Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:13

Даромаднинг 95 фоизи солиққа кетади


Бугун ўзбекистонлик аксар тадбиркорлар учун солиқ инспекторидан қўрқинчлироқ одам йўқ.
Бугун ўзбекистонлик аксар тадбиркорлар учун солиқ инспекторидан қўрқинчлироқ одам йўқ.

Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси ва PricewaterhouseCoopers аудиторлик компанияси дунё давлатларида солиқ тўлаш бўйича вазиятни таҳлил қилиб¸ Ўзбекистонни солиқ тўлаш қийин бўлган 10 давлат рўйхатига киритди.

“Солиқ тўлови 2010 - Глобал манзара” деб номланган ҳисобот аҳолиси сони тўрт миллиондан кўп бўлган давлатлардаги ўрта ва кичик ширкатлар учун белгиланган солиқларни таҳлил қилиш бўйича ўтказилган тадқиқотлар асосида тузилган.

Ҳисобот муаллифларидан бири ширкати вакили PricewaterhouseCoopers аудиторлик ширкати тадқиқотчиси Сюзан Саймон гапиради:

- Ҳисоботдан кўзланган мақсад солиқ соҳасида ислоҳотлар ўтказиш масаласини кўраётган ҳукуматларга ахборот орқали ёрдам беришдан иборат. Ҳукуматлар ўз солиқ тизимини бошқа давлатлар, жумладан қўшни давлатларнинг солиқ тизимларига таққослашида ёрдам бериш учун уларни маълумот билан таъминлаш лозим, деди PricewaterhouseCoopers аудиторлик ширкати вакили.

“Солиқ тўлови 2010” номли ҳисоботда Малдив ороллари, Қатар, Ҳонконг, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур, Ирландия, Саудия Арабистони, Уммон, Янги Зеландия ва Кирибати солиқ тўлови энг яхши йўлга қўйилган давлатлар деб тан олинган.

Рўйхатдаги ўринлар ҳар бир давлатдаги ўрта ва кичик ҳажмдаги ширкатлар учун солиқ тўлашнинг нақадар осонлиги, уларнинг йил давомида неча марта солиқ тўлаши, тўловлар учун қанча вақт сарфланиши ва неча фоиз солиқ давлатга тўланишига қараб белгиланган.

Масалан¸ Солиқ тўлаш осонлиги бўйича тузилган рўйхатда Ўзбекистон 183та давлат ичида 178-ўринни эгаллаган. Йилига неча марта солиқ тўлаш рўйхатида Ўзбекистон 183 давлат ичида 180-ўринни, солиқ тўлаш учун сарфланадиган вақт рўйхатида 145-ўринни ва неча фоиз солиқ тўланишига қараб белгиланган рўйхатда Ўзбекистон 176-ўринни эгаллаган.

Асосий мезонлар бўйича ҳисоботнинг солиқ тўлаш энг қийин 10 давлати рўйхатига киритилган Ўзбекистон¸ бу борадаги вазият бўйича Ямайка, Мавритания, Гамбия, Боливия, Ўзбекистон, Марказий Африка республикаси, Конго республикаси, Украина, Венесуэла ва Беларус билан қатордошдир.

- Ўзбекистон икки ўлчов, яъни, солиқ ставкаси ва тўловлар сони ўлчови бўйича солиқ тўлаш энг қийин бўлган 10та давлат рўйхатига киритилди, дейди ҳисобот муаллифларидан бири Сюзан Саймон.

Ҳисоботда ўрта ва кичик ҳажмдаги ширкатларнинг умумий солиқ ставкалари ҳам ўрганиб чиқилган. Унга кўра, дунё бўйича ширкатлар ўз даромадининг 48,3 фоизини давлатга турли солиқ шаклида тўлайди. Бу кўрсаткич Европа Иттифоқида 44,5 фоизни ташкил этади. АҚШда ширкатларга белгиланган умумий солиқ ставкаси 46,3 фоизни ташкил этгани учун АҚШ бу рўйхатда 118-ўринга қўйилган. Ўзбекистонда эса:

- Ўзбекистонда умумий солиқ ставкаси 94,9 фоизни ташкил этади. Бу юқори кўрсаткич бўлгани учун Ўзбекистон 183 та давлат рўйхатида 176-ўринга қўйилган, дейди Сюзан Саймон.

Ўзбекистонлик тадбиркорлардан бири фикрича, ўрта ва майда ширкатлар учун давлат томонидан белгиланган солиқ ставкалари юқори бўлгани учун ширкатлар учун ривожланиш ва фаолиятини кенгайтиришига имконият йўқ.

- Почти 95 фоизини олиб қўйяпти дегани жуда тўғрики¸ нимага бугунги кунда Ўзбекистондан тадбикорлар қочаяпти ва қочмаса ҳам умуман ишламай қўяяпти? Ҳақиқатда халқни боқиши мумкин тадбиркорлар. Давлат боқа олмайди лекин тадбиркорлар боқа олади. Шунга ҳам йўл қўймаяптида қаранг. Ҳамма фойдани почти олиб қўяяпти. Бу фойдани “бермайман” десангиз қутулмайсиз. Тадбиркорлар ривожланиши учун уларга тўсиқлар қўймасдан демократик давлатлар қайси фоизда тўловлар қўяëтган бўлса¸ ўша нарсани кенг кўламда қўйиб¸ мустақил ҳаракат қилишга йўл бериш керак. Mайли пулдан¸ бошқа нарсадан ëрдам бермасин¸ халақит қилмасим¸ тўсиқ қўймасин. Шунақа бўлса¸ Ўзбекистондаги тадбиркорлар иш қилади ва халқни боқади, дейди ўзбекистонлик тадбиркорлардан бири

Умумий солиқ ставкаси бўйича ҳисобот рўйхатида Қозоғистон 35,9 фоиз билан 66-ўринни, Қирғизистон 59,4 фоиз билан 153-ўринни, Тожикистон 85,9 фоиз билан 174-ўринга, Афғонистон 36,4 фоиз билан 71-ўринга қўйилган.

Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси ва PricewaterhouseCoopers аудиторлик ташкилотлари ҳамкорлигида бешинчи марта эълон қилинган ҳисоботда глобал молиявий бўҳрон шароитида солиқ тизими ислоҳотларига алоҳида эътибор қаратилган.

Сюзан Саймон Ўзбекистон ҳукумати ўз солиқ тизимини ислоҳ қилишда мазкур ҳисоботда келтирилган маълумотлардан фойдаланишига умид билдирди.

- Биз Ўзбекистон ҳукумати бошқа ҳукуматлар қатори ушбу маълумотларни кўриб чиқишига ва мамлакатда тадбиркорлик учун белгиланган солиқларни ислоҳ қилишда ундан фойдаланишига умид қиламиз, деди “Солиқ тўлови 2010” номли ҳисобот ҳаммуаллифи, PricewaterhouseCoopers аудиторлик ширкати вакили Сюзан Саймон.
XS
SM
MD
LG