Линклар

"Депутатлар рўйхати бир йил аввал тузилган"


Комила Содиқова президент Каримовга бўлган ишончи ўзини якка кураш майдонига чиқишга далда бўлаëтганини айтмоқда.

Комила Содиқова президент Каримовга бўлган ишончи ўзини якка кураш майдонига чиқишга далда бўлаëтганини айтмоқда.

дейди Ўзбекистондаги ҳукмрон Либерал демократлар партияси аъзоси Комила Содиқова. Партия раисининг ўзига айтган бу гапига қарши исëн кўтарган бу ҳуқуқшунос аëл¸ ўз ҳикояси билан Ўзбекистон парламентига сайлов деб аталаëтган маъраканинг аслида тайинлов эканини билвосита тасдиқламоқда.

Ўзбекистон парламентига нафақат янги ташкил этилган Ўзбекистон экологик ҳаракати аъзолари¸ балки қолган партия вакиллари ҳам аввалдан тузиб¸тасдиқланган рўйхат асосида "сайланади". Ўзбекистон Либерал демократлар партиясининг Озодлик суҳбатлашган аъзоси Комила Содиқованинг айтганларидан ана шундай хулоса чиқармасликнинг иложи йўқ.

Комила Содиқова:
Мен Содиқова Комиламан. Олий маълумотли ҳуқуқшуносман. Илмий тадқиқот ишларини олиб бораяпман. Либерал демократлар партияси аъзоси эдим. Мен сайловлар бошланиши шарофати билан¸ телевизорда доим ҳамма кўрсатувларни кузатиб бораман¸ менда бир иштиëқ пайдо бўлди. Бу иштиëқ августда пайдо бўлди. “Мен ҳам халқимга¸ ватанимга¸ президентимга хизмат қилишим мумкинку. Мен олий маълумотлиман. Менга пул керак эмас¸ амал керак эмас. Ватан учун¸ президент учун жонимни бераман” деб¸ кандидатурамни Олий Мажлис қонунчилик палатасига сурдирсам¸ менга “Йўқ¸ унинг учун катта одам бўлишингиз керак. Орқангизда жуда катта одам бўлиши керак” дейишди.

Мен “Кечирасизлар¸ орқамда Оллоҳдан бошқа¸ президентдан бошқа катта одам йўқ. Нима энди¸ ҳамма ëғим тўғри келаяпти” десам¸ “Тешабоевга боринг” дейишди. Бу Тешабоев Либерал демократик партиянинг андижонлик раиси экан ва Госпиталний бозорнинг ëнидаги офисда ўтирар экан. Шу ëққа бордим ва Тешабоев билан кўришдим. Осмондаги гаплар. Менга “Сиз беш йил кеч қолдингиз. Бир йил олдин ҳаракат қилиш керак эди” деган эди¸ “Йўқ ака¸ мен беш йил кеч қолганим йўқ. Телевизорда “10 кун қолди¸ 20 кун қолди” деб айтишаяпти. Менинг ҳали куним бор” десам¸ энсасини қотириб¸ устимдан кулиб¸ “Йўқ¸ сиз кеч қолдингиз. Тушундингизми. Уже ҳал бўлган бу масала” деди. “Бу масала нимага ҳал бўлади? Ҳали овозга қўйиш керак” десам¸ “Боринг¸ ота юртингиз Андижонингизга боринг” деди. “Йўқ ака¸ мен Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдаман. Ота юртим Андижон Асакасидан қўйдираман. Менга йўл-йўриғини кўрсатинг¸ ëрдам беринг” десам¸ “Боринг¸ анави хонага киринг” деб бақириб берди.

Кейин кирдим. Бир ëш бола ариза ëздирди¸ сўровнома ëздирди. Ҳамма ҳужжатларни бердим. Кейин Марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовга “Менга ëрдам беринг. Тешабоев менга беш йил кеч қолдингиз деяпти. Қани адолат?” деб телеграмма ëздим. Қўлимда основаниелар турибди. Кейин Либерал демократик партиянинг Асака бўлими раисига “Менинг номимни Асакадан қўйдиринг. Менинг ота юртим Асака. Халқни ишонтираман. Президентга хизмат қиламан” десам¸ менга Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг офисидан “Сизнинг хатингиз Тешабоевга жўнатилди” деб жавоб келди.

Тешабоевнинг офисига кейин яна бордим. Борсам¸ иккита бола устимдан кулди. Кулиб “Сиз умуман тўғри келмайсиз бизга. Уйингизга боринг¸ жавобини оласиз” деди. Мен “Эй Худо¸ илоҳим Худо жазоингни берсин. Афсуски¸ президент билмайдида бу воқеаларни. Агар Ислом Абдуғаниевич бу гап-сўзларни билганида¸ кўтанингни суғуриб оларди санларни” дедимда¸ йиғлаб-йиғлаб чиқиб кетдим. Мана касалхонада ëтибман.

Озодлик: Ҳозир касалхонадамисиз?

Комила Содиқова: Йўқ¸ касалхонадан чиқдим. Чунки менинг юрагим ëмон бўлиб¸ қон босимим ошиб кетди. Кейин менинг онам бор нафақада. Онам ҳожи она. 67 ëшда¸ Мамажонова Намунахон. Онажоним Тешбоевнинг қабулига бориб¸ “Инсофсиз¸ иймонсиз. Сен эркакмисан? Нимага боламнинг юрагини ëмон қилдинг?” деса¸ “Э¸ боринг¸ ишингизни қилинг. Мени президент яхши кўради. Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. Сизнинг қизингиз тўғри келмайди” дебди. “Ëзиб бер. Нимаси тўғри келмайди?” деса¸ Тешабоев “Боринг¸ уйингизга боринг” деб 67 яшар онамни хонасидан ҳайдаб чиқарибди.

Озодлик: Мана қаранг¸ сизга “Сен тўғри келмайсан. Беш йилга кечикдинг” деяпти. Бир тарафдан расман сайловолди кампанияси энди бошланиши керак эди. Бундан чиқадики¸ сайлов бошланмай туриб¸ рўйхат тузилиб¸ кимнинг депутат бўлиши аниқ бўлган¸ шундайми?

Комила Содиқова: Менга Тешабоев шунақа деяпти. Ўз оғзидан айтди. “Сиз бир йил олдин ҳаракат қилишингиз керак эди” дейди. “Йўқ ака. Қонунчиликни сиздан яхши биламан. Ҳуқуқшуносман. Биринчидан¸ мен августда ҳаракат қилиб документимни топширдим. Иккинчидан¸ яна тўққиз кун қолди” дедим. Менинг борганимга уже 67 кун бўлаяпти. Тешабоев мени ҳайдаб чиқарганига бир ярим-икки ой бўлди. “Қанақасига ҳал бўлади?” десам¸ вой Тешабоевнинг ўзини тутиши¸ уни президент яхши кўрармиш. “Тўхтаб тур¸ ҳали Оллоҳ сени жазолайди” дедимда¸ йиғлаб-йиғлаб чиқиб кетдим.

Озодлик: Сиз мансуб бўлган партиядан парламентга депутат бўладиганлар ким¸ қанақа одамлар¸ рўйхатдан¸ сизнинг нимангиз тўғри келмаганлигидан хабарингиз борми?

Комила Содиқова: Тешабоевга “Мен нима қилишим керак?” десам¸ устимдан кулаяпти. Олий Мажлисга ўтиб бўлган одамлар биринчи марта ўтиб бўлган. Нима қилади қайта-қайта¸ ëшларга жой берсин. Мен кучли аëлман. Президентни жуда ҳам қаттиқ севаман. Халқимга жонимни бераман. Мен пул учун иймонини сотадиган аблаҳ аëл эмасман. Бошимдан жуда қийин оғир ишлар ўтди. Матонат билан ютдим мен. Президентга раҳмат. Лекин пастдаги ифлосларнинг қилаëтган ишини кўрсангиз¸ ëқангизни ушлайсиз. Президент бечора билмайди.

Озодлик: Президент партиялардан ким депутат бўлишини билмайди¸ деб ўйлайсизми?

Комила Содиқова: Билмайди¸ деб ўйлайман. Билганда¸ буларнинг жазосини берарди. Мен шунақа деб ишонаман. Билмайман нимага. Ичимдаги ҳиссиëт худди шунақа гап деяпти.

Озодлик: Комила опа¸ қаранг. Ўзбекистон парламентига сайлов бўлади. Халқ биладими¸ билмайдими¸ тайëр рўйхатлар асосида бўлажак депутатларни тасдиқлатиб олишади. Парламентнинг қанақа ишлашини ҳам кўриб турибсиз. Шунақа шароитда нимага депутат бўлмоқчисиз?

Комила Содиқова: Мен ўзини ҳурмат қилган¸ ўта илмли¸ Оллоҳдан қаттиқ қўрқадиган¸ президентига содиқ мард ўзбек аëлиман. Белимда белбоғим бор менинг. Ота-онам ҳам олий маълумотли¸ зиëли. Ҳақиқий ўзбек қизи Нодирабегимнинг авлодиман мен. Амир Темурнинг авлодиман мен. Шунинг учун “Ўзимни кўрсатай. Халққа ëрдам берай. Мен олий маълумотли ҳуқуқшуносман. 42 ëшга кирдим. Амал учун¸ пул учун эмас¸ иймон учун¸ охират учун¸ подшо учун хизмат қилай” девдим. Афсуски¸ Тешабоевга ўхшаган манаман деган одам¸ нима гап гапиришни ҳам билмайман бу одам ҳақида. Ҳа¸ яна битта янгилик. Асакадаги Либерал демократлар партиясининг раиси шунчалар қўрқоқки¸ мен ишончли вакилимни жўнатдим. Абдуқодиров Абдуқаҳҳор деган йигит ишончли вакилим эди. Қўлига доверенность қилиб Асакага телеграмма юбордим. Асакадаги раис Сотволдиев деган ëш йигит экан. “Йўқ¸ йўқ¸ йўқ. Тешабоев нима деса¸ шуни қиламиз биз. Менга керак эмас” дебди.

Озодлик: Комила опа¸ сиз муаммони ҳозир Тешабоев даражасида деб ўйлаяпсиз. Ўзингизга ўхшаб “Халқимга хизмат қиламан” дейдиган одамларга Тешабоевга ўхшаганлар халақит бераяпти деяпсиз. Аслида шунақами? Аслида система шунақа қурилмаганми? Айнан тепадаги рўйхатга мос тушадиган¸ тўғри келадиганлар ўтадию¸....

Комила Содиқова: Биласизми¸ мен Тешабоевнинг башарасини кўриб¸ оғзидаги гапини эшитиб¸ шу хулосага келаяпман. Мен ҳеч қачон президент билан юзма-юз гаплашмаганманку. Юзма-юз гаплашсам¸ улар тўғрисида ўзимнинг нимамни бераман. Лекин мен барибир президентга ишонаман. Чунки “Подшо Оллоҳнинг ердаги сояси” дейилган. Мен жуда кучли илмга эгаман. Мен президент буларга бунақа ҳуқуқ бериб қўйганига ишонмайман. Бу Тешабоевга ўхшаган пастдагиларнинг найранги. Ўзбек аëлининг оëғига бола билан уриб¸ синдириш бу.

Озодлик: Депутат бўлсангиз¸ кўнглингиздаги ишларни қилишингизга ишончингиз комилми?

Комила Содиқова: Мен ўзимга ишонаман. Биринчидан¸ агар мен бунақа катта ваъдалар бериб¸ ахмоқлик қилсам¸ Оллоҳ мени йиғиштириб қўяди тўғрими? Иккинчидан¸ мен виждонимнинг олдида¸ болаларимнинг¸ эл-юртнинг олдида қанақа аблаҳ бўлиб қоламан¸ гапирган гапимга жавоб бера олмасам. Албатта¸ қўлимдан келади. Қонунлар ишлаб чиқилаëтганда¸ ўзининг фикрини¸ халқнинг орасидаги аëллар ҳуқуқини ўрганиб туриб¸ ўшанинг ичидан халқнинг дардини эшитиб туриб¸ бозорларга оддий кийимларда бормоқчиман¸ Худо хоҳласа. Халқ нима қилаяпти¸ бу қонунга мосми халқ¸ онги етарлими¸ нима қилмоқчи¸ билиб-билиб-билиб¸ дод деб қўлимни кўтариб¸ войдод дер эдим. Лекин афсуслар бўлсинки мен ҳеч кимга керак эмасман. Нима қилай пешонамдан кўрдим.

Озодлик: Ҳозир сиз жамоатчиликка гапираяпсиз¸ мана Озодлик орқали гапираяпсиз¸ ҳозир нимага умид қилаяпсиз? Президент эшитиб¸ мана шунақаларнинг танобини тортади деб ўйлаяпсизми ëки...

Комила Содиқова: Ўйлайман¸ ишонаман. Чунки президент халқнинг отаси. У одам Оллоҳнинг ердаги сояси. Мен у одамни жуда ҳам қаттиқ севаман. Ҳақиқий отам ўтган йил вафот этди. Олий маълумотли бош врач эди. Шу одам ўлгандан кейин мен энди халқнинг отасига суяниб¸ ишониб қолдим. Ота ҳеч қачон “ëмон бўл” демайди. Отани обсуждат қилиш ва ота тўғрисида ëмон фикр ўйлашнинг ўзи катта гуноҳ. Ота тўғри бўл деяпти. Лекин пастдаги Тешабоевга ўхшаганлар ўзбек аëлларининг оëғини синдириб¸ чиқармоқчи эмас. Менинг орқамда ҳеч кимим йўқ.

Озодлик: Тешабоевнинг рўйхатига кирганлар ким деб ўйлайсиз?

Комила Содиқова: Тешабоевнинг рўйхатига бир йил олдин кирганмиш. Тешабоев ўзи билармиш. Ие¸ жуда қизиқ гап бўлди. Қисқасичи¸ Тешабоев жуда ҳам анақа экан¸ тушунмадим мен. Лекин нима қилай? Худога солдим. Менинг шикоят қилиб борадиган катта амаким йўқ¸ орқамда бойвачча тоғам йўқ. Кечирасизу¸ менинг ҳеч қанақа акахон ўйнашим ҳам йўқ. Мен оддий ўзбек аëлиман. Оилада иккита фарзандим бор. Зато жуда кучли аëл эдим. Афсуслар бўлсинки¸ мен Ўзбекистоннинг равнақи учун жонимни берардим. Мен тўрт сўм пулга зор бўлиб сотиладиган аëл эмасман Худога шукур.

Озодлик: Тақдирга тан бердингизми ëки курашингизни давом эттирасизми?

Комила Содиқова: Давом эттираяпман. Энди сайлов ўтиб олсин¸ Тешабоевни конституциявий судга бермоқчиман. Менда телеграммалар бор. Тешабоевдан жавоб хати олмадим. Шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш бир ой эди. Икки ойдан бери менинг аризамга жавоб бермаяпти. Шунинг учун мен Тешабоевни жавобгар қилиб¸ даъво қўзғатаман. Тешабоев менга туҳмат қилиб қаматиб ëки ўлдиртириб юбормаса¸ уни ейман.

Озодлик: Тешабоев сизни рўйхатга қўшганда ҳам бу сайлов¸ сайловда ҳар қалай халқ сайлаши керак¸ дейилади. Халқ ҳукмига чиқарилсангиз¸ ундан ўта олишингизга ишончингиз комилмиди?

Комила Содиқова: Ўта олиш-олмаслигимни¸ авваламбор Оллоҳ билади. Иккинчи ўринда¸ мен Асака халқига бориб¸ биринчидан¸ отамнинг кимлигини Асака халқи билади. Менинг отам вафодор¸ халқига¸ ватанига мард ўзбек ўғлони эди. Отамнинг ҳурматидан¸ ўзимнинг билимларимдан¸ ваъдаларимдан халқнинг ишончига кириб¸ ватанга¸ партияга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартиришга¸ Худо хоҳласа¸ бел боғлаб қўлимдан келар эди. Мен ўзимга ишонаман. Билимим ҳам етади¸ онгим ҳам зўр¸ чиройим ҳам жуда зўр. Тўмарис¸ Барчинойдек гўзал¸ ҳурлиқо аëлман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG