Линклар

Раҳмон Тошкентдан озод бўлмоқчи


Тожикистон президенти "Жануб-Шимол" тармоғи республика энергетик хавфсизлиги кафолати эканини айтди.

Тожикистон президенти "Жануб-Шимол" тармоғи республика энергетик хавфсизлиги кафолати эканини айтди.

Расмий Душанбе Тожикистонда уч йил мобайнида қуриб битказилган “Жануб- Шимол” электр энергияси линиясининг ишга туширилиши билан республика Ўзбекистондан бўлган энергетик қарамликдан қутилганини хабар қилмоқда.

«Жануб-Шимол» электр энергия тармоғи Хитой Халқ Республикасининг ТВЕА ширкати томонидан уч йил мобайнида қурилиб, режадагидан бир йил олдин ишга туширилди. 300 километрлик мазкур тармоқ бир йилда 8 миллиард киловатт соат электр энергиясини ўтказиш қудратига эга.

Мазкур қурилиши ишларига 282 миллион АҚШ доллари сарфланди. Ушбу маблағнинг 268 миллион доллари Хитойнинг Экспорт- импорт банки томонидан қарз сифатида берилган.

«Жануб-Шимол» электр энергия тармоғининг ишга туширилиш маросимига келган республика президенти Имомали Раҳмон Тожикистон иқтисодиётида катта аҳамиятга эга бўлган бу энерготизим Ўзбекистон қарамлигидан қутулишидаги қадамлардан бири эканини айтди:

- Ўн саккиз йилдирки республика электр энергия тақчиллигини сезмоқда. Электр энергиясини четдан олишда эса сунъий тўсиқликларга дуч келинаяпти. Оқибатда Тожикистон аҳолиси куз ва қиш пайтида қийинчиликларга дучор бўлмоқда, деди Имомали Раҳмон.

Республика раҳбари “сунъий тўсиқлар”, деганда Ўзбекистон орқали Туркманистон электр энергиясини Тожикистонга транзит қилишдаги муаммоларни назарда тутди. Шунингдек, Имомали Рахмон қўшничилик мавзусига ҳам тўхталиб ўтди:

- Тожикларда бир мақол бор: «Тиламчи келганда унга нима беришади? Чурук, қийшиқ қовунни беришади”, яъни қўшни тиламчилик қилиб келса, бир - икки марта ёрдам берамиз,учинчи марта ,”Бор меҳнат қил, тирикчилигингни ўтказ”, деймиз. Айтмоқчиманки, тожик халқининг бўйин эгиш вақти тугади. Дурустроқ меҳнат қилайлик, бировга бўйин эгмайлик, ўзимизни ўзимиз таъминлайлик, деди Имомали Раҳмон.

Тожикистонлик мутахассисларга кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишга оид қарори кутилмаган ҳодиса бўлгани йўқ.

- Шу кунгача биз қўшнилар билан “Сен менга электр энергия, мен эса сенга сув бераман”, усулида ишлардик. Энди бу тартиб ишламаса фожиа юз бериши мумкин. Экологик фожиа содир бўлади, демоқчиман. Чунки сув бошида биз ва Қирғизистон турибди. Электр тақчиллиги сезилса, биз ёз пайтида сув омборларини тўлдиришга мажбур бўламиз. Бу эса қўшниларнинг далаларини суғориш учун сув етишмай қолади,деган гап, дейди Тожикистон Сув муаммолари институтининг гидроэнергетика лабораторияси раҳбари Георгий Петров.

Бироқ таҳлилчилар фикрича, табиат яратган сувни жиловлаб бўлмайди. Боз устига «Жануб-Шимол” электр тармоғининг ишга туширилиши Тожикистондаги электр энергияси билан боғлиқ бўлган тақчилликни ҳам тўлиқ бартараф қилмайди. Чунки республикадаги мавжуд гидроиншоотлар бутун мамлакатни электр қуввати билан таъминлаш қудратига эга эмас. Боз устига янги электр тармоғи тўла қувватда ишга тушса, республикада мавжуд эскириб қолган узатиш линиялари кучланишга чидамай аварияга учраши мумкин. Шунинг учун ҳам республика электр тизимини тўлалигича қайта қуриш керак.

- Республикада ишлаб турган Норак, Қароққум, Сангтўда ГЭСлари бутун республикани электр энергияси билан таъминлай олмайди. Агар шундай бўлганда эди, бу тадбир аллақачон амалга ошириларди. Назаримда¸ бу расмий Душанбе томонидан Ўзбекистоннинг ягона энерготизимдан чиқиб кетишига қарши берилган бир жавоб¸ холос. Халқ эса яна зулмат ичида қолаверади, дейди таҳлилчи Содиқ Мирзозода.

Тожикистон туркман электридан маҳрум бўлиб турган бир пайтда, Россия томонидан қурилган Сангтўда-1 ГЭСи ҳам фойдаланилган электрга тўланмаган қарз даъвоси билан 1 декабрдан фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкин.
XS
SM
MD
LG