Линклар

27 декабр куни Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтказилди. Аммо бу "сайлов"да кимларнинг "ғолиб" бўлиши¸ айрим манбаларга кўра¸ бир йил олдин ҳал бўлган. Ҳали сайлов бўлмай туриб¸ депутатлик мандатини чўнтакка солганлар кимлар?

3 декабр куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 27 декабрга белгиланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги сайловларида қатнашиш учун 517 номзод расман рўйхатга олинганини эълон қилди.

Агар 150 ўринлик Қонунчилик палатасидаги 15 ўриннинг сайловларсиз янги ташкил этилган Ўзбекистон экологик ҳаракатига совға қилингани инобатга олинса¸ сайлов қолган 135 ўрин учун бўлади. 135 ўрин учун 517 номзод курашаëтган экан¸ демак 27 декабр куни рақобатли сайлов бўлади ва унда сайловчига ўрта ҳисобда 4 номзоддан бирини танлаш имкони берилади. Бу жараëннинг сиртдан кўриладиган расмий манзараси.

Аммо парда ортида бошқача жараëнлар борлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

- Сиз беш йил кеч қолдингиз. Тушундингизми. Уже ҳал бўлган бу масала.

Агар ўзини Ўзбекистон Либерал демократлар партияси аъзоси деб таништирган ҳуқуқшунос Комила Содиқовага ишониладиган бўлса¸ бу гапни мазкур партия раиси Муҳаммадюсуф Тешабоев депутатликка номзодини қўйиш истагини билдирган ўз аъзосига очиқ-ойдин баëн қилган.

Бундан эса¸ 27 декабр куни Ўзбекистон парламентига белгиланган сайловнинг шунчаки расмиятчилик экани¸ бўлажак парламент депутатлари аллақачон тайинлангани ҳақда халқ орасида кенг тарқалган ишончнинг бежиз эмаслиги аниқланади.

Бундан эса¸ ҳақли савол туғилади:

Бугун Ўзбекистонда парламент депутатлигига ким - қайси сифат ва жиҳатлари учун танланмоқда?


Гулчеҳра Нуруллаева¸ таниқли шоира жамоат арбоби:

Гулчеҳра Нуруллаева
Менинг шахсий кузатишларим бўйича депутатликка асосан тил жағи йўқ¸ ўзининг мустақил фикри йўқ¸ ҳеч ким билан олишмайдиган¸ юқоридагиларни безовта қилмайдиган¸ улар нима буюрса ўшани бажарадиган¸ силлиққина¸ сувдан сокин¸ майсадан паст одамлар белгиланади¸ танланади. Мен 20 йиллик кузатишларимда шунга амин бўлдимки¸ атрофдаги одамларнинг¸ ҳаммаҳаллаларининг¸ ҳамшаҳарларининг¸ ҳамюртларининг дарди учун куюнадиган одамлар депутатликка ўтмайди.

Менинг тушунишим бўйича шундай бир система ишлаб чиқарилганки¸ ҳамма томонни бизнинг ўзимиз эплаймиз¸ бу депутатлик шунчаки бир ўйин¸ шунчаки бир манзара¸ одамларни алдаш учун¸ депутат борми бор¸ ишлаяптими¸ ишлаяпти дейдиган бир тузумни кўз-кўз қилиш учунгина керак. “Амалда унинг бирор-бир фойдали нарсаларга хизмат қилишининг ҳеч қанақа кераги йўқ. Ҳамма масалаларни биз ўзимиз ҳал қиламиз” дейдиган бир қараш бизнинг жамиятимизда ҳукмронки¸ бунинг оқибатида нафақат депутатлик¸ балки бошқа нарсалар ҳам асосан ўйин кўринишига ўтиб кетди деб ўйлайман.

Менинг назаримда¸ олдин тили жағи йўқ одамлар депутат бўлган бўлса¸ эндиликда жамият борган сари қатламлашиб бораяпти. Камбағал қатлам ниҳоятда кенгайиб кетаяпти¸ бой қатлам ҳам халқнинг мол-мулкини йиғиш ҳисобига¸ йиғиш десам нотўғри бўлар, ўмариш ҳисобига бойиб бораяпти ва бу кўнгил кўчаси ҳеч тўймасдан ўзларини шундай бир эркин тутишаяптики¸ истасалар депутатликни сотиб олишаяпти¸ истасалар вазирликни сотиб олишаяпти¸ истасалар ҳокимликни осиб олишаяпти¸ қисқаси бизнинг жамиятимизда ҳамма нарсани пул ҳал қилаяпти. Одамнинг ақли¸ одамнинг фикри¸ одамнинг журъати бу ўринда нол бўлиб қолаяпти.


Насрулло Саййид, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати:


Насрулло Саййид
Ўзбекистондаги режим аллақачон сайлов деган нарсани йўқ қилиб юборган. Ўзбекистонда сайлов системаси умуман ишламайди. Шу боис мен айтаманки¸ балки шахсан президентнинг ўзи эмаску¸ лекин партия раҳбарлари кадрлар танлаганда ўзига келажакда гап келтирмайдиган¸ қулоқ соладиган одамларни танлашга ҳаракат қилади. Мана шу принципдан келиб чиқиб сайловлар ўтади. Бу ерда халқнинг сайловдаги роли йўқ. Чунки халқ сайловга қатнашмайди ва сайловга жуда бефарқ. Ўзбек халқининг бош фожиаси ҳам шуки¸ бизда сайлов тизими ишламайди. Мана шу ҳолатдан келиб чиқиб сайловга номзод танлаганда партия раҳбарлари авваламбор унинг чиройли кўринишига¸ гап қайтармай бировнинг олдида жим туришига¸ сессияларда¸ катта бир йиғинларда чиройли бўлиб ўтиришига эътибор қаратади. Балки пулига¸ мавқеига эътибор қаратар¸ лекин унинг халқ орасидаги обрўйига¸ халқ учун¸ ватан учун қайғуришига сира ҳам эътибор қаратмайди. Мана шу аҳволда танланиб олинади ва ким танланган бўлса асосан 90 фоизи ўтади. Сабаби¸ халқ сайловда қатнашмайди ва жуда бефарқ. Ким сайланишига қизиқмайди. Депутатларнинг халққа нимадир беришига халқда ишонч йўқ ва шунинг учун жуда бефарқлик билан сайловда қатнашади.

Асосан депутатликка ўзини урадиганлар пулдор кишилар. Ўзининг бизнесини¸ қилаëтган ишларини депутатлик креслоси орқали ҳимоялаш учун одамларнинг кўпчилиги ўзини уради. Депутатлик дахлсизлигига эришиб¸ ўзининг қилаëтган ишларини бамайлихотир¸ ҳимояланган ҳолда давом эттириш учун ўзини уради. Юрагида “Ватанимга бир нарса қилар эканман. Халқимга бир нарса қилар эканман. Бу ҳаëтни яхши томонга олиб кетар эканман” деган дард билан ҳаракат қиладиганлари жуда оз.

Бунинг кетидан асосан партия раҳбарлари бизнес қиладида. Ким яхши қарашиб турса¸ ўшани киритадида. Охирида президент кўриб чиқиши мумкин. Аслида президент учун парламентнинг бўлиши ëки бўлмаслигининг қизиғи йўқ. Номигагина тузиладиган бир орган. Чунки парламент Ўзбекистонда президентга таъсир қиладиган ҳаракат қилгани йўқ ва яқин орада қилмаса ҳам керак. Президентга рўйхат берганда¸ ким қанақа эканлигини тушунтириб беришади. Асосан бу ерда партия раҳбарлари муҳим рол ўйнайди. Президент уларга ишонади. Улар президентнинг қўғирчоқлари. Шулар орқали бўлади бўладиган ҳамма нарсалар.


Сергей Ежков¸ uzmetronom.com интернет газетаси бош муҳаррири:

Сергей Ежков
Ўзбекистондаги оддий одам ўзи кимни депутатликка сайлаëтгани ҳақда мутлақ тушунчага эга эмас. Мен кунига икки марта сайлов участкаларидан бири олдида тўхтайман. Бу бинонинг эшиги ëпиқ бўлмаса-да¸ унга биров кириб¸ биров чиқаëтганини ҳозиргача кўрганим йўқ.

