Линклар

"Умидчи"лар Каримов умидини оқламади

  • Ҳурмат Бобожон

90-йилалр охирида Ислом Каримов ўзбек ëшларини хорижда илм ўрганишга даъват қилишга қаттиқ киришган эди.

90-йилалр охирида Ислом Каримов ўзбек ëшларини хорижда илм ўрганишга даъват қилишга қаттиқ киришган эди.

Ўзбекистонга қайтиб¸ давлатга астойдил хизмат қилади¸ деган шарт билан хориж олийгоҳларида ўқишга юборилган ўзбек ëшларининг аксари ватанга қайтишни истамади. Бунинг учун улар оилалари ҳамон товон пули тўлашга мажбурланмоқда.

1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш иқтидорли талабаларни хорижга ўқишга юборишни қўллаб-қувватловчи "Умид" жамғармаси ташкил этилган эди. Кейинчалик истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш мақсадида "Истеъдод" жамғармасига айлантирилган мазкур тузилма орқали кўпчилик ёшлар хорижга таълим олиш учун кетишди.

Бироқ уларнинг кўпчилиги турли сабабларга кўра юртга қайтишмади. Кимгадир хориждаги фаровон ҳаёт ёқиб тушган бўлса, кимдир Ўзбекистондаги давлат идорасида кам ойликка ишлашни хоҳламади. Яна кимдир ўз истиқболини хорижда ёрқинроқ тасаввур қилди.

Эндиликда жамғарма чет давлатларда қолиб кетган ўша талабаларнинг ота-оналаридан ўқишга сарфланган маблағларни қайтаришни талаб этмоқда.

Тошкент шаҳрида яшовчи Ҳамида опанинг фарзанди саккиз йил аввал "Умид" жамғармаси орқали Буюк Британиянинг Манчестер университетига ўқишга кетиб, ўша ерда жойлашиб қолган.

Унинг ўғлини хорижда ўқитган жамғарма энди ўша талабанинг онасидан 35 минг АҚШ доллари ёки 60 миллион сўм талаб қилмоқда.

- Улар 60 миллион харажат қилмаганда. Нархини айтишса¸ биз тўлаймиз. Ҳамма бола қатори менинг болам ҳам у ёқда қолиб кетган. 800 нафар бола қолиб кетганку, менинг болам ҳам қолиб кетган, дейди Ҳамида опа.

“Эзгулик” жамиятига кўра, шунга ўхшаш тўполонлар ўнлаб, балки юзлаб хонадонларда кечмоқда. Ташкилот вакили Абдураҳмон Ташановга кўра, “Умид” жамғармаси орқали чет элларга ўқишга кетган юзлаб талабалар ўша давлатларда қолиб қолишмоқда.

- "Умид" жамғармасининг грандлари билан ўқиб келган жуда кўп талабаларни биламан. Улар бу ерда энг паст ойликларга ишлашга мажбур бўлишаяпти. Болалар ўзининг истиқболини кўрмаяпти. Бу ерда қандайдир тил билган болалар ўсаëтгани йўқ. Кимнингдир эркатойи бўлган¸ орқаси бақувват бўлган болалар ўсиб кетаяпти. Ўзбекистондаги ҳаëтни улар кўриб турибди. Шу боисдан улар Ўзбекистонга келишга иштиëқ қилишаëтгани йўқ. Мен жуда кўпчилигини жуда яхши танийман¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

1997 йилда ташкил топган Ўзбекистон президентининг ёш иқтидорли талабаларни хорижга ўқишга юборишни қўллаб-қувватловчи “Умид” жамғармаси орқали қанчалаб умидчилар чет элдан не-не умидлар билан уйига қайтди, ишга жойлашди. Қарасаки, у орзу қилган жой эмас, янгилик яратишга йўл йўқ, бюрократик тўсиқлар. “Умид” жамғармаси орқали АҚШда ўқиб Ўзбекистонга қайтган Мардон ўз келажагини Америкада яқинроқ тасаввур қилишини айтади.

- Студентларга белгиланган иш жойлари уларнинг чет элда олган билимларига мос келмаган. Мукаммалроқ¸ қийинроқ ишни қилишга ўргатилган¸ малака олиб келган студентларга оддий иш таклиф қилинган. Уларга чет элдан олган билимларини қўллашнинг имконияти бўлмайдиган иш таклиф қилинган¸ дейди Мардон.

“Умид” жамғармаси орқали хорижда ўқиб қайтган ёшлар 5 йил давомида Ўзбекистоннинг турли идораларида ишлаб беришлари заруратини ҳам олишган. Шартнома шартига кўра, давлат гранди билан хорижга йўл олган талабалар мамлакат истиқболи учун хизмат қилиши, аксинча, уларнинг таълим олиши учун кетган маблағ давлатга қайтарилиши лозим эди.

- “Умид” фонди танловларидан ўтиб¸ “Умид” фонди стипендианти бўлган барча талабалар “Умид”фонди билан шартнома тузишган. Агар студент шартнома шартларига риоя қилмаса¸ ўша студентга сарф қилинган барча харажатларни “Умид” жамғармасига қайтариб тўлаб бериш мажбуриятини олишган. Шу билан бирга ўша студентнинг Ўзбекистондаги ўқув юрти ректори ҳам жавобгар бўлиб қўл қўйган. Агар студент шартнома шартларини бузса¸ унга сарф қилинга пулларнинг барчаси ота-онаси ҳамда университет томонидан тўлаб берилиши керак бўлган¸ дейди Мардон.

Кимлардир ўқиш учун кетган маблағларни давлатга тўламай ўзлари билим олган давлатларда қолиб қолишди, кимлардир шартномада белгиланганидек Ўзбекистондаги давлат идораларида беш йил ишлаб, кейин чет давлатларга равона бўлишди.

Тошкентлик Нодир ҳам “Умид” жамғармаси орқали Британияда ўқиган. Ўзбекистонга қайтганидан сўнг университетда беш йил ишлаб бериб¸ яна Лондонга қайтганини айтади.

Нодир: Мен ишлаб берганман. Қутулди¸ деган қоғоз чиққан.

Озодлик: Шунақа махсус қоғоз берадими?

- Ўзининг комиссияси бор¸кимлар қутулган бўлса¸ қутулди деб ëзиб беради¸ дейди Нодир.

“Умид” жамғармаси бугунги кунда истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармасига айлантирилган. Ушбу муассасага телефон қилиб, нима сабабдан ўзбекистонлик талабалар Ўзбекистонда ишламай, ўзлари таҳсил олган чет мамлакатларга қайтиб кетаётгани юзасидан муносабат сўрадик.

- Қолиб кетганларини билмайман. Бу ерда қолиб ишлаëтганларни текширишади. Биз ўшани мониторинг қиламиз. Ҳозир ўша "Умидчи"ларни текширгани кетишди. Ишлаяптими¸ ишламаяптими текшириб келгани чиқиб кетишган экан. Ўшани биз мониторинг деймиз¸ дейди “Истеъдод” жамғармаси вакили.

Айни пайтда “Истеъдод” жамғармасининг ўзидаги ўйинлар, талон-тарожликлар фош бўлиб, маъмурият мансабни суиистеъмол қилиш¸ мансабга совуққонлик билан ëндашиш айблари билан жиноий жавобгарликка тортилган, тергов ҳаракатлари бормоқда, дейди “Эзгулик” вакили Абдураҳмон Ташанов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG