Линклар

Эркин микрофон - Сичқон ҳассага таянадиган "жаннат"

  • Барно Анвар

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Қўқонлик Акрам Воҳидовнинг¸ Ўзбекистон халқи жаннатда яшамоқда¸ ташқаридагилар эса бу жаннатни кўролмаëтир¸ деган мазмунда Озодлик шаънига қилган танқидига жавоб берган айрим ўзбекистонликлар бу жаннатни шундай тасвирладилар.

Иссиғу ëруғсиз жаннат....

“Эркин микрофон” эшиттиришига Россиядан телефон қилган, асли қорақалпоғистонлик Кенжабой Жуманиёзов Озодликнинг айни эшиттиришида сўзлаётган ҳамюртларининг газ ва чироқ йўқлиги ҳақидаги мурожаатларига муносабат билдира туриб, ўтган йили қишда ўзи билан содир бўлган бир воқеани сўзлаб берди.

Маълум бўлишича, Жуманиëзов яшайдиган туман Ички ишлар бошқармаси уни газ ҳақини тўламагани учун уч ой ҳибс қилинган экан.

Кенжабой Жуманиëзов:
Кеча фарғоналик битта киши “Ўзбекистон жаннат” деди. Ўзбекистон қанақасига жаннат у? Савдогарларга¸ бой-бадавлат бўлса¸ шунга жаннат. Камбағаллар борку¸ паст фуқаролар шулар учун жаннат эмас. Мана бизда Қорақалпоғистонда¸ ҳамма жойда шу: газ¸ свет умуман йўқ десангиз ҳам бўлади. Бор жойида бор¸ йўқ жойида йўқ. Даже ўтин¸ кўмир деган нарсанинг ўзи йўқ. Ойига 200 доллар ойлик бор деяпти. Қоғозда ëзилади у. Уни олаëтган одам йўқ. Қорақалпоғистонда ҳам шу. Ўтган йил мен шу нарсанинг қурбони бўлдим. Мен газга тўлмаганман. Қарз кўпайиб кетган. Менга яна фоиз миндириб юборишган. Тўламаганлигим учун мени уч ойга қамаб қўйишди.

Озодлик: Газ билан светга тўламаганингиз учун қамаб қўйишдими?

Кенжабой Жуманиëзов: Ҳа. Штрафни ҳам тўладим¸ ўтириб ҳам чиқдим. “Газга пул тўламаганингиз учун¸ қарзингизни узмаганингиз учун” деяптида.

Озодлик: Суд бўлдими ëки ҳибсхонада ўтирдингизми?

Кенжабой Жуманиëзов: Ëпиқ суд бўлди. Бир мартамас¸ икки мартамас огоҳлантиришдида бизни. Мен йўқманку. Мен уйда бўлмайманда. Йилига бир марта уйга бораман.

Озодлик: Оилангиз у ëқда уйда яшаяптими?

- Ҳа¸ яшаяпти. Улар газга пул тўлай олмаган. Нафақадан ўтиб турган. Нафақа берадиган почта унинг кўпини ўтказмаганда. Шу билан кўтарилиб кетган¸ дейди қорақалпоғистонлик Кенжабой Жуманиëзов.


Камбағаллик суратига чизгилар


Наманган вилоятидан телефон қилган суҳбатдошимиз ҳам душанба куни ҳавога узатилган “Эркин микрофон” эшиттиришида сўзлаган қўқонлик тингловчи Акрам Воҳидов фикрларига муносабат билдирди.

У ўзи ва ён-берисида яшаётган 20 га яқин оиланинг бугунги аҳволини бир-бирига қиёслаб, келган хулосаларини тилга олди.

- Қийналиб қолдик¸дейманда. Битта ўзбек халқи ўртача меъëрида энг камбағалининг уйида битта сигир бўлиши керак. Эрталаб сут-қатиқ ичиш керак. Обедда тухум ейиши керак. Беш-олтита товуғи бўлиши керак. Товуғидан тухум олиб тухум қовуриб ейиши керак. Тўрт томонимда ҳам бирортасининг уйида мол йўқ¸ қўй йўқ.

Озодлик: Шунчаликка тушиб қолганми маҳалла? Қайси маҳаллада турасиз?

- Наманганда тураман. Қўшнимнинг 20-30 тасини биламан. Маҳалламизда моли бор¸ қўйи бор одам йўқ. Товуғи бор одам бор¸ қўшнимиз. Мен энг камбағал одамнинг ўртача яшаш меъëрини айтмоқчиманки¸ мана шу кунда битта сигири¸ тўртта қўйи¸ беш-олтита товуғи бўлиши керак. Эски бир Жигулими¸ Москвичми бўлиши керак. Ҳамма хонадонда машина йўқку. СССР пайтида 10 тадан мол бўлган. 20 тадан қўй етаклаганмиз. Ўзимизнинг уйимизда тўртта-бешта буқа бўлган. Ҳозир унақа нарса йўқ. 40 литр 40 литр ëғлар бўлган. Ҳозир бир баклашка бор. Беш литрлаб ëғ олиш¸ қоплаб ун олиш йўқ. Килолаб ун оламиз. Ўзбекистон шунчалик жаннатмакон бўлса¸ мен ўзимни ўйламаяпман¸ мен халқни¸ ватанни ўйлаяпман. Биз ниҳоятда фаровон яшашимиз керакда. Янги президент бўлган пайтда “бир йиллик пахтанинг пулига уч йил яшаймиз” деган эди. Ер ости¸ ер усти бойликларини гапирмаса ҳам бўлади. Газ¸ свет¸ сув ҳаммаси биздан чиқади. Мен Россияга бордим¸ бошқа ëқларга бордим. Бизники сингари жаннатмакон жой йўқ¸ лекин лаззатини ким тортаяпти билмаймизда. Халқ қийналаяпти¸ халқ. Ҳаëт ҳақиқатан яхши¸ кўринишидан чиройли¸ лекин кўпчилигининг уйида сичқон ҳассага таяниб туради. Ҳаммасини айтмоқчи эмасман. Бойлар ҳам бор¸ лекин 90 фоиз одам синди¸ дейди наманганлик суҳбатдошимиз.

"Водий билан Хоразмда бизникидан беш баттар"

Қўқонлик Акрамжон аканинг ўзбекистонликларнинг жаннатда яшаëтгани ҳақдаги гапларига эътироз билдирганлардан яна бири¸ қашқадарёлик Абдулла ака шундай фикрда.

Абдулла ака: Мана шу кишининг фикрларига қўшилмайманда. “Бизларда ҳамма яхши яшайди” деб фикр билдирдилар. Буни миллионлаб ташқарига чиқиб кетган ўзбекистонликлар исботлаб турибдику. У кишида озроқ бўлса ҳам виждон бўлса эди¸ бу гапларни гапирмас эдилар¸ демоқчиман. Озодлик радиоси менга ўхшаган оддий халқнинг фикрини кўп айтади. Тўғрими¸ йўқми¸ ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Мисол учун мен гапираяпман¸ мен ўзим учун жавоб бераман. Айтмоқчиманки¸ шундай инсонлар борлигидан инсон хафа бўлиб кетадида. Холис фикр билдирсалар ҳам бунчалик бўлмас эдида. Ўзбек халқи яхши яшаяпти¸ дейиш нотўғри хулоса. Буни оддий ўзбекистонликлар ҳам билади.

Озодлик: Балки Қўқонда ростдан ҳам ҳаëт яхшидир? У кишининг оиласида¸ маҳалласида ҳақиқатан ҳаëт яхшидир? Шунақа бўлиши мумкин¸ деб ўйламайсизми?

- Мен тексариси деб ўйлайман. Водийда учта вилоятда 9 миллион аҳоли яшайди. Водийга тўйга бориб келаëтганлар бор¸ шофëрлар бор. Ўшалардан сўрайманда. Водий билан Хоразмда бизникидан беш баттар дейди. Уларга нисбатан турмуш даражамиз яхшироқ эканда. Ўзбекистоннинг 70-80 фоизини десам лоф бўладию¸ 50 фоизини ўзимнинг қишлоғимдан биламан. Бир ойда бир кило гўшт олиб ея олмаëтган инсонлар борда. Бизда 50 фоиз бўлса¸ водийда бунақа инсонлар кўпроқ демоқчиман¸ дейди қашқадарëлик Абдулла ака.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG