Линклар

logo-print

Барак Обаманинг Афғонистонга яна 30 минг АҚШ аскари жўнатиш ҳақдаги қарори¸ Тошкент учун хушхабар бўлди¸ дер экан мустақил шарҳловчилар¸ бундан Каримов ҳукумати ҳам сиëсий¸ ҳам иқтисодий¸ ҳам хавфсизлик жиҳатдан манфаат топажагини айтмоқдалар.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Паниэр Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича АҚШ президенти эълон қилган янги стратегияни Ўзбекистон расмийлари дарҳол қўллаб-қувватлаши ортида бир неча сабаб бор деган фикрда.

Биринчидан, Ўзбекистон Россия билан муносабатни сустлаштириб¸ Ғарб билан алоқаларни кучайтирмоқда. АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари билан яқин бўлиш орқали Ўзбекистон манфаат қозониши мумкин.

Иккинчидан, Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларига зарур бўлган ноҳарбий юкларнинг ўз ҳудуди орқали ташилишига рухсат бериш билан Ўзбекистон иқтисодий манфаат кўриши аниқ.

- Учинчидан, агар АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистондан олиб чиқилса, Марказий Осиё хавфсизлиги таҳдидларига қарши кураш масъулияти Ўзбекистон зиммасига тушиши мумкин. Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда энг яхши қуролланган ва тайёргарликдан ўтган армия бўлишига қарамай, Тошкент ҳукумати нафақат ўз мамлакати¸ балки минтақа сарҳадларини ҳимоя қилиш каби оғир юкни ўз елкасига олишни хоҳламайди. Ким билади, Ўзбекистон Туркманистон ёки Тожикистон чегараларини, мамлакатнинг шимолий ва жанубий, шарқий ва ғарбий чегараларини ҳам қўриқлашига тўғри келиши мумкин. АҚШ президенти Барак Обаманинг Афғонистонга қўшимча 30 минг ҳарбий жўнатиши кутилмаган қарор эмасди. Бу қарор хавфсизлик, иқтисодий ва бошқа сабабаларга кўра Ўзбекистонни Ғарб билан яқинлаштиради. Ўзбекистон ҳукумати ҳам айнан шуни хоҳлаётган эди, дейди Брюс Паниэр.

Швейцариядаги “Халқаро алоқалар ва хавфсизлик” тадқиқот маркази таҳлилчиси Александр Вилнер ҳам АҚШнинг янги афғон стратегиясини қўллаши ортида Ўзбекистоннинг Ғарб билан яқинлашиш ва айни пайтда иқтисодий манфаат қозониш мақсади бор¸ деган фикрга қўшилади.

Унга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда Покистондан кейин иккинчи муҳим ўйинчи ҳисобланади.

Шу боис¸ дейди бу таҳлилчи¸ АҚШ президенти ва ҳукумати толиблар борасида қабул қиладиган ҳар қандай қарор Ўзбекистонга ҳам бевосита таъсир этади.

- Президент Барак Обама АҚШ ва НАТОдаги иттифоқчилари Афғонистонда ўз мақсадига етмагунча мамлакатни тарк этмасликни очиқ-ойдин гапирган. Ўзбекистон нуқтаи-назаридан Афғонистон ва Покистонда вазият барқарор бўлиши Ўзбекистон манфаатига хизмат қилади. Менимча, Афғонистонга қўшимча куч жойлаштирилиши ва бу жараён қанча давом этишига қараб Ўзбекистон хавфсизлик жиҳатдан узоқ муддатли манфаат қозонади. Айни пайтда бу сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан яхши воқеа. Чунки 30 минг аскарни Афғонистон ва минтақага жойлаштириш иқтисодий томондан жуда қимматга тушади. Шу боис иқтисодий соҳада бу Ўзбекистонга ижобий таъсир этади, дейди ғарблик таҳлилчи.

Питер Фелстед Британиядаги Jane’s Defense ҳафталигининг мудофаа ва ҳарбий масалалар бўйича таҳлилчиси. Унга кўра, АҚШ президентининг Афғонистонга қўшимча куч жўнатиш ҳақидаги қарори минтақа давлатлари, жумладан Ўзбекистон хавфсизлиги учун ҳам фойдали.

Минтақа хавфсизлиги кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазиятга боғлиқ бўлгани боис Ўзбекистон ҳукумати АҚШ президентининг янги афғон стратегиясини қўллаб-қувватламоқда.

Питер Фелстед Афғонистонга Американинг қўшимча 30 минг аскарини жойлаштирилишдан Ўзбекистон транзит давлат сифатида иқтисодий фойда кўради деган фикрга қўшилишини айтди.

- Менимча, президент Обаманинг қарори Ўзбекистонга фақат ижобий таъсир этиши мумкин. Чунки Афғонистонга қўшимча куч жойлаштиришда Ўзбекистон каби транзит давлат ҳудудидан фойдаланиш маҳаллий инфратузилма ривожига ва унинг яхшиланишига ҳисса қўшади. Шу боис мен бу ҳам Ўзбекистон инфратузилмасига ҳам Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари ва ҳарбийлари билан муносабатига ижобий таъсир этади деб ўйлайман, дейди британиялик таҳлилчи.

АҚШ президенти Барак Обама Нью Йорк штатининг Уэст Пойнт шаҳарчасидаги ҳарбий академияда 1 декабр куни қилган чиқишида эълон қилган янги стратегиясида келаси йил ёзига қадар Афғонистонга қўшимча 30 минглик қўшин жойлаштирилиши назарда тутилган.

Бу режа амалга ошса, Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари сони 100 мингга етади.

Шунингдек, АҚШ раҳбари эълон қилган янги стратегияда 2011 йилдан бошлаб АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш ишлари бошланиши кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG