлаб ётаверади ёки тун бўйи «Минг бир кеча»ни мутолаа қилиб, «Фарғона тонг отгунча» ашуласини хиргойи этиб ўтиришади. Аммо-лекин, барибир эл оғзига элак тутиб бўлмас экан.

Оқибатни бартараф этиш мушкул бўлса, сабабни маҳв этиш осон бўлади. Ёки аксинча, сабабни маҳв этиш мушкул бўлса, оқибатни бартараф этиш осонроқ кўчади. Ҳар қандай проблемага ё устидан, ё остидан ёндошиб ҳал этмоқ лозим. Янги чиққан Юлдузча айтмоқчи, «агар жаннат кўкда бўлса, остидадир Ўзбекистон, агар жаннат ерда бўлса, устидадир Ўзбекистон». Ва ҳоказо.

Энергетика муаммоси бутун дунё учун ҳам, биз учун ҳам янгилик эмас. Газ, электр қуввати доим танқислик қилаверади. Бурчак-бурчакдан ўсироқ гаплар писиллайвергач, қишлоқларга йўналтирилган газ таъминоти халқ хўжалиги манфатларидан келиб чиққан ҳолда чекланди. Аҳоли дастлабки қишни бир бало қилиб ўтказиб олди. Чеклов давомийлиги жорий этилгач, келаси қишдан бошлаб ҳамма қўлига болта олиб тутзорларга қараб ҳужум бошлади. Уч-тўрт йилдан сўнг далаларда бош кўтариб турган эски тутлардан ном-нишон қолмади. Фақат пилла мавсумида новдалари кесиб олинса ҳам каллаклангани билинмайдиган ертутлар болтадан омон қолди, холос.

Ҳозир хоҳлаган қишлоғингизга бориб дуч келган лойсувоқ томга чиқиб тўрт тарафга қарасангиз, атроф жавониб кафтдагидек яққол кўриниб туради. Худди Атлантика океанидан ёпирилиб келган цунами бир кечада ҳамма дарахтларни йиқитиб шип-шийдам этиб кетганга ўхшайди.

Хайриятки, висир-висир гаплар ўз-ўзидан барҳам топди. Айни чоғда пиллачилик ҳам энасининг Учқўрғонига кириб кетди. Энди ҳаммасини нолдан бошлашга тўғри келади. Аввало, пилла қуртларининг озуқа базасини яратиш тақозо этилади.

Тут уруғчилигини йўлга қўйиш тўғрисида фармон берилди. Махсус давлат акциядорлик компанияси ташкил этилди. Унга узоқ муддатга мўлжалланган кредит берилди, унумдор жойдан ер ажратилди. Маҳаллий Ҳасак нави билан Япониядан келтирилган серҳосил Моrus mults caulis Perr нави чатиштирилиб Marus alba UZ дурагай нави яратилди. Дурагай нав кўчатлари етиштирадиган фермер хўжалигини бориб кўрдим.

Юз гектар ерда уруғлик тутзор ташкил этилибди. Қатор ораси (интервал) тўрт метрдан қолдирилган, бўш жойларга мош экилган экан.

— Тошкентда мош яхши кетади, — деди ижарачи.

— Гектарига қанчадан ижара ҳақи тўлайсиз?

— Бу ёғи коммерция сири, — деди. — Ҳаммаси шартномада кўрсатилган, — деб илова қилди.

— Яхши, — деб қатор ораладим. — Пора аралашмаган бирорта соҳа қолмабди-да!

Олдинги сафда турган тутлар бир хил эди. Ботаника қоидаси бўйича оралатиб эркак тут экилиши лозим. Чунки эркак тут урғочи тутларни чанглатади.

— Бу тутлар эркакми, урғочими? — деб сўрадим туман ҳокимидан.

Ҳоким бошини қашлади. Саволимни такрорладим.

— Пешингача эркак бўлиб туради, пешиндан кейин урғочига айланади.

— Нима-нима?!

— Йўқ, адашдим шекилли. Аслида, пешингача урғочи бўлиб, пешиндан кейин эркаклашади, — деди довдираб қолган ҳокимча.
Билагимдаги соатга қарасам, ўн беш дақиқаси кам ўн икки бўлган экан.

— Бўпти, бир соату ўн беш дақиқа кутаман, — дедим.

Адъютантим дарҳол табуретка топиб келди. Роппа-роса бир соату ўн беш дақиқадан сўнг ўрнимдан турдим. Яна тут қатор оралаб ярим соат вақт ўтказдим. Олдинги сафда турган тутларни кўздан кечирдим.

— Булар энди эркак бўлдими? — деб сўрадим.

— Билмадим, — деб ерга қаради ҳокимча.

Шу пайт қулоқ-чаккасига тарсаки тортиб юбордим.

— Энди-чи? — дедим.

— Эркак бўлди, — деди у.

Нариги бетига ҳам тарсаки тортиб, тутзорни тарк этдим.

Каллакланган тутлар кесатиқ гапларга мавзу эди, холос. Янги навдан уруғ олмоқчи бўлган ҳоким эса калласи кетган тутдан фарқ қилмас эди. Бундан кўра висир-висир ўсироқ гап-сўзларга чидаб юрган маъқул эмасмиди?!
XS
SM
MD
LG