Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:56

Жиноятга жазо енгиллаши мумкин


Айтилишича¸ янги тузатиш айбланувчи ва даъвогарнинг ўзаро келишиб олишини рағбатлантиради.
Айтилишича¸ янги тузатиш айбланувчи ва даъвогарнинг ўзаро келишиб олишини рағбатлантиради.

Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилиши таклиф этилган янги тузатишга кўра¸ жиноятига қаттиқ пушаймон бўлган айбланувчига бериладиган жазо¸ енгиллаштирилиши мумкин. Бу таклиф ҳозирда Сенат тасдиғини кутмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари "жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада эркинлаштириш"га қаратилгани айтилаëтган қонун қабул қилди ва уни маъқуллаш учун Сенатга юборди. Қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодекси айбдор шахс астойдил пушаймон бўлган тақдирда, жазо муддати ва миқдорини муайян даражада пасайтиришни назарда тутувчи махсус модда билан тўлдирилади. Лекин бу модда одам ўлдириш, терроризм, экстремизм каби жиноятларга тадбиқ қилинмайди.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг интернет сайтида бу янгилик ҳақида шундай ёзилган:

“Тайинланадиган жазони индивидуаллаштириш ва ҳуқуқий кафолатлар механизмини яратиш мақсадида Жиноят кодексини айбдор шахс астойдил пушаймон бўлган тақдирда, жазо муддати ва миқдорини муайян даражада пасайтиришни назарда тутувчи махсус модда билан тўлдириш таклиф қилинди. Киритилган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда Қонун қабул қилинди ва маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилади”.

Бу янги модда қайси жиноятларга нисбатан қўлланилади, жазо муддатларига қандай енгилликлар берилади? Олий Мажлис интернет сайтидан бу саволларга жавоб берадиган бошқа маълумот топа олмадик. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига қилган мурожаатларимиз эса натижа бермади.

Ўзбекистонлик адвокат Гулнора Эшонхонова бу махсус моддани шундай тушунтириб берди:

- Ҳимоячи билан таъминланган айбланувчи айблов тараф билан қандайдир битимга кириб¸ мен масалан ўзим бўйнимга оладиган бўлсам¸ қилмишимга пушаймонлигимни билдирадиган бўлсам¸ енгилроқ бўлса¸ мен ҳам бўйнимга оламан деб ҳаммасини ëзиб¸ батафсил тушунтириб беради. Ана ўшанда айбловчи тараф¸ яъни прокуратура судга келганда камроқ жазо тайинланишини суддан сўраши мумкин бўлади. Албатта¸ бу ўша шахсга тайинланадиган жазони енгилроқ тайинланишини таъминлайди. Нима бўлса ҳам қонунчиликни либераллаштиришга қаратилган омил¸ деб ҳисобласак бўлади¸ дейди Гулнора Эшонхонова.

Адвокатнинг айтишича, Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимига “айбдорлигини тан олиш” яъни келишув институти киритилганидан буён қонунлар анча либераллашди ва бу амалиётга тадбиқ қилинмоқда.

- Шу институт киритилгандан бери жабрланувчи билан айбланувчи бир-бири билан келишиб¸ айбланувчи жабрланувчидан кечирим сўраб¸ унга келтирилган зарарни қоплаб¸ ўртасидаги низога асос бўлган жиноятдан кечиримли бўлишига қандайдир асос берган эдида. Иккита тараф келишиб кетгани доимо яхши¸ деб қараш керак. Бу фақат суд музокара хонасига кириб кетгунгача¸ яъни маслаҳатлашув хонасига киргунча мана шу битимни тузиш мумкин эди қонун бўйича. Менинг назаримда¸ бу институтнинг ривожланиши тўғрисида гапириладиган бўлса¸ суд ҳукми кучга кирмагунга қадар яъни апелляция инстанциясида ҳам тарафларнинг келишувига шароит яратадиган бўлсак¸ бундан ҳам яхши бўлади. Чунки тарафлар қачон бўлса ҳам келишса¸ давлат бундан манфаатдор бўлиши керак¸ дейди Гулнора Эшонхонова.

Ўзбекистонлик ҳуқушунос Суҳроб Исмоилов фикрича, ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон қоунунчилигида либераллашув давом этмоқда. Бироқ бу либераллашув фақат қоғозда қолиб кетмоқда, амалда эса эски ҳаммом эски тос. Суд-прокуратура тизимида ҳали ҳам прокурорнинг айтгани айтган бўлиб қолмоқда, дейди Суҳроб Исмоилов.

- Мана шу либераллашган қонунчиликни амалий ҳолатларда амалий ишларга индивидуал ҳолатларда қўллаш ҳозирчалик ҳалигача ҳам Ўзбекистонда суд органининг ваколати бўлишига қарамасдан лекин амалда бу прокуратура тарафидан қайсидир чора кўрилиши эътиборга олинса ва мана шу судда сўралса¸ кўпинча мана шу нарсалар амал бўлиб келмоқда. Хусусан¸ либераллашиш моддасига тушадиган ҳолатларда ҳам айнан шу прокурорнинг иши судда кўрилаëтган ва айбланувчи судланувчи сифатида давлат органи қаршисида турган шахсга нисбатан муносабатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Мана шу ҳолатларда биз прокурорнинг шахс билан таниш-билишчилик ëки унинг шахси орқасига бирор-бир кишининг тушиб шахс учун адолат сўраши ëки коррупция ҳолатлари рўй бергандагина либераллашиш таъкидланган қонунчиликларни амалда қўллашга мажбур бўлаëтганини кўраяпмиз. Ҳаммага бирдай мана шу қонунлар амалда қўлланмаяпти. Қонунчилик даражасида либераллашиш кечаëтганини таъкидласак бўлади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Унинг сўзларига кўра, Жиноят Кодексига киритилган бу янги моддада назарда тутилган жазони енгиллаштириш ҳолатлари терроризм, экстремизм, диний ташкилотлар тузиш, уларда иштирок этиш каби моддаларга қўлланилмайди, чунки Ўзбекистон ҳукумати учун бу каби моддалар билан айбланганлар ҳамон хавотир ва таҳлика бўлиб қолмоқда.

- Давлат жиноят қонучилигида ўз ўзидан шунақа автоматик модда ўрнатилганки¸ давлатга қарши жиноятлар¸ жамият хавфсизлиги¸ давлат хавфсизлигига қарши жиноятлар ўз ўзидан мана шунақа оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Битта ишда битта факт ҳам оғирлаштирувчи¸ ҳам енгиллаштирувчи ҳолат¸ деб квалификация қилина олмайди. Мана шунақа фактлар оғирлаштирувчи ҳолат деб тан олинибдики¸ улар енгиллаштирувчи ҳолатларнинг истисно қилинишига олиб келади. Бундан ташқари биз айтиб ўтишимиз керак сўнгги йилларда¸ айниқса октябр ойида охирги шунақа ўзгартириш бўлди¸ Ўзбекистонда пул ювишнинг ëки пулларни ноқонуний ўзлаштиришнинг олдини оламиз деб¸ терроризмни молиялаштиришнинг олдини оламиз деб бир неча қонун ости ҳужжатлари қабул қилиндики¸ улар нафақат Ўзбекистондаги конституцияга зид равишда фуқароларнинг ҳуқуқларини бузаяпти балки жиноят-қонунчилик соҳасида энг асосий қонун бўлмиш жиноят кодексининг моддаларини бузаяпти ва енгиллаштирувчи ҳолатларни мана шунақа сиз айтиб ўтган жиноят туркумларида терроризм¸ экстремизм каби туркумларда енгиллаштирувчи ҳолатларни автоматик равишда истисно қилинишга олиб келади¸ дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG