Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:39

Тошкент қароридан Бишкек бехабар


Ўзбекистон жорий йилнинг 1 декабрдан бошлаб Марказий Осиё ягона энерготизимидан расман чиқишини эълон қилган бўлса-да, Қирғизистон энергетиклари ўзбек ҳамкасбларидан бу борада бирор-бир маълумот олмаганини айтмоқдалар.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли расмийси Хусрав Ғоибов Ўзбекистон расмийлари қарорини қўшни давлатларга босим ўтказиш мақсадида қабул қилинган “сиёсий чора” дея баҳолади.

- Биз буни қўшни давлат томонидан кўрилган сиёсий чора, деб биламиз. Ҳар бир суверен давлат ҳукуматлараро келишувларда иштирок этиш ёки ундан чиқиш ҳуқуқига эга экани ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Бироқ ҳозирги замон халқаро нормалари бошқа давлатлар манфаатларига зарар етказадиган сиёсий қарорларни қўллаб-қувватламайди, деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги рамийси.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ягона электр тармоғида муҳим аъзо ҳисобланади. Боиси Қирғизистон ўзининг Жалолобод вилоятидан Ўш ва Боткен вилоятларига электр қуввати узатишда Ўзбекистоннинг электр линияларига қарам. Айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон қиш фаслида Ўзбекистондан электр сотиб олади.

Қиш фаслида электрга ортган талабни қондириш учун Тожикистон Туркманистондан сотиб оладиган 1,2 миллиард киловатт/соат электр ҳам Ўзбекистоннинг электр линиялари орқали ўтади.

Тожикистон Туркманистон билан чегарадош бўлмагани учун Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг ягона электр тармоғидан чиқиши Тожикистонни ҳаётий аҳамиятга эга бўлган электр қувватидан мосуво бўлишини англатади.

Ўзбекистон расмийлари Марказий Осиёнинг ягона электр тармоғидан чиқиш қарорини Совет Иттифоқидан қолган бу тармоқнинг “эскиргани ва ишончли эмаслиги” билан изоҳлаган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг электр тармоғи тизимида бир миллиард доллардан ортиқ сармоя ётқизган ва мамлакат жанубини электр билан таъминлашда қўшни давлатларга қарамликдан қутулган.

“Қирғизистон Электр тармоқлари” ширкати директори ўринбосари Аман Жапаров 1 декабр куни Озодликка берган интервьюсида Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ягона электр тармоғидан чиққани ҳақида маълумот олмаганини айтди.

- Ҳозирча бизга бундай маълумот келмади. Ҳозиргина Марказий диспетчерлик хизмати билан сўзлашдим. Бироқ ҳозиргача бу ҳақда маълумот олмадик, деди Қирғизистон Электр тармоқлари директори ўринбосари Аман Жапаров.

Айни пайтда Қирғизистон Энергетика вазири Иляс Давидов Ўзбекистон энергетик тизими 2 декабр куни ҳам Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари энерготизимлари билан параллел тартибда ишлашда давом этганини маълум қилди.

Ҳозирга қадар Марказий Осиёнинг ягона электр тармоғига Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо бўлиб келган. Туркманистон 2003 йилда Марказий Осиёнинг ягона электр тармоғидан чиққан.
XS
SM
MD
LG