Линклар

logo-print

Ғарб давлатлари Обама режасини олқишладилар


АҚШ иттифоқчилари президент Барак Обаманинг Афғонистонга қўшимча 30 минг ҳарбий юбориш тўғрисидаги қарорини олқишламоқдалар.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен АҚШ иттифоқчилари Афғонистондаги миссияга салмоқли ҳисса қўшажакларини маълум қилди.

Расмуссен, шунингдек, альянсга аъзо давлатларнинг Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юборишига умид қилаётганини билдирди.

- Иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимизнинг эндиликда салмоқли ҳисса қўшишини мен тасдиқлайман. 2010 йилда миссия иштирокчилари Афғонистонга қўшимча 5000, балким бунга қўшимча яна бир неча минг ҳарбий юборадилар, деди НАТО Бош котиби.

Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун иттифоқчи давлатларни Обама стратегияси атрофида бирлашишга чақирди. Браун яқинда Афғонистонга 500 нафар ҳарбий юборишга ваъда берган.

Франция президенти Николя Саркози Обама стратегиясини қўллаб-қувватлашини билдириб, Франция ҳукумати Афғонистонга ҳарбий куч юбориш масаласини келаси ой Лондонда ўтказилажак халқаро анжумандан сўнг кўриб чиқишини маълум қилди. Айни пайтда Германия канцлери Ангела Меркел ҳам ўз ҳукумати бу борада Лондон анжуманидан сўнг қарор қабул қилишини билдирди.

Ҳозир Афғонистонда 70 мингга яқин америкалик ва 40дан зиёд давлатдан келган 42 мингга яқин аскар хизмат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG