Линклар

Эрон дипломатияга жой бор демоқда


Эрон парламенти спикери Али Ларижоний Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни ҳал этиш учун дипломатик уринишларга ҳануз жой борлигини таъкидлади.

Ларижонийнинг ушбу баёнотидан бир кун аввал Эрон ҳукумати мамлакатда уранни тўйинтирувчи 10та янги корхона қуриш режасини ошкор қилди.

Бу Эроннинг Атом энергияси халқаро агентлиги томонидан Теҳронга нисбатан қабул қилинган танқидий резолюцияга қилган жавобидир.

Эрон вице-президенти, мамлакатнинг Атом энергияси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий ҳукуматнинг янги ядровий иншоотлар қуриш тўғрисидаги режасини якшанба куни эълон қилди:

- Бугун ҳукуматнинг резолюцияга қарши юборган муждаси қатъий жавоб бўлди, биз 10та янги корхона қуришга қарор қилдик. Янги иншоотлар ҳажми ёнилғи ишлаб чиқарувчи Натанц шаҳридаги корхона билан тенг бўлади. Янги турдаги центрифугаларни ишлатишимиз мумкин ва улар кичик ҳудудларга жойлаштирилиши мумкин, деди Али Акбар Солиҳий.

Айни пайтда АҚШ Эрон ядровий дастури атрофидаги бўҳронни ҳал этиш учун Теҳронга ажратилган вақт тугаб бораётгани хусусида огоҳлантирди.

XS
SM
MD
LG