Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:57

Обама янги афғон стратегиясини эълон қилади


Обаманинг янги стратегияси Афғонистондаги урушда ташаббусни халқаро кучлар томон оғдиришга қаратилгани айтилмоқда.
Обаманинг янги стратегияси Афғонистондаги урушда ташаббусни халқаро кучлар томон оғдиришга қаратилгани айтилмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама сешанба куни очиқлайдиган Афғонистонга оид янги стратегия бу мамлакатга яна 30 мингга яқин қўшимча Америка аскари юборишни кўзда тутади.

Оқ уй матбуот вакили Роберт Гиббснинг айтишича, Обама якшанба куни давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан телефон орқали бу ҳақда сўзлашиб, кейинроқ мудофаа вазири Роберт Гейтс ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жэймс Жоунс билан учрашиб, янги стратегияга оид якуний қарорини муҳокама қилган.

Обаманинг 1 декабр куни кечқурун Ню Йорк штатининг Уэст Пойнт шаҳарчасидаги АҚШ ҳарбий академиясида америкаликларга қиладиган мурожаати телевидение орқали кўрсатилади. Бу мурожаати давомида президентнинг Афғонистонда Толибонга қарши курашаётган НАТО кучлари сафига 30 мингга яқин қўшимча аскар юборишини эълон қилиши кутилмоқда.

Оқ уй матбуот вакили Гиббс президент Обама душанба куни Дания бош вазири Ларс Локке Расмуссен, Франция президенти Николя Саркози, Британия бош вазири Гордон Браун ва Россия президенти Дмитрий Медведевлар билан телефонда суҳбатлашишни режалаштирганини маълум қилди.

Обаманинг Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ва Покистон президенти Осиф Али Зардорий, Германия канцлери Ангела Меркел, Полша бош вазири Дональд Туск, Хитой президенти Ху Цзин Тао ва Ҳиндистон бош вазири Манмоҳан Сингҳлар билан ҳам бу ҳақда музокара қилиши кутилмоқда.

Гиббс "президент АҚШ Конгрессининг нуфузли аъзоларини ўз режалари ҳақида сешанба куни тушдан кейин хабардор қилади", дея маълум қилди. "Обама ўзининг янги стратегия ҳақида нега дастлаб хориж етакчилари билан ўртоқлашди?" деган саволга Оқ уй расмийси:

- Афғонистонда хавфсизликни ўрнатиш бўйича халқаро ёрдам кучлари халқаро тузилмадир. Бу тузилмада Қўшма Штатларнинг ҳиссаси энг катта, албатта. Лекин президентнинг Франция, Германия, Дания ва бошқа давлатлар етакчилари билан суҳбатлашгани уларнинг бу миссияда муҳим шериклар эканини англатади, дея жавоб берди.

Оқ уй вакилининг қўшимча қилишича, Обама ўз режаларини жамоатчиликка ошкор қилишидан аввал Конгресс аъзолари президент хорижий давлатлар етакчиларига тақдим этган ахборотга эга бўлади.

Душанба куни Британия бош вазири Гордон Браун ҳам Афғонистонга қўшимча 500 инглиз қўшини юборилишини эълон қилди.

Браун парламент олдида қилган чиқишида Британиянинг қўшимча кучлари декабр ойи бошида Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятига ташланишини маълум қилди. Бу билан Афғонистондаги инглиз қўшинлари сони 10 мингдан ошади.

Ҳозирда Афғонистонда АҚШнинг 71 мингга яқин қўшини бор. НАТОга аъзо ва бошқа иттифоқчи давлатларнинг ҳарбий контингенти жами 36 минг кишини ташкил қилади.

НАТО кучларининг асосий эътибори Афғонистонга қаратилган бир пайтда, Гиббсга кўра, президент Обама Покистоннинг бу можародаги ролига алоҳида эътибор қаратади.

- Президент эртага қиладиган чиқишининг каттагина қисми бизнинг Покистон билан муносабатларимизга бағишланади ва Обама маъмурияти иқтидорга келганидан буён Покистон билан янгича дипломатик муносабатларни бошлаганига ҳам тўхталади. Айтиб ўтганимдек, бу муносабатларда экстремизмга қарши биргаликда кураш масаласи муҳим ўринни эгаллайди. Менимча, бу ҳамкорлик ва дипломатия натижаси ўлароқ, ҳозир муносабатларимиз мустаҳкамланган ва биргаликдаги уринишларимиз янада кучайган, деди Оқ матбуот вакили.

Покистон ҳукумати ўтмишда Толибон билан яқин алоқада бўлган ва ҳозирда унинг Афғонистон ҳукумати билан муносабати совуқлигича қолмоқда.

Гиббс Афғонистон ва Америка халқлари ҳамда НАТО иттифоқчилари Қўшма Штатларнинг халқаро кучларни Афғонистонда абадий қолдириш режаси йўқлигини тушуниши муҳим, дея таъкидлади.

- Бу муддатсиз мажбурият эмас. Обама биз у ерда афғонистонликлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Афғонистон миллий хавфсизлик кучлари – армия ва полиция мамлакатда хавфсизликни таъминлаб, жангариларга қарши кураша олиши учун уларни тайёргарликдан ўтказиш мақсадида ҳаракат қилаётганимиз ҳақида гапиради. Бу бизнинг энг муҳим ва устувор миссиямиздир, дейишим мумкин, деди Роберт Гиббс.

Оқ уй матбуот вакили Карзай президентлиги даврида кузатилган муаммоларга ҳам тўхталиб, президент Обама афғонистонлик ҳамкасби билан телефон суҳбатида Афғонистонда коррупцияга қарши кураш ва ҳокимият бошқарувини яхшилашга оид “янги саҳифа”ни очиш пайти келганини таъкидлади, дея маълум қилди.
XS
SM
MD
LG