Линклар

logo-print

Сўнгги тўрт йил ичида одам иммунтанқислиги вирусига чалиниш туфайли вилоятда 60 киши нобуд бўлди. Айни пайтда, расмий маълумотларга кўра, вилоятда бу хатарли вирусни юқтириб олганлар сони 500 дан ошган.

Сўғд вилоят ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Абдужалол Жабборовнинг айтишича, касалларнинг 68 фоизи мазкур вирусни жинсий алоқа орқали юқтириб олган.

- Ўтган 11 ой мобайнида жинсий алоқа орқали ОИТВ юқтириб олган 60 дан ортиқ киши қайдга олинди. Булар орасида вируснинг онадан болага ўтиши бўйича ҳам тўрт ҳолат қайд этилди. Ҳозир бу чақалоқлар ҳам шифокорлар назорати остида, дейди Абдужалол Жабборов.

Унинг айтишича, жорий йилда, шунингдек, 16 ҳомиладор аёлда одам иммунтанқислиги вируси аниқланган эди. Туғилган болаларнинг 12 таси касалга чалинмаган, чунки бу оналар ўз вақтида профилактикадан ўтган.

Хўжанд шаҳридаги “Дина” нодавлат ташкилотининг раҳбари Дилшод Пўлотовга кўра, бугунги кунда жинсий алоқа орқали ОИТВга чалинаётганлар орасида МДҲ мамлакатлари, хусусан, Россияда мардикорлик қилиб қайтаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам шифокорларга мурожаат қилмайди.

- Айни пайтда ташкилотимиз 1200 нафар енгил табиатли аёлни қайдга олган. Улар вақти-вақти билан назоратдан ўтиб турибди. Бу аёлларнинг 70 фоизи Россияда ишлаб келган аёллардир. Лекин вилоятда бундай аёллар сони аслида қанчалигини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Уларнинг аксарияти мазкур касаллик ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Бугунги кунда биз профилактика ишларини асосан Исфара, Истарафшан, Конибодом ва Хўжанд шаҳарларида олиб бораяпмиз. Бошқа шаҳар ва туманларни қамраб олиш имкони йўқ, дейди Дилшод Пўлотов.

Сўғдлик Василий Избрехт бугунги кунда Тожикистон қамоқхоналари ҳам ОИТВни тарқатиш манбаларидан бирига айланиб улгурганини айтади.

- Мен Хўжанд шаҳар 1-қамоқхонасида ОИТВга чалиндим. Бунга шу колония вакиллари сабаб бўлишди. Чунки у ерда турли касалликларга, ОИТВга чалинганлар ҳам бир жойда, соғлом маҳбуслар билан бирга сақланишади. Касаллар алоҳида камераларга ажратилмаган. Менинг устарам билан касал маҳбус соқол олган. Оқибатда унинг касаллиги менга ўтди, дейди Василий.

Жаҳон Глобал жамғармаси ёрдами билан жорий йил июн ойидан бошлаб Зафаробод, Ғончи, Панжакент, Истаравшан ва Исфара шаҳар ва туманларида ОИТСга қарши туманлараро текширув-аниқлаш лабораториялари очилган. Айни пайтда кузатувчилар бу лабораторияларнинг вирус ташувчи барча кишиларни аниқлаш имкониятига эга эмаслигини айтмоқдалар. Бунга улар, биринчи навбатда, лабораториялар учун ажратилаётган маблағ етарли эмаслиги, шунингдек, текширув жараёнидан меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилалари четда қолаётгани сабаб ўлароқ кўрсатмоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Сўғдда бу хатарли вирусга чалинганлар сони 500 га яқинлашди. Айни пайтда мутахассислар бу рақам бир неча баробар кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қиладилар.
XS
SM
MD
LG