Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:57

Чиройли чимилдиқлар чевари


Саодат опа келинчакларнинг чимилдиғини рақ тикиш билан безайди.
Саодат опа келинчакларнинг чимилдиғини рақ тикиш билан безайди.

Тожикистонда миллий урф-одат ва қадриятларга қизиқиш ортгани сайин ота-боболардан мерос қолган ҳунарлар¸ хусусан чимилдиқ безашга ҳам эътибор кучайиб бормоқда.

Рудакий туманининг Ўрта кенгаш қишлоғида яшовчи Саодат опани таниган, унинг ҳунаридан яхши хабардор бўлган кишини республиканинг ҳар гўшасида учратиш мумкин. Момолар ҳунарини халқ орасида танитиб, унга жило бериб келаётган 45 ёшлардаги бу аёлнинг ҳунари¸асосан чимилдиқ безаш экан.

Саодат опа ўзбекларнинг лақай уруғидан бўлиб, келинчакларнинг чимилдиғини рақ тикиш билан безайди. Бу ҳунар жуда катта вақт ва кўп меҳнат талаб қилади.

Рақ бу лақай уруғининг қадимдан авлодларга ўтиб келган ҳунари бўлиб, унга кўра бўз матоҳга турли ранглар билан гул ташлаб чиқилади.

Мустақил бўлган Тожикистонда миллий анъаналар тиклана бориши ортидан рақ ҳунарига ўзбеклар билан бирга тожиклар ҳам аҳамият қарата бошлашди¸ дейди Саодат опа.

- Бу ҳунарни мен онамдан ўрганганман. Биринчи чимилдиқни бундан 15 йил аввал безаган эдим. Миллий нарса яхшида, ҳозир энди замонавий нақшлар чиққан. Рақ тикиш билан зардўзликни қўшиб чимилдиқ безаймиз¸ яна ҳам чиройлик чиқади, дейди аёл.

Гарчи саккиз боланинг онаси Саодат опа ҳеч қаерда ишламасада, ҳунари учун одамлардан пул талаб қилмаслигини айтади.

- Одамлар илтимос қилиб келади икки ёшнинг хотири учун қилиб бераман. Ким қанча ҳақ берса ўшани оламан. Баъзида камбағал оилаларга текинга чимилдиқ тузаб бераман¸ савоб учун¸ икки ёшнинг бахти учун меҳнат қиламизда. Ўзи ўзбекчиликда чимилдиқ ёки бешик тузаб берган киши меҳнати учун пул сўрамайди. Бу момоларимиздан қолган удумда, дейди Саодат опа.

- Каттагина оилангиз бор экан, агар меҳнатингиз учун баъзида пул олмасангиз ниманинг ҳисобига рўзғор тебратасиз? деб сўраймиз опадан.

- Маҳалламизда дўконимиз бор, ул-бул савдо қиламиз. Кейин болаларим билан лойдан ғишт қуйиб даромад қиламиз. Яна икки ўғлим оз-моз ишлаб пул топиб келишади. Худога шукур¸ баракаси бор, дейди Саодат опа.

Саодат опанинг икки ўғли ҳам ўрта мактабда ўқийди ва дарсдан сўнг кўпчилик тожикистонлик болалар қаторида оилага ёрдам учун арава тортади, ўзига тўқ оилаларнинг бозор-ўчарини қилиб беради ва ҳокозо.

Саодат опа рўзғор, тирикчилик ўз йўлига, аммо момолардан қолган ҳунарларни келгуси авлодлар учун етказиб бериш лозим дея мулоҳаза билдиради.

- Чимилдиқ ҳеч қачон унутилмаслиги керак. Бу боболаримиз момоларимиздан қолган мерос, икки ёш никоҳдан кейин илк бор учрашадиган жойда бу чимилдиқ , дейди кулиб Саодат.

Суҳбатимиз давомида Саодат опанинг ҳовлисини сўраб-суриштириб Хатлон вилоятининг Ёвон туманидан аёллар келиб қолишди. Аёллардан бири Зайнабхон тўнғич фарзанди учун чимилдиқ буюртма бериш учун¸ 10 километр масофани босиб келган экан.

- Опамизнинг ҳунарлари жуда чиройли. Эски қадимдан қолган тупаклар, хусусан рангларни танлаши ёқади бизга, дейди ўзини Зайнаб деб таништирган аёл .

Собиқ шўролар даврида ҳам Марказий Осиё мамлакатлари орасида унчалик иқтисодий бақувват бўлмаган Тожикистонда, шўролар замони қулаш ортидан ўнлаб заводу фабрикалар фаолиятдан тўхтади.
Натижада аксариятлар ишсиз ўринларини йўқотди. Аммо мамлакатдаги бугунги иқтисодий ва ижтимоий ваъзият қанчалик оғир бўлмасин ўзбеклар урф-одатлари, миллий қадриятлари ва момолар ҳунарини ардоқлайдиган уни пулга сотмайдиган Саодат опаларни учратиш мумкин.
XS
SM
MD
LG