Бундан эса¸ оддий халқ парламентга ўз ҳаëтига у ëки бу даражада таъсир кўрсатиши мумкин тизим деб қарамай қўйганига анча бўлгани кўринади. Анъанага мувофиқ¸ халқ мурожаат қиладиган ва ҳатто нимадир умид қиладиган одам Ўзбекистонда битта¸ у ҳам бўлса президентдир. Шу боис¸ оддий ўзбекистонликлар эртага бўладиган депутатлардан ўз манфаатларини ҳимоя қилишни кутади¸ дейиш бориб турган бемаънигарчилик бўлади. Бундай ўй улар хаëлининг бир чеккасидан ҳам ўтмайди. Бунинг ўрнига улар парламентни бўлиши лозим бир тизим¸ ҳокимиятнинг мавжуд бўлиши керак бир бутоғи деб қабул қилганлар. Парламент борми¸ бор. Аммо у қаерда¸ депутат ким ва нима иш қилаяпти¸ бу мутлақо бошқа масала ва халқ кўп ҳам бу ҳақда бошини қотириб ўтирмайди. Одамлар бундан олдин ҳам¸ ҳозир ҳам парламентда ким ўтирганию¸ ўзлари кимни сайлаëтганини билган эмас¸ билмайди ҳам.

Албатта¸ расман сайлов деган тадбир бўлади. Унда айнан ким¸ қайси мезонлар асосида танланади¸ десангиз¸ улар ëшига¸ ҳокимиятнинг қайси тармоғига алоқадорлигига¸ жинсига қараб танланади¸ яъни номзодларнинг 13 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши керак. Бу ташқи унсурлар¸ аммо белгиловчи асосий унсур бўлажак депутатнинг ҳокимиятга садоқатидир. Депутат бўладиган одам ҳамма нарсага бурнини тиқавермайдиган¸ бошқалардан бирор жиҳати билан ажраб турмайдиган бўлиши шарт.

Агар сиз мендан бугун депутатликка танланаëтганлар портретини чизиб беринг¸ деб сўрасангиз¸ мен бугунги депутатни туссиз¸ бировга маълум бўлмаган¸ мамлакат олий вакиллик идорасига қандай қилиб келиб қолганини на ўзи ва на бошқалар тушуна олмайдиган бир одам¸ деб тасвирлаган бўлардим.


Нарзилло Охунжонов¸ Ўзбекистон миллий телерадиокопманияси ходими:

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси логоси.
Бугунги кунда депутатликка номзодлар ичида, асосан, аҳолининг турли қатламлари вакиллари бор. У ҳуқуқшунос бўлсин¸ у ўқитувчи бўлсин¸ у фермер бўлсин¸ у тадбиркор бўлсин деярли барча қатламлардан вакил бор. Танлаш жараëнида ўзларини қайси жиҳати билан намойиш этаëтган бўлса¸ сайловолди дастури платформаси борку¸ ўша асосда улар ўзларининг мавқеини кўрсата олгандагина¸ шу жиҳатлари ҳисобга олинган ҳолда¸ сайланади.

Олий Мажлиснинг бундан олдинги кенгашларида¸ тўғрисини айтишим керак¸ ўқитувчи бўлиб ишлаб юрган пайтимда ҳам ишончли вакил сифатида иштирок этганман. Очиқ-ойдин¸ сайловда мавжуд қоғозлар ташланадиган қутилардаги сайловчиларнинг берган овозлари эркин¸ ҳамманинг олдида столнинг устига ëйилиб¸ ким кимга овоз берган бўлса очиқ-ойдин¸ ошкора. Ҳеч қанақа рўйхат деган нарса бўлмаган.

Мен айтмоқчиманки¸ унақа рўйхат бўлиши ҳеч қанақа мумкин эмас. Чунки бугунги фуқаролар¸ бугун аҳолининг қатлами¸ мустақил бўлганимизга 18 йилдан ошди¸ шунча йил давомида онги¸ шуури¸ мавжуд ҳуқуқий маданияти¸ сиëсий онги шаклланиб¸ юксалиб бораëтган бир пайтда¸ бугунги фуқаролар кечаги фуқаролар эмас¸ бугунги фуқаролар бутунлай бошқа. Ҳуқуқий жиҳатдан ҳам саводхонлиги ошган¸ сиëсий жиҳатдан ҳам маданияти ошган фуқаролар. Улар кимни танлашни жуда яхши билишади. Мен сайлов эмас¸ тайинлов деган гапга ишонмайман. Тайинлов бўлиши¸ олдиндан рўйхат бўлиши - бутунлай куракда турмайдиган ëлғон гаплар.


Шавкат Бадалов,оддий "сайловчи"¸ бир кун Ўзбекистонда ҳақиқий сайлов бўлса¸ депутат бўлиш орзуси билан яшаëтган зиëли:

Ўзбекистондан туриб гапирган Шавкат ака¸ ўз сурати эълон қилинишини истамади.
Қисқа қилиб айтганда¸ юқоридаги¸ амалдаги ҳокимиятнинг хоҳиш-иродасига бўйсунган ҳолда иш олиб боришга рози бўлганлар¸ шунинг тарафдори бўлганлар "сайланиши" мумкин. Яна бир тоифаси амалдаги ҳокимиятнинг таниш-билишлари¸ уруғ-аймоқлари "сайланиши" мумкин. Ҳар бир поғонанинг ўзига яраша нимаси бор. Президент курсисида ўтирган одамнинг хоҳиш-иродасини бажарадиган¸ шунга хоҳиш билдирганлар ўтириши мумкин. Бунақалар ўзимизнинг амалдорларимизнинг ичида тиқилиб ëтибди. Исталган амалдор ўз курсисини юқорироқ кўтаришга ҳаракат қилади. Шунинг учун улар иложи борича пастроқ энгашиб¸ таъзим қилиб¸ юқорига чиқиб кетаверади. Бугун депутатликка танланадиган одамнинг энг асосий жиҳатини¸қисқа битта сўз билан¸ лаганбардор деб тасвирлаган бўлардим.

Кимнинг депутат бўлишида¸ пулнинг роли жуда катта экани ҳам турган гап. Юқоридаги амалдор кимнидир тайинлашга ҳаракат қилиб турганда¸ ичида иккита-учта-тўртта ортиқчаси бўлса¸ уларнинг ичидан бирортасидан пул олишга тайëр бўлади. Масалан¸ тўртта талабгордан иккитасини олиш керак бўлса¸ қайси бири қўлини мойласа ўшаниси ўтиб кетади. "Мойлаш" нархи эса кам эмас¸ кўкида ҳисоблаганингизда¸ энг камида 50 мингдан бошланади¸ у ëғи 400-500 минггача чиқиб кетаверади. Оддий районнинг ҳокими бўлишга 80-100 минг хизмат қилиб турган пайтда, Олий Мажлисга депутат бўлишга ундан кам бўлиши мумкин эмасда. Бундай вазиятда ҳаром пулни ғамлаганлар¸ ҳаромхўрлар ўтади. Оқни оқ¸ қорани қора дейдиган инсонларнинг бирортаси ўта олмайди. Сайлов¸ аниқроғи тайинловдан бирорта ҳақиқатгўй одам ўта олмайди. Бу чиғириқдан ўтганларнинг ҳар бири билан охирда президентнинг шахсан ўзи билан суҳбатдан ўтади¸ бусиз иложи йўқ.

Ҳақиқатгўйлар¸ масалан мен орзу қиламан. Қанийди парламентга депутат бўлсам. Мен ўша ерда трибунага чиқиб дангал оқни оқ¸ қорани қора дейишим мумкин. Лекин бу нарса нимага келиб тақалади? Сиз минбарга чиқиб оқни оқ¸ қорани қора деб вайсайверишингиз мумкин. Телевизорда сизни кўрсатишади¸ қарсаклар билан олқишлашади. Лекин баъзи бир керакли қарорлар қабул қилиниш моменти келганда электрон овоз бериш ускунаси сизнинг хоҳиш-иродангизнинг устида крест қўйиб ташлайди. Сиз бу нарсаларни гапирганингиз билан¸ депутат корпусида кўпчилик ножўя қарорга қарши овоз берган тақдирда ҳам таблода амалдаги ҳокимиятга керакли қарорга шунча овоз берилди деб қабул қилиниб кетилаверади. Чунки яширин овоз бериш принципи Олий Мажлисда ҳам бор. Қаерда яширин овоз бериш принципи бўлса¸ ўша ерда адолат йўқ¸ ўша ерда демократияга ўрин йўқ.


Азиз муштарий¸

Энди навбат Сизнинг мулоҳазаларингизга:

Бугун Ўзбекистонда парламент депутатлигига ким - қайси сифат ва жиҳатлари учун танланмоқда?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG