Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:12

Тожикистон қишга яна энергетик муаммолар билан кирди


Сангтўда-1 ГЭСи шу кунда аввалги 5,4 миллион кВт/соат ўрнига эндиликда бир кеча-кундузда 2,7 миллион кВт/соат электр ишлаб чиқармоқда.
Сангтўда-1 ГЭСи шу кунда аввалги 5,4 миллион кВт/соат ўрнига эндиликда бир кеча-кундузда 2,7 миллион кВт/соат электр ишлаб чиқармоқда.

Тожикистондаги Сангтўда-1 ГЭСи тўрт агрегатидан учтасининг фаолияти 2 декабрдан эътиборан тўхтатилди. Юзага келган вазият, мутахассислар фикрича, Тожикистондаги энергетик бўҳронни янада кучайтириши мумкин.

Бундан буён Сангтўда-1 ГЭСининг тўрт агрегатидан фақат биттасигина ишлашини билдирган ГЭС масъуллари ўз қарорларини иншоотда техник таъмирлаш ишлари олиб борилиши зарурати туғилгани билан изоҳламоқдалар.

Аввалроқ, аниқроғи, жорий йил 13 ноябрида Сангтўда-1 ГЭСи масъуллари Тожикистон бош вазири Оқил Оқиловга расмий мактуб йўллаб, “Барқи тожик” ширкати фойдаланилган электр учун 42 миллион сомоний (тахминан 9,5 миллион доллардан кўпроқ – таҳр.) қарзни 1 декабргача тўламаган тақдирда, ГЭС фаолияти тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган эдилар.

Аснода “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкат расмийси Нозиржон Ёдгорий Сангтўда-1 ГЭСининг уч агрегати бугундан бошлаб электр ишлаб чиқармаётганидан хабарсизлигини билдирди.

- Бу борада бизни ҳеч ким огоҳлантиргани йўқ. Сабабларини эса, менимча, уларнинг ўзидан сўраб билиш керак. Электр учун қарзни биз ҳар кварталда тўлаб бораяпмиз, деди Нозиржон Ёдгорий.

Расмий ўз ширкати Сангтўда-1 ГЭСи олдидаги қарзини келгуси йил март ойига қадар батамом тўлашини маълум қилди. Ёдгорийга кўра, ҳозиргача “Барқи тожик” ширкати ўша қарзнинг 5 миллион сомонийсини (1 миллион 145 минг доллар – таҳр.) узиб бўлган.

Сангтўда-1 ГЭСининг исми ошкор этилмаслигини сўраган масъулларидан бири Тожикистонда электр тақчиллиги назарга олинган ҳолда ГЭС фаолияти батамом тўхтатилмай, чекланган режада фаолият қилишга қарор қилинганини айтади. Россиялик энергетик Тожикистон ширкати қарзларни тўлаш масаласида ҳар гал қуруқ ваъдадан нарига ўтмаётганини билдирар экан, йиғилган қарз батамом тўланмагунича Сангтўда-1 ГЭСи тўла режимда фаолият юритмаслигини қўшимча қилди.

Соҳа бўйича тожикистонлик мустақил таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддиновга кўра, ГЭСнинг уч агрегати тўхтатилиши ортидан электр ишлаб чиқариш икки бараварга камаяди. Яъни аввалги 5,4 миллион кВт/соат ўрнига эндиликда бир кеча-кундузда 2,7 миллион кВт/соат электр ишлаб чиқарилади.

- Тожикистондаги ҳозирги энергетик тақчиллик шароитида бу миқдор электр мамлакат эҳтиёжи учун кифоя қилади, дейишнинг ўзи кулгули. Масаланинг бошқа томони - россиялик энергетиклар қарзини талаб қилиб, йил давомида минг азоблар билан тўпланган сувни оқизиб юборишлари жиноятдан бошқа нарса эмас, дейди таҳлилчи Сайфиддинов.

Таҳлилчига кўра, агар Сангтўда-1 ГЭСи билан боғлиқ муаммо ҳал қилинмайдиган бўлса, мамлакатнинг ҳозирда автоном тарзда ишлаб турган Норак ГЭСи ишлаб чиқараётган электр олдинда турган қишда республика эҳтиёжини қондира олиши амримаҳол.

Эслатиш лозимки, Ўзбекистон 1 декабрдан бошлаб Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишини эълон қилиши ортидан Тожикистон томони “Жануб-Шимол” электр узатиш тармоғини ишга туширди.

Аммо, кузатувчилар фикрича, бу билан Тожикистондаги электр тақчиллиги муаммоси ўз ечимини топмайди.

Мазкур иншоот очилиш маросимида сўзлаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам айни шундай фикр билдириб, мамлакат энергетик бўҳрондан тезроқ ҳалос бўлиши учун Роғун ГЭСи тез фурсат ичида қурилиб, ишга туширилиши зарурлигини уқтирган эди. Бунинг учун эса, президент фикрича, “Тожикистондаги ҳар бир хонадон Роғуннинг 3000 сомонийдан кам бўлмаган акциясини сотиб олиши шарт”.

Аснода мустақил таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддинов аҳолисининг 75 фоизи қашшоқликда кун кечираётган Тожикистондаги оилалар учун Роғун акциясини сотиб олишни мажбурий қилиб қўйиш бориб турган адолатсизлик эканини айтади.

“Тожикистон ҳукумати миллий стратегик иншоот саналмиш Роғун акциясини хорижий ширкатларга сотишни истамайди. Сизнингча, унинг акциясини мамлакат аҳолисига сотиш адолатсизлик бўлса, унда Роғунни қайси маблағ ҳисобига қуриш лозим деб ўйлайсиз?” деб сўраймиз таҳлилчидан.

- Тожикистонда хорижий давлатлардагидан қолишмайдиган коттежлар қураётган, уч-тўрттадан енгил машиналар сотиб олаётган пулдорлар бор. Оддий халқ қора қозонини қайнатолмай хуноб бўлиб турган бир пайтда улар йилда икки марта хорижий давлатларда оиласи билан дам олиб қайтаётир. Ана ўшаларга юклаш керак бу мажбуриятни. Ўшалар қурсин Роғунни, агар заррача миллий ғурури бўлса, дейди мустақил таҳлилчи.

Сайфиддинов: “Ўзбекистон ёки бошқа қўшниларни ўз муаммоларимизда айблаш нотўғри, бунинг учун биз ўзимиз, энг аввало, юқоридагилар айбдор” дея қўшимча қилади.

670 мВт қувватга эга Сангтўда-1 ГЭСи Россия ва Тожикистон томонидан қурилган бўлиб, бу иншоот акцияларининг 75 фоизи Россияга тегишли.

Мазкур ГЭС қурилиши 2005 йил ёзида бошланган бўлиб, 2008 йил январидан электр ишлаб чиқара бошлаган эди.
XS
SM
MD
LG