Линклар

logo-print

Биз боқадиган ипак қуртлари Чин-Мочиндан қадим замонларда битта савдогар чол томондан ўғирлаб келинган.

Ривоят қилишларича, хитойликлар Румга, Хуросону Туронга ипак матоларини экспорт қилар экан-у, лекин ипак манбаи бўлган қурт уруғларини мамлакат ҳудудидан ташқарига чиқармас экан. Кимки қурт уруғини хорижга опчиқиб кетишга уринса, шаҳар марказида намойишкорона қатл этиларди.

Тошкентлик Азимбой Чин-Мочинга сафар қиладиган тужжорларга махфий буюртма беради: «Бир отим нос миқдорида қурт уруғи келтирсанг, қирқ туяга ортилган ипак баҳосида тилло бераман», дейди. Яширинча буюртма олган аксарият карвонбошилар Шанхайда қатл қилинади, бошқалари ичбуруқ бўлиб юртга қайтади. Охири пихини ёрган савдогар чол ҳийла ишлатиб, яъни, ичи кавак ёғочдан нақшинкор хасса ясаб, унинг учи билан кетига зарангдан тиқин тиқиб, бир отим эмас, юз отим нос миқдоридаги қурт уруғини Гоби саҳросидан омон-эсон олиб ўтиб, Сибир орқали Туронзаминга етиб келади. Бир отим носдек уруғни Азимбойга тақдим этгач, ортиб қолган тўқсон отим қурт уруғини марғилонлик ишбилармонларга сотиб юборади. Ўша-ўша ипакчилик Марғилонда равнақ топиб кетади.

Ҳозир мамлакатимизда боқиладиган ипак қуртлари Bombyx moru UZ деб аталадигшан ҳашаротлар турига мансуб. Ҳар қути (19 гр.) қурт уруғидан етмиш килограммгача пилла олиш мумкин.

Ипак қурти уруғи тухумсимон, ёсмиқсимон шаклда бўлиб, унинг бир учи энсиз. 1,5Х1,1 мм катталикда. Ҳар бирининг оғирлиги 0,5=0,7 мг атрофида. Янги уруғ сарғиш ёки оқ рангда бўлади. Орадан икки-уч кун ўтгач, ранги ўзгариб пушти, бинафша ва ниҳоят, тўртинчи-бешинчи кунлари кулранг, баъзан кўкимтир тусга киради. Ипак қурти уруғи қаттиқ пўстга ўралган. Пўстнинг устида ҳаво ўтадиган йўлча бўлиб, шу йўлча орқали газ алмашиб туради. Уруғ ичида пардага ўралган сариғи бор, шу сариғ аста-секин жонланиб ҳомилага айланади.

Қуртнинг танаси чўзинчоқ бўлиб, бош, кўкрак ва қориндан иборат. Боши унча катта эмас, у қаттиқ хитин қобиқ билан қопланган; хитин қаватнинг айрим қисмлари ўзаро чок билан қўшилган. Ипак қурти биринчи ва иккинчи ёшда қорамтир, каттароқ бўлгандан кейин оқариб кулранг тусга киради. Бошининг икки ён томонида олтитадан ёсмиқсимон қора кўзчалари, оғзининг юқори томонида кам ҳаракатли пластинкага ўхшаш тепа лаби бор. Икки ён томонида оғзини ёпиб турадиган бир жуфт юқори жағи, унинг остида бир жуфт пастки жағи ва яна қуйи жағи ҳам бор. Қурт бошининг икки ёнида мўйловлари бўлиб, улар сезиш ва ҳид билиш қобилиятига эга. Агар қуртнинг мўйловлари қирқиб олинса, қайта ўсиб чиққунча барг ўрнига бошқа нарсани еб қўйиб ҳалок бўлиши ҳам мумкин. Қуртнинг мўйлови билан Садриддин тоғанинг мўйлови бошқа-бошқа функцияларни бажаради. Садриддин тоғанинг ва умуман, жамики эркакларнинг мўйлови асосан кўрк вазифасини ўтайди, кишини аёл зотига хийла кўркам этиб кўрсатади; одам тумов бўлган пайтларида бурнидан шилимшиқ модда оқиб тушса мўйлов орасига сингиб кетиб, эгасини хижолатпазликдан асраб қолади.

Ипак қурти пилла ўраб бўлгандан икки-уч кун ўтиб семиз қуртга ўхшаб қолади. Бунда ипак қуртининг ранги ва шакли ўзгариб, ўзи ҳаракатсиз бўлиб қолади, бўйи қисқаради, танаси мумга айланади. Орадан уч кун ўтгач, қуртнинг пўсти тушади ва ғумбакка айланади. Ҳазрат Навоий айтган «Қурт жондин кечиб ипак бўлди» деган гап, аслида, қуртнинг худди шу ҳолатига тўғри келади.
ғумбаклар беш-саккиз кундан сўнг капалакка айланиб пиллани тешиб чиқади. Капалак чиқишидан аввал пилладан бўғиқ товуш эшитилади, пилла сал-пал қимирлайди. Урғочи ва эркак капалаклар, тахминан, бир хил миқдорда чиқади. Капалаклар жинсларга ажратилиб, сўнгра улар махсус идишларда — «чимилдиқ»да бир-бирига никоҳлаб қўйилади. Севишганлар чимилдиқда икки-тўрт соатдан ортиқ сақланмаслиги керак. Акс ҳолда, улар бир-бирини еб қўйиши ҳам мумкин. Уруғланган урғочи капалак алоҳида жойга олиб қўйилади, эркак капалак эса яна бир марта «ота» сифатида фойдаланиш учун ажратилиб, сўнгра маҳв этилади.

Пилладан фақат товар сифатида фойдаланиш кўзланса, пилла буғланади ва ғумбакка айланган қуртлар «газ камералари»да ўлдирилади. Сирасини айтганда, Навойи бобо тўғри айтган: ипак олиш учун қуртлар мажбуран жонидан жудо этилади. Қурт ўлдирилмаса, пиллани тешиб чиқади ва уни яроқсиз ҳолатга келтиради. Чунки тешик пиллани чуваб, ундан толасини ажратиб олиб бўлмайди; салкам бир км. узунликдаги тола ўрнига 80—90 метрлик узиқ-юлиқ лахтак чиқади, холос. Ўшанда ҳам дастгоҳ ўн марта тўхтатилиб, узилган жойи уланиши даркор. Ишчи ҳеч қачон дастгоҳни ўн марта тўхтатмайди. Ундан кўра брак пиллани ахлатга отиб юборади ва тўғри қилади. Етти-саккиз пилла чувалса, бир тола пайдо бўлади.

Пиллачилик — серташвиш соҳа. Бу соҳадан соф фойда олиш учун фақат текинга ишлайдиган қуллар меҳнатидан фойдаланиш керак. Одамларга ўтинини олиб қолиш шарти билан қурт боқтириш лозим. Шундагина пиллачиликда рентабелликка эришиш мумкин.

Пароканд ҳар бир нутқимга классик шоир-ёзувчилар меросидан чиройли цитата-иқтибослар топиб аралаштириб қўяди. Қурт ҳақидаги мисрани «Хазойин ул-маоний»дан топибди. Балли, азамат! Ўша мисрани атайлаб сарлавҳага чиқариб қўйдим. Майли, келажак авлод мани ҳам Навоий асарларини астойдил мутолаа қилган экан деб ўйлайверсин. Бир қошиқ ортиқча мой шавлани бузмайди.
XS
SM
MD
LG