Линклар

"Умаров учун раҳмат¸ қолганлар қачон озод этилади?"


Санжар Умаров ўз коалицияси ташкил этилиши билан Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш таклифини ўртага қўйган эди.

Санжар Умаров ўз коалицияси ташкил этилиши билан Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш таклифини ўртага қўйган эди.

"Серқуëш Ўзбекистон" коалицияси раҳбари Санжар Умаровнинг озод этилганини олқишлай туриб Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти¸ Ўзбекистон қамоқхоналарида ўта аянчли вазиятда қолаëтган бошқа сиëсий маҳбусларнинг ҳам зудлик билан озод қилинишини сўради.

“Ўзбек сиëсий мухолифати етакчиларидан бири Санжар Умаровнинг шу ой бошида муддатидан аввал қамоқдан озод этилиши ижобий ҳодиса. Аммо Умаров саломатлигининг ëмонлашгани ва унинг қамалишига асос бўлган сиëсий мотивлардаги айбловлардан оқланмагани Ўзбекистон ҳукуматининг мунтазам репрессив табиатини яна бир бор очиқ намойиш қилади”¸ дейилади Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг 30 ноябр куни эълон қилинган баëнотида.

- Санжар Умаровнинг ортиқ темир панжара ортида эмаслигидан бениҳоя хурсандмиз¸ аслида умуман қамалмаслиги лозим бўлган бу одам жуда қаттиқ азият чекди¸ дейилади ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиë бўйича директори Ҳолли Картнер имзо қўйган баëнотда жумладан.

“Умаровнинг саломатлигининг оғирлашгани айни пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаëтган маҳбуслар¸ хусусан Ҳюман Райтс Уотч вазиятини мунтазам равишда кузатиб келаëтган ўндан ошиқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари аҳволининг ўта аянчли эканини яна бир бор кўрсатди. Бу маҳбуслар қамоққа ташлангандан бери улар соғлиғи жиддий ëмонлашиб бормоқда”¸ дейилади ташкилот баëноти давомида.

- Умаров тақдири¸ биринчи галда¸ Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиëсий маҳбуслар яшаëтган даҳшатдан берилган қўрқинчли огоҳлантирув ва бу маҳбусларнинг зудлик билан¸ ҳеч қандай шартларсиз озод этилишининг нақадар долзарблигидан эслатмадир¸ дейилади Ҳолли Картнер қўл қўйган баëнот давомида.

“Серқуëш Ўзбекистон” коалицияси раҳбари Санжар Умаров ўзига тайинланган 7 йиллик қамоқ жазосининг 4 йилини ўтагач¸ 15 ноябр куни ҳукумат амнистиясига мувофиқ кутилмаганда қамоқдан озод этилди¸ 21 ноябр куни эса¸ оиласи ëнига¸ АҚШ га олиб келинди.

2005 йил 13 май куни Андижонда рўй берган қонли воқеалардан кўп ўтмай таъсис этилган “Серқуëш Ўзбекистон” коалицияси раиси Санжар Умаров 2005 йилнинг октябр ойида АҚШ дан қайтаëтиб¸ ҳибсга олинган эди. 2006 йилнинг март ойида у қатор иқтисодий жиноятлар¸ хусусан давлат пулини талон-тарож қилганлик¸ солиқ тўламаганлик каби жиноятларда айбдор деб топилиб¸ аввалига 14 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Кўп ўтмай бу ҳукм юмшатилиб¸ унга 14 йил ўрнига 7 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди.

Қамоқдалик пайтида Санжар Умаровнинг қийноққа солингани¸ хусусан унга турли руҳий босимлар бўлгани айтилади.

Қамоқдан озод этилганидан бери оммавий ахборот воситалари вакилалри билан сўзлашишни истамаëтган Санжар Умаров оиласи ўз матбуот вакили орқали Озодликка¸ Умаров ва яқинларининг АҚШ ҳукумати¸ хусусан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд¸ қолаверса Ўзбекистон ҳукуматидан миннатдорлигини маълум қилди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматидан сиëсий маҳбуслар¸ жумладан Солижон Абдураҳмонов¸ Аъзам Фармонов¸ Носим Исоқов¸ Ғайбулло Жалилов¸ Алишер Кароматов¸ Жамшид Каримов¸ Норбой Холжигитов¸ Абдурасул Худайназаров¸ Ғанихон Маматхонов¸ Фарход Мухторов¸ Ҳабибулла Оқпўлатов¸ Йўлдош Расулов¸ Дилмурод Саййид ва Аъзам Турғунов каби ҳуқуқ фаолларининг зудлик билан озод этилишини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG