Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:13

Ҳуқуқ фаоли террорчиликда айбланмоқда


Ўзбекистон судлов тизимида ҳуқуқ фаолларини жиноий жавобгарликка тортиш анъанага айланиб қолган.
Ўзбекистон судлов тизимида ҳуқуқ фаолларини жиноий жавобгарликка тортиш анъанага айланиб қолган.

Қашқадарё вилоят Жиноий ишлар судида жавобгарликка тортилаëтган ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов¸ Озодликка аëн бўлишича¸ уч нафар шериги билан Қашқадарёдаги бир қатор объектларни портлатишни режалаганликда айбланмоқда.

30 ноябр куни Қашқадарё вилоят Жиноий ишлар судида судя Нурилло Зиёдуллаев раислигида ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги иши бўйича учинчи маҳкама жараёни бўлиши лозим эди.

Ғайбулло Жалиловнинг рафиқаси Муқаддас Темированинг Озодликка маълум қилишича, маҳкама 9 декабрга қолдирилган.

- Икки марта суд мажлиси бўлган. Бугун ҳам суд бўлиши керак эди. Борган эдик¸ энди тўққизинчи декабрга қолдирди, дейди Муқаддас Темирова.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг 10 сентябр кунги хабарномасида Ғайбулло Жалилов қўпорувчилик билан шуғулланувчи ташкилотга аъзоликда айбланаётгани таъкидланган эди.

Маҳкамада ўқилган айблов хулосасига кўра, Ғайбулло Жалилов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) бўйича айбланаяпти.

Муқаддас Темировага кўра, эри билан бирга маҳкамага тортилган бошқа уч судланувчига ҳам сиёсий айбловлар қўйилмоқда.

- Ҳозир тўрт кишининг суди биргаликда бўлаяпти. Судхонанинг темир панжараси ортида тўрт киши ўтирибди. Қораловчи айблов хулосасини ўқиб бераркан¸ қораловчи “Сизлар у ëқни¸ бу ëқни портлатмоқчи бўлгансизлар”, деб айтаяпти. Ҳар хил туҳмат қўйишаяпти-да. “Ҳокимиятни¸ СНБни портлатмоқчи бўлибсизлар”¸ дейишаяпти. Шундай гап-сўз бўлди. Булар панжаранинг ичидан туриб “Бизга туҳмат қилаяпсизлар”, дейишаяптилар, дейди Муқаддас Темирова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораевага кўра, Ғайбулло Жалилов ва унинг шерикларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш) бўйича айблов эълон қилиниш эҳтимоли ҳам мавжуд.

Гулшан Қораева: 159 - модда билан 244- модда. Тўрт киши ҳокимиятни¸ Хонободдаги аэропортга бомба қўйишиб¸ энди кнопкани босаман¸ деганда ушланган экан булар. Шунақа дейишаяпти.

Озодлик: Хонобод - бу қайси Хонобод?

- Ўзимизнинг Қаршида жойлашган Хонобод бор-ку. Ўша... Буларга яна битта модда қўшилиб ҳам қолиши мумкин. 158 - модда президентга тажовуз қилиш моддаси. Шунақа хабарлар бор, дейди Гулшан Қораева.

Муқаддас Темированинг айтишича, эри ва унинг шерикларига нисбатан тергов жараёнида қийноқлар қўлланилган.

- Судланаëтганларга ҳам сўз берилар экан-ку, судда. Ўша куни ҳаммаси “Бизларни уришди¸ у қилишди¸ бу қилишди”, деб айтишди. Оëқларининг томирини кесишганмиш. Жуда ҳам ëмон уришибди. Эрим - Ғайбулла Жалиловнинг оëғини тагидаги томирларини кесишибди. Аҳволлари жуда ҳам оғир. Юра олмаяпти ҳозир. Оқсаб-оқсаб юраяпти. Хаëллари ҳам жойида эмас, дейди Муқаддас Темирова.

Гулшан Қораевага кўра, судланувчилардан бири қийноқларга чидай олмай ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

- Биттаси “Насаф” футбол командасининг тренери, Файзулло Очилов, ҳамма ёғини кесиб ташлабди. “Мени бўйнимга қўйишди уриб. Мен мажбур бўлдим. Мен айбдор эмасман”, деган мақсадда ҳамма жойини кесиб ташлабди. Ўша куни суд бўлиши керак эди. Уни касалхонага олиб кетиб қолишган, дейди Гулшан Қораева.

Судланувчиларга қийноқлар қўлланилгани борасида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига қилган мурожаатларимиз бесамар бўлди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов Ғайбулло Жалиловнинг сохта айбловлар билан маҳкамага тортилганини айтади:

- Ғайбулла Жалилов ноқонуний равишда, йўлда кетаëтган пайтида СНБ ходимлари томонидан куч билан машинага солиб олиб кетилган. Икки ой давомида Ғайбулла Жалилов адвокат билан таъминланмаган. Аниқ кўриниб турибди, булар адвокат билан учраштирмаганлиги¸ ота-оналари билан учраштирмаганлиги сабаби у қийноққа тутилган. Сохта айбловлар билан айбланган.

Энди, портлашлар бўлди, май ойида Андижонда бўлди¸ августнинг охирларида Тошкентда отишмалар бўлди. Шуларга боғлаш мумкин Ғайбулло Жалиловнинг ҳибсга олинишини. Бу ҳолат эскидан мавжуд. Масалан¸ Сталин даврида “халқ душмани”, дейиларди. Ҳозир экстремизм¸ терроризмга қарши кураш ниқоби остида бизнинг аъзолар таъқиб қилинаяпти.

Бизнинг аъзоларимиз бизнинг ташкилот ташкил топганидан бери, 1992 йилдан буён таъқиб қилинади. Бу нарса ҳозиргача давом этаяпти. Таъқиблар Ўзбекистон мухолифатига нисбатан, мана, Эрк демократик партияси¸ Бирлик халқ ҳаракати¸ Озод деҳқонлар партияси¸ ҳаммасига нисбатан тазйиқлар давом этаяпти, дейди Абдужалил Бойматов.

Ғайбулло Жалилов 5 сентябр куни кечки соат 9 ларда номаълум кишилар томонидан машинага босиб олиб кетилган эди.

Орадан уч кун ўтиб унинг милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб¸10 кунлик ҳибсга олингани маълум бўлган.

24 ноябр куни Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги сиёсий мотивлар билан айбланиб маҳкамага тортилди.

Ғайбулло Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаолидир.

Айни пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг саккиз фаоли қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётир.
XS
SM
MD
LG