Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:40

Ҳайит табриги аслми¸ сохта?


Ўзбекистон исломий ҳаракатига қарашли Жундуллоҳ студияси Тоҳир Йўлдошнинг тирик эканини исботлашга уринмоқда.
Ўзбекистон исломий ҳаракатига қарашли Жундуллоҳ студияси Тоҳир Йўлдошнинг тирик эканини исботлашга уринмоқда.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати еткачиси Тоҳир Йўлдош тирикми?Қурбон Ҳайити муносабати билан унга тегишли экани даъво қилинаётган аудиотабрик эълон қилинганидан сўнг шу каби саволлар ўртага чиқди.

Аввал хабар қилганимиздек, Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон исломий ҳаракатининг шу йил сентябр ойи бошларида ўлдирилди, деб хабар қилинган етакчиси Тоҳир Йўлдошники, деб даъво қилинаётган табриги эълон қилинган эди.

Ҳозирча бу аудиоёзувнинг ҳақиқий ёки сохта эканини исботловчи бирор далил йўқ. Унинг янгилигига аудиоёзув матнидаги ягона аниқ ишора эса сана, холос.

“Аҳли имон мўмин-мусулмонлар. Бугун ҳижрий тарихимиз 1430 ҳижрий-қамарий Зулҳижжанинг 10 куни. Қурбон ҳайити. Демак¸ бундан 1430 йил олдин Расулуллоҳ (с.а.в) Маккадан Мадинага ҳижрат қилган кун”.

Кейин эса Тоҳир Йўлдош экани айтилаëтган овоз соҳиби қарийб 15 дақиқа сўзлаган нутқида ҳижрат, мусулмон давлатларидаги нотинчликлар, Ироқ, Афғонистон, Кашмир, Фаластин, Саудия Арабистонидаги вазият, АҚШ, Россия, Исроил, Ҳиндистон, Сербия ҳукуматларининг баъзи ҳаракатларини қоралаб, бу ҳаракатларни мусулмонларга нисбатан “қатлиом” деб атаган.

Аудиотабрикда тилга олинган энг сўнгги воқеалардан бири эса Покистондаги Лаъл масжид воқеаларидир. Тоҳир Йўлдош бунда юзлаб муслима аёлларни ўлдирди, номусига тегди, дея Покистон армиясини қоралаган.

Толибларга хайрихоҳ, деб қаралган Покистондаги Лаъл — Қизил масжидда 2007 йилнинг 2 июл куни талабалар ва хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашув юз берган, оқибатда 16 одам ҳалок бўлган ва 150 киши яраланган эди. Масжид ҳукумат кучлари томонидан қуршовга олиниб, тўқнашувга барҳам берилган эди.

Тоҳир Йўлдошнинг сўнгги табригида бундан кўра янгироқ воқеа ёхуд бирор шахсга тегишли ҳеч қандай янги гап йўқ.

Ноябр ойининг ўрталарида унинг тириклигига далил сифатида Ўзбекистон исломий ҳаракати сайтида видеоёзув ҳам эълон қилинган ва унда ҳам тилга олинган энг сўнгги воқеалардан бири айнан Лаъл масжид воқеалари бўлган эди.

Ҳозирча, ҳеч бир халқаро ташкилот ёхуд ушбу ҳаракат тақдирини кузатаётган хорижлик экспертлар сўнгги аудио-видео мурожаатларнинг ҳақиқий ёки сохта экани, Тоҳир Йўлдошнинг тирик ёхуд ўлгани ҳақида аниқ гап айта олмаяптилар.

Фақатгина Вашингтонда жойлашган Яқин Шарқ мамлакатлари оммавий ахборот воситаларини тадқиқ этиш институти — MEMRI¸ Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Вазиристонда суратга олинган видеоёзуви Тоҳир Йўлдошнинг тирик эканидан дарак бериши ҳақда билдирди.

Бироқ бу ташкилот ҳам айни тахминини асословчи далилларни ҳали матбуотга ошкор қилгани йўқ. Қизиғи, аввалига Ўзбекистон исломий ҳаракати сайтига қўйилган бу видеотасвир кўп ўтмай олиб ташланди ва унинг ўрнига ҳаракат расмий нотиқи Абдул Фаттоҳ Аҳмадийнинг Вазиристондаги жанглар борасида баёноти қўйилди.

Германиядаги Халқаро сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича тадқиқот институти экспертларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, бу мурожаатларда тилга олинган воқеаларнинг энг сўнггиси 2007 йилда содир бўлгани ҳисобга олинса, ёзувларнинг ҳақиқий эканига билдирилаётган шубҳалар ўринлидек кўринади.

Аммо, дейди бу эксперт, хавфсизлик кучлари қўлига Тоҳир Йўлдошнинг ўлганини тасдиқловчи далил келиб тушмас экан, уни ўлди, деб айтиш имконсиз. Бу эксперт Германия ва Америка махсус хизматларининг баъзи расмийлари билан яқинда бўлиб ўтган суҳбатларга таяниб, Тоҳир Йўлдош ҳануз тирик, деб ҳисобланаётгани ҳақида сўзлади.

