Линклар

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган “Данак” Халқаро болалар фестивалида Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари билан бир қаторда илк бор қўшни Ўзбекистоннинг ёш санъаткорлари ҳам иштирок этди.

“Данак” Халқаро мусиқали телевизион фестивали мувофиқлаштирувчиси Наим Ҳакимовнинг айтишича, Ўзбекистон вакилларининг фестивалда иштирок этиш-этмасликлари сўнгги кунгача аниқ эмас эди.

- Биз ўз тарафимиздан Ўзбекистонга таклифномалар жўнатдик, телефон орқали ҳам суҳбатлашдик. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ходимлари билан ҳам фестивал программаси ва унда кимлар қатнашиши ҳақида келишиб олинган эди. Бироқ жавоб фақат 30 ноябр куни олинди ва ўша куннинг ўзидаёқ ўзбекистонликларни чегарада кутиб олдик, дейди Наим Ҳакимов.

Ўзбекистон ёш санъаткорлари раҳбари, республика маориф аълочиси Гулнора Умарова-Мухторованинг айтишича, фестивал яна бир бор санъат, маърифат ва маданият учун чегара йўқлигини намойиш этди.

- Авваламбор шуни айтмоқчиманки, мезбонлар бизни тожик-ўзбек чегарасида гуллар ва карнайлар билан кутиб олишди. Фестивалга келганимиздан жуда хурсандмиз. Бугунги болалар байрамига Тошкентдаги Ҳамза Ҳакимзода номли коллеж талабалари билан келдик. Талабалар биринчи марта ана шундай анжуманда иштирок этишди. Назаримда мана шундай анжуманлар ва учрашувлар орқали биз илгариги дўстлик алоқаларини яна қайта тиклашимиз лозим. Агар келгуси йили фестивал яна Тожикистонда ўтадиган бўлса, биз албатта келамиз, деди Гулнора Умарова-Мухторова.

Фестивалда иштирок этаётган бошқа республикалар ёш санъаткорлари ўз қўшиқларни асосан ўз миллий тилида ижро этди. Бироқ Ўзбекистон вакиллари ўз санъатларини турли тилларда намойиш қилди. “Бунинг сабаби нимада?” деб сўраймиз ўзбек делегацияси раҳбаридан.

- Назаримда, фестивалнинг асосий мақсади ҳам халқларни бирлаштиришдан иборат. Агар эътибор берган бўлсангиз, йигит-қизларимиз ўзбек, инглиз, татар, украин тилларида қўшиқлар айтишди. Корейс рақси ижро этилди. Айтмоқчиманки, қўшнилар билан иноқ ва ахилликда яшамоқ керак. Чунки биз тожику ўзбек, қозоғу қирғиз, туркману рус доим аҳилликда, яхши қўшничиликда яшаб келганмиз, дейди Гулнора Умарова-Мухторова.

Фестивалда қатнашаётган Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Сабоҳат Нажмиддинова ҳам ўзбекистонлик ёш санъаткорлар маҳоратини кўришга келган.

- Назаримда, болалар учун ҳеч қандай чегара бўлмаслиги керак.Фестивалда Ўзбекистон ёш санъаткорлари иштирок этишларини орзиқиб кутган эдим. Чунки қўшни республикада ёш талантлар жуда кўп. Бугун фестивалда ўзбек болаларининг санъатини томоша қилиб, бунга яна бир бор амин бўлдим.Ўзбеку тожик тирноқ ва эт сингари бир-бирига қовушиб кетган миллатлар. Биз ҳеч қачон бир-биримиздан ажрамаслигимиз керак, дейди Сабоҳат Нажмиддинова.

Санъат кўриги ташкилотчиларининг айтишларича, бу йилги фестивалда ғолибларни аниқламасликка қарор қилинган. Ташкилотчиларга кўра, фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсадга эришилди – ёш санъаткорлар ўртасида дўстлик ришталари боғланди.
XS
SM
MD
LG