Линклар

logo-print

Қирғизистонлик аёл Каримовга мурожаат қилди


Шу йил баҳорида жалолободлик Нозим Мамадалиев ўзбек ҳибсхонасида қийнаб ўлдирилганидан буён қирғизистонликлар Ўзбекистон қамоқхоналаридаги яқинлари тақдиридан янада кўпроқ хавотир ола бошлаганлар.

Шу йил баҳорида жалолободлик Нозим Мамадалиев ўзбек ҳибсхонасида қийнаб ўлдирилганидан буён қирғизистонликлар Ўзбекистон қамоқхоналаридаги яқинлари тақдиридан янада кўпроқ хавотир ола бошлаганлар.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманида яшовчи Мақсудахон Ясинохунова ўғлининг иши холисона текширилишига кўмаклашиш илтимоси билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилди.

Аёлнинг ёзишича, ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари ва адлияси унинг ўғли Дилшодбек Ясинохуновни шу йил май ойида Андижон вилоятида бўлган портлашларда иштирок этганликда ноҳақ айблаб, уни узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Дилшодбекнинг отаси Тожиохун Ясинохунов ўғлининг шу йил март ойида уяли телефон таъмирлашни ўрганиш учун Андижондаги қариндоши ёнига боргани, 31 май куни эса ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олингани, мунтазам қийноқлар натижасида ўғли 20 кун ҳушсиз ётганини, кейин яна қийноқлар остида айбига иқрор қилдирилганини айтади.

Тожиохун аканинг айтишича, бир неча ойлик терговдан сўнг Чирчиқ суди унинг ўғлига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 13 моддаси бўйича айбдор деб топиб, уни 18 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқаради.

Дилшодбекнинг яқинлари адвокат воситасида мазкур ҳукм юзасидан апелляция аризасини берганларини, аммо ўзбек расмийлари уни судга келишини таъминлай олмаётганини айтмоқдалар.

Дилшодбекни 19 октябр куни Тоштурмада охирги марта кўрган ва 45 дақиқа суҳбатлашган рафиқаси Барчиной апелляция аризаси берилганидан буён эрининг қаерда экани ҳақида ҳеч ким аниқ жавоб беролмаётганини айтади.

Барчинойнинг айтишича, Тошкентдагилар Дилшодбекнинг Андижон қамоқхонасига олиб кетилганини айтсалар, Андижондагилар унинг Тошкентдан олиб келинмаганини таъкидлашдан чарчамаяптилар.

Барчиной эрининг намозхон йигит бўлганини эътироф этади, айни пайтда унинг ҳеч қанақа диний оқимларга қўшилмаганини, ўзбек терговчилари туҳмати қурбони бўлганини, айблов хулосасида айтилганидек, хорижий мамлакатларга, хусусан, Покистонга мутлақо чиқмаганини айтади.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ҳам Дилшодбек Ясинохуновнинг паспортида унинг Покистонга чиққани ҳақида бирор-бир қайд йўқлигини, Ўзбекистонга эса мутлақо легал равишда ўтганини ва у ерда мутлақо қонуний яшаганини таъкидлайди.

Азимжон Асқаров қирғизистонлик маҳбуснинг дараги чиқмаётгани сабабларига тўхталар экан, бу ўзбек расмийлари томонидан Дилшодбек Ясинохунов апелляция тартибидаги шикоят аризасидан воз кечиши учун қилинаётганига ишончи комил эканини айтади.

Бозорқўрғонлик Мақсудахон аянинг Ўзбекистон президентига ёзган мурожаатномалари нусхалари Ўзбекистон бош прокурори ва Олий Мажлис депутатларига ҳам юборилган.
XS
SM
MD
LG