Линклар

Сирдарёлик диндорларга қўпорувчилик айби қўйилмоқда


"Жиҳодчилар" деб аталаётган ҳамда давлат мулозимлари ва расмий диний ходимларга қарши суиқасд уюштиришга ҳаракат қилганликда гумонланаётган сирдарёлик диндорлар, яқинларининг айтишларича, бировга озор бермайдиган оддий намозхонлар бўлган.

"Жиҳодчилар" деб аталаётган ҳамда давлат мулозимлари ва расмий диний ходимларга қарши суиқасд уюштиришга ҳаракат қилганликда гумонланаётган сирдарёлик диндорлар, яқинларининг айтишларича, бировга озор бермайдиган оддий намозхонлар бўлган.

“Биродарлар” номли янги диний ташкилотга алоқадорликда айбланиб ҳибсда ушлаб турилган сирдарёлик олтмишдан зиёд намозхон йигит эндиликда “Жиҳодчилар” диний гуруҳига алоқадорликда айбланаяпти.

Сирдарёлик намозхон йигитларга қўйилган ном бошқасига алмаштирилгани ҳақида Озодликка ҳуқуқ фаоли Исроил Ризаев хабар қилди.

- Куни кеча биз диний мотивлар билан ҳибсга олинган йигитларнинг ота-оналари билан учрашган эдик. Улар олган адвокатларининг гапларига таяниб айтаяптики¸ ҳибсга олинган ëш намозхон йигитлар жамоасининг номи “Жиҳодчилар” экан. Тошкентдан олинган адвокатлар ҳам бир-икки марта вақтинча сақлаш изоляторларига кириб чиқишди. Улар суҳбатлашиб хабар олиб чиққан. Энди бу маълумотлар адвокатларга маълум бўлади. Улар айтаяптики, эндиликда гуруҳнинг номини “Жиҳодчилар” деб аташаяпти экан, дейди Исроил Ризаев.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, ҳибсга олинган йигитлар вилоятдаги иккита объектни портлатишни режалаштирганликда айбланаяпти.

- Биринчиси, вилоятимиз маркази Гулистон шаҳридаги вилоят прокуратураси олдига қандайдир портловчи модда қўйишмоқчи, деб айблов қўйган экан. Куни кеча иккинчиси маълум бўлдики¸ Ширин шаҳрида катта ГЭС бор. Бекобод билан чегарадош жойда. Ўша ГЭСни ҳам портлатмоқчи бўлган, деган айблов ҳам қўйилибди буларга, дейди ҳуқуқ фаоли.

Исроил Ризаевга кўра, “Жиҳодчилар” гуруҳига Авазбек Соипов исмли намозхон йигит раҳбарлик қилгани айтилаяпти.

Сирдарёлик 33 ёшли Авазбек Соипов уч фарзанднинг отаси. У савдогарлик билан шуғулланиб келган.

Авазбек жорий йилнинг 2 октябр куни ҳибсга олинган. Кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан унинг уйида тинтув ўтказилиб диний варақалар топилгани айтилган.

Ҳозирда Авазбек ҳибсга олинган сирдарёлик бошқа намозхон йигитлар билан биргаликда Сирдарё вилояти Хавос туманидаги тергов изоляторида сақланаяпти.

Авазбекнинг қайнонаси Раҳима Акбаровага кўра, куёвига нисбатан ҳибсхонада қийноқлар қўлланилмоқда.

- Турманинг деворлари ҳам гапираяпти-да. Бола шунақа қаттиқ азобда экан. Шунақа азобда эканки¸ ҳаттоки товонларига игна тиқишаяпти экан. Ҳатто товонлари қавариб кетганидан, юришнинг иложи бўлмаганидан судраб олиб чиқиб¸ судраб олиб киришаëтган экан. Шунақанги оғир азоб беришаëтган эканки¸ мен ҳеч қайси тил билан баëн этай. Ҳаттоки, токларга
ўтқазишибди. Орқа қисмидан ток беришибди. Боламни, энди билмадим, соғ-саломат кўришга имконимиз бўладими-йўқми... Аҳволи оғир. Жуда ҳам қаттиқ қийнашаяпти, деди Раҳима Акбарова.

Озодликка маълум бўлишича, ҳибсга олинган сирдарёлик йигитлар Ўзбекистон жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш), 244- модданинг иккинчи банди (Диний-экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбланаяптилар.

Қўлга олинган намозхон йигитлар дастлаб “Биродарлар” номли янги бир диний гуруҳга аъзоликда айбланган эди.

Мазкур ташкилот гўë ҳозирги ҳукуматнинг раҳбарларини, куч ишлатар салоҳиятга эга бўлган идора вакилларини, диний айбловларда айбланиб қамалаëтган йигитларга фатво бераëтган одамларни жисмонан йўқ қилишга ҳаракат қилган бир гуруҳ сифатида талқин этилганди.

Эндиликда эса сирдарёлик олтмишдан зиёд йигит “Жиҳодчилар” гуруҳига алоқадорликда айбланаяпти.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Тошпўлат Йўлдошев сирдарёлик йигитларга нисбатан айбловнинг бу каби алмашинувини шундай изоҳлайди.

- Агар шу гуруҳни “Биродарлар” ташкилотига бирлашди, дейдиган бўлса¸ бунинг тўқима экани билиниб қоларди. Энди Ўзбекистонда ҳамма биладики¸ одамлар бир-бирини биродар, деб чақиради. Бу анъанавий мурожаат услуби. Ҳуқуқ-тартибот органлари шу нарса ҳеч қанақа исботини топа олишига кўзи етмагандан кейин қанақадир айбни қўйиши керак. 60 кишини бегуноҳ қамаб қўйибди. Унга жавоб бериш керак. Адолатсиз ҳаракатларини оқлаш мақсадида уларни энди “жиҳодчилар”га чиқарди. Эртага балки уларни “Ўзбекистон исломий ҳаракати” аъзоларига чиқарар? Хуллас, ҳукумат ҳар қанақа айбни одамларга қўйиб¸ жамоатчиликни қўрқитиб юрибди. Ҳаммаси тўқима айблар. Ҳозирги ҳукуматнинг қилаëтган ишларининг ҳаммаси репрессияларни давом эттириб¸ халқни террор қилиб, қўрқитиб, уларнинг жимгина юришини таъминлаш, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Сирдарёлик 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган намозхон йигитлар жорий йилнинг октябр ойида ёппасига ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, ҳозирда ҳибсга олинган йигитлар сони 61 нафарга етган. Қўлга олинган йигитлардан икки нафари эса ҳибсдан озод қилинган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова Озодлик билан суҳбатда Сирдарёда намозхон йигитларларнинг оммавий ҳибсга олиниш ҳолатини инкор қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG