Линклар

Путин жавоб берди


Айтилишича¸ Путинга 1¸5 миллиондан ошиқ россиялик савол йўллаган.

Айтилишича¸ Путинга 1¸5 миллиондан ошиқ россиялик савол йўллаган.

Россия Бош вазири Владимир Путин мамлакат фуқаролари билан анъанага айланган жонли мулоқотнинг 8-сини ўтказди.Путиннинг бу мулоқоти Россия давлат телевидениеси, бир нечта радиостанция ва интернет орқали жонли равишда узатилди.

Россия Бош вазирининг россияликлар билан бу галги мулоқоти қарийиб 4 соат давом этди. Путин ушбу мулоқот чоғида 80га яқин саволга жавоб қайтарди.

Владимир Путин россияликлар билан мулоқотини терроризм масаласи билан бошлади.

Жумладан, “Нева экспресси” тез юрар поездининг портлатилиши борасида берилган саволга тўхталган Владимир Путин ушбу фожиа учун масъул бўлган шахсларга қарши кескин чоралар қўллаш лозим, деган фикрни билдирди.

- Бўлиб ўтган фожиа бу йўналишдаги ҳаракатлар тезлаштирилиши лозимлигини кўрсатиб турибди. Бу каби қўпорувчилик амалиётлари содир этаётган жиноятчиларга қарши кескин чоралар кўрилиши лозим, деди Владимир Путин.

Бош вазир мамлакат иқтисоди билан боғлиқ саволга тўҳталар экан, Россия иқтисодининг ўзига кела бошлаганини билдирди.

- Сўнгги беш ой давомида иқтисодимизнинг ўсаётганини кузатмоқдамиз. Ушбу жараён секин кечишига қарамай бу ижобий тенденциядир. Иқтисодимиз ойига ўртача 0.5 фоизга ўсмоқда, деди Владимир Путин.

Бугунги мулоқот чоғида глобал молиявий бўҳрон туфайли жар ёқасига келиб қолган Россиядаги автомобил ишлаб чиқарувчи йирик “АвтоВаз” ширкати тақдири ҳам тилга олинди.

- Бугунги кунда корхонани сақлаб қолишимиз мумкин. Чунки "АвтоВаз" жаҳон талабларига жавоб бера оладиган янги моделлар ишлаб чиқариш имкониятларига эга. Бунинг учун эса етарлича ишлаб чиқариш қуввати, энг асосийси эса ўз касбини севадиган малакали ва яхши тайёрланган мутахассислар бор, деди Владимир Путин.

Бош вазир Россия ҳукумати "АвтоВаз"га қарийб 50 миллиард рубл, Франциянинг Рено ширкати эса 300 миллион евро сармоя ётқизишини эълон қилди.

Россияликлар Бош вазирнинг 2012 йилда президентликка ўз номзодини қўйиш қўймаслиги борасида ҳам қизиқдилар.

- Мен бу ҳақда ўйлаб кўраман. Бунинг учун вақт етарлича. Бироқ фикримча ҳар бир шахс ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши ва самарали ишлаши лозим деб биламан. 2012 йилги сайловолди кампанияси билан боғлиқ қарорлар эса мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги вазиятга қараб қабул қилинади, деди Владимир Путин.

Ўтган йили Путин уч соатдан ортиқроқ вақт давомида ишсизликдан тортиб ҳарбий ислоҳотларгача бўлган мавзулардаги 70 дан зиёд саволга жавоб берган эди.

Бир ярим йил аввал сайланган президент Дмитрий Медведев бу каби россияликлар билан тўғридан-тўғри моулоқотни ўтказганича йўқ.

Путин ўтган йили ўз вориси сифатида танлаган Медведев президентликка келгунига қадар 2000-2008 йилларда Россия президенти бўлган.
XS
SM
MD
LG