Бироқ айни пайтда Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчисининг ўлимини тасдиқловчи далил бўлмагани каби унинг тирик эканини тасдиқловчи далил ҳам йўқ.

30 ноябр куни Покистоннинг Вазиристон минтақасидаги вазиятни кузатаётган маҳаллий журналистлар ва кузатувчиларнинг баъзилари билан суҳбатлардан ойдинлашдики, жанглар бораётган минтақадан ҳам бу борада ҳеч қандай маълумот олинмаган.

Эътироф этиш жоиз, Озодлик мухбирининг бу борадаги мурожаатига жавобан аксарият ғарблик экспертлар ва сиёсатчилар Тоҳир Йўлдошнинг тириклиги ёхуд ўлгани ҳақида маълумотларнинг ўта ноаниқ, унинг теграсидаги вазиятнинг эса ўта мавҳум экани боис бу борада сўзлашдан вақтинча тийилишини айтмоқда.

Зеро, ерда ҳаракатланаётган тирик жонни самодан туриб аниқ кузатиш ва шаклу-шамойилини кўриш имконини берувчи технологик имкониятлар замонида салкам уч ой муқаддам эълон қилинган хабарга ҳануз ойдинлик кирмаётгани сабаблари ҳам катта баҳсу-мунозара мавзуидир.

Бироз вақт муқаддам Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Озодликка боғланган собиқ аъзоларидан бири эса Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилишини кўрганлар билан телефон орқали суҳбатларига асосланиб, ҳаракат етакчисини ўлган, деб таъкидлаган эди.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон исломий ҳаракатига катта талафот етказилди, етакчининг ўзи ўлдирилди, деган хабарлар пайдо бўлганидан сўнг ўша пайтда Вазиристонда бўлган ва ҳануз ҳаракат сафида қолган танишларидан бирига сим қоққан.

- Телефон қилсам¸ ўғли кўтарди. “Даданг қаерда?” десам¸ “Дадам жиҳодга кетган. Уйда йўқ” деди. Кейин бизга “Амаки¸ келмайсизми? Роса жиҳод бўлаяпти бу ëқда. Роса урушишаяпти. Дадам йўқ. Бир ой бўлган кетганига” дедида¸ шундан кейин икки ойдан кейин шунақа хабарни эшитдик. Бизнинг олдимиздан кетган бола¸ у бола Вазиристондан¸ бизга Тоҳирнинг қандай ўлгани¸ қанақа бўлгани¸ Яҳëнинг қандай ўлгани¸ ҳаммасини тушунтириб берди. “Тоҳир бир жойда турган эди. У ерни разведка қилиб кетди. Кейин бошқа жойга кўчди. Кўчгандан кейин унинг ўрнига араблар келди. Тоҳир “Нимага менинг жойимга келдинг?” деб қайтиб келган пайтида¸ арабларни урамиз деб келганлар Тоҳирни уриб қўйишди. Шунда роса кўпчилик болалар кетди” деди. Ўрнига Абдураҳмон деган одам қолган.

Озодлик: Нечта одам қолган ҳозир?

- Нечталигини билмайман. Катталардан кўпи кетган. Масъуллардан кўпчилиги ҳаракатдан чиқиб кетган¸ деган эди ўзини Ўзбекистон исломий ҳаракатининг эндиликда собиқ аъзосиман, деб таништирган бу аёл.

Бу аёл ҳаракат етакчиси ўлдирилгани, Қурбон ҳайити муносабати билан ва ундан сал аввалроқ эълон қилинган мурожаатлар ҳам асл эмас, балки унинг тириклигини исботлашга уринилган сохта аудио-видеоёзув, деб ҳисоблашини таъкидлади.

Покистон хавфсизлик кучларидан олинган сўнгги маълумотларга кўра эса, етакчисининг тириклиги ёхуд ўлгани номаълум қолаётган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг оз сонли жанггарилари толиблар билан бирга Вазиристоннинг Канигурам шаҳридан ноябр ойи аввалида қувиб чиқарилганидан буён тоғли ҳудудларда жон сақламоқда.

Минтақа кузатувчиларининг фикрича, ўзбек жанггариларининг ёнида оилалари ҳам бўлиши мумкин.

Тоҳир Йўлдошники экани даъво қилинаётган сўнгги табрик ёзиб олинган аудиоёзув ичида болаларнинг шодон қий-чувлари ҳам қулоққа чалинади.

Буни эса баъзи кузатувчилар, эҳтимол, ҳақиқатда ҳам Тоҳир Йўлдош тирикдир ва Покистоннинг тоғли ҳудудларида жангчиларнинг аҳли-оилалари билан топган бошпанасида Қурбон Ҳайитини нишонлагандир, дея талқин қилмоқда.

Аммо ҳозирча бу ҳам тахминлар даражасидаги талқиндан ўзга нарса эмас.
XS
SM
MD
LG