Линклар

logo-print

НАТО Обама билан елкадош


Обама эндиликда НАТО даги иттифоқдошларидан Афғонистонда барқарорлик ўрнатишда ўзи билан елкадош бўлишни сўрамоқда.

Обама эндиликда НАТО даги иттифоқдошларидан Афғонистонда барқарорлик ўрнатишда ўзи билан елкадош бўлишни сўрамоқда.

АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчилари президент Барак Обаманинг Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юбориш тўғрисидаги қарорини олқишладилар.

Хусусан, АҚШ президенти Барак Обаманинг Афғонистонга оид янги стратегиясини олқишлаган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен альянсга аъзо бошқа давлатларнинг ҳам АҚШ каби Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юборишига ишонишини таъкидлади.

Расмуссен, шунингдек, Афғонистонга қўшимча аскар юборишга кўндириш мақсадида сўнгги бир неча ҳафта давомида НАТОга аъзо давлатлар билан сўзлашувлар олиб борганини билдирди.

Брюсселда журналистлар олдида чиқиш қилган Расмуссен Афғонистоннинг нафақат АҚШ¸ балки НАТОнинг барча аъзолари учун ҳам катта синов эканини алоҳида қайд этди.

- Бу биргина АҚШнинг уруши эмас. Ҳозир Афғонистонда бўлаётган воқеалар барча давлатларимиз фуқароларига таҳдид солмоқда, деди Андерс Фог Расмуссен.

НАТО Бош котиби фикрича, Афғонистондаги беқарорлик терроризм, исломий фундаментализм ва ноқонуний наркотик савдоси каби иллатларнинг урчишига хизмат қилади. Бу иллатлар эса НАТОнинг Европадаги ҳамкорларига салбий таъсир этмай қолмайди.

Барак Обама анчадан буён кутилаётган Афғонистонга оид ўз режасини Нью Йорк штатининг Уэст Пойнт шаҳарчасидаги ҳарбий академияда қилган чиқиши чоғида эълон қилди.

Оқ уй раҳбари Афғонистонда толибон ва Ал-Қоида жангариларига қарши кураш учун у ерга қўшимча 30 минг қўшин юборилишини билдирди. Бироқ Обама ўз маърузасида, янги режада 2011 йилдан бошлаб АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлаш ҳам кўзда тутилганини таъкидлади.

Айни пайтда НАТО Бош котиби АҚШ каби альянснинг бошқа аъзолари ҳам яқин келажакда Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юборишини таъкидлади.

- Иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимизнинг эндиликда салмоқли ҳисса қўшишини мен тасдиқлайман. 2010 йилда миссия иштирокчилари Афғонистонга қўшимча 5000, балким бунга қўшимча яна бир неча минг ҳарбий юборадилар, деди НАТО Бош котиби.

Бироқ ҳозирча қайси давлатларнинг Афғонистонга қўшимча аскар юбориши қороғулигича қолмоқда.

Буюк Британия ҳукумати Афғонистондаги ўз қўшинлари сонини 500 кишига оширишга ваъда берган. Полша ҳам 600 нафар ҳарбий юбориши мумкинлигини билдирган. Бироқ бир неча давлатлар, жумладан, Франция ва Германия ушбу масалада ҳозирча сукут сақлашни афзал кўрмоқдалар.

Франция президенти Николя Саркози Обама стратегиясини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ўз ҳукумати Афғонистонга ҳарбий куч юбориш масаласини келаси ой Лондонда ўтказилажак халқаро анжумандан сўнг кўриб чиқишини маълум қилди. Германия канцлери Ангела Меркел хоним ҳам ўз ҳукумати бу борада Лондон анжуманидан сўнг қарор қабул қилишини билдирди.

Келаси ҳафта эса Брюсселда НАТО Мудофаа вазирларининг учрашуви бўлиб ўтади. Унда АҚШнинг Афғонистонга оид янги стратегияси ва альянсга аъзо давлатларнинг Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юбориш каби масалаларининг муҳокама этилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG