Линклар

logo-print

НАТО аъзоликка номзодларга умид беришга ошиқмаяпти


Ғарбий Европадаги иттифоқчилар қаршилиги Грузия ва Украинанинг НАТОга қўшилишини узоқ истиқболдаги масалага айлантирмоқда

Ғарбий Европадаги иттифоқчилар қаршилиги Грузия ва Украинанинг НАТОга қўшилишини узоқ истиқболдаги масалага айлантирмоқда

3 декабр куни Брюсселга йиғилган НАТО Tашқи ишлар вазирлари Грузия ва Украина вакилларига бу давлатлар ҳарбий альянсга қўшилиш сари қадамлар ташлаётган бўлса-да, ҳали бу борада қилинажак ишлар талайгина эканини айтишди.

Мажлис бошланишидан олдин чоршанба куни ташкилотнинг бош қароргоҳида чиқиш қилган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен 2008 йилдаги саммит чоғида Украина ва Грузиянинг альянсга қабул қилинишга оид ваъда кучда қолишини баён қилди.

- Бухарестда иккала давлатга берилган ваъда кучда қолади. Улар меъёрларга жавоб берганда ва буни исташганда НАТОга аъзо бўладилар. Биз НАТО қўллаб-қувватлашни давом эттирадиган ислоҳотларда эришилаётган натижаларни муҳокама қиламиз, деди НАТО раҳбари.

Пайшанба куни Украина Tашқи ишлар вазири Петро Порошенко билан учрашув чоғида Расмуссен Украинанинг НАТОга аъзоликни қўлга киритиш сари амалга оширган ишларида ижобий силжишлар кузатилгани, лекин айни пайтда Киев ҳукумати келаси ойга белгиланган сайловлар халқаро меъёрларга мос келишини таъминлаши муҳимлигини таъкидлади. НАТО, Бош котибга кўра, “Украинадан жамиятнинг ҳар бир соҳасида, шу жумладан, президентлик сайловларини ўтказишда ҳам юқори меъёрларга амал қилинишини кутмоқда”.

НАТО аъзолари Украинадаги сайловлардан олдин авж олган ички сиёсий курашлар мамлакатдаги ислоҳотларни боши берк кўчага олиб кириб қўйганидан ташвиш билдирмоқда.

Украинада беш йил аввал ўтказилган президентлик сайловлари оммавий норозиликларга сабаб бўлган ва ғарбпараст Виктор Юшченкони ҳокимиятга олиб келган “Зарғалдоқ инқилоби” билан якуналанган эди.

Порошенко НАТО вазирларини “сайловлар эркин ва адолатли ўтишига шубҳа қилмаётганлигига” ишонтиришга уринди.

НАТО вазирлари Грузияга ўз хавфсизлигини кучайтириши учун қўшни давлатлар билан муносабатларини яхшилаши лозимлигини тавсия қилди ва ўз навбатида, Россияни ҳам айирмачи Абхазия ва Жанубий Осетия ўлкаларидан қўшинларини олиб чиқишга чақирди.

2008 йилнинг августида Грузия ва Россия ўртасидаги қисқа қуролли можаро Тбилисининг айирмачи минтақалардаги назоратни бой беришига сабаб бўлган эди.

Расмуссен Грузия Ташқи ишлар вазири Григол Вашадзе билан учрашув пайтида, НАТО Грузиянинг кейинги йилларда катта қийинчиликларни бошдан ўтказганини яхши тушуниши, лекин “ислоҳотлар ва модернизация ҳамда қўшнилар билан муносабатларни яхшилаш Грузия халқи келажаги учун энг яхши истиқболларни очиб бериши”ни таъкидлади.

НАТО вазирлари, шунингдек, Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олмаслик позициясидан чекинмасликларини яна бир бор баён қилиб, Россияни айирмачи минтақалар мустақиллигини тан олишга оид қароридан қайтишга чақирди.

Грузия ва Украинанинг НАТОга қўшилишига Ғарбий Европадаги иттифқочиларнинг қаршилиги инобатга олинса, бу икки давлатга Аъзоликка оид ҳаракат режасининг берилиши узоқ истиқбол масаласи бўлиб қолаверади. Бундан ташқари, Грузия ва Украинаинг НАТОга қўшилишига кескин қаршилик қилиб келаётган Россия билан муносабатларни тузатиш ҳарбий альянс учун энг устувор стратегик мақсадлардан бири бўлиб қолмоқда.

НАТО ташқи ишлар вазирларининг пайшанба куни Монтенегрога "Аъзоликка оид ҳаракат режаси"ни тақдим этиши ва Босния-Ҳерцеговинага режани бериш масаласини кейинга қолдириши кутилаётган эди.

Расмуссен Монтенегро ва Боснияга оид қарорлар бу мамлакатларнинг “ютуқларига” боғлиқ бўлишини таъкидлади.

Бироқ НАТОдаги манбаларга кўра, вазият Расмуссен айтганидек оддий эмас.

Монтенегронинг режани ҳеч бир муаммосиз қўлга киритиш айтилмоқда.

Лекин Босния-Ҳерцеговина масаласи НАТО ичида катта баҳсларга сабаб бўлмоқда ва бу сафарги мажлисда унга ҳаракат режасининг берилмаслиги эҳтимолга яқин бўлиб турибди. Серб Республикаси ва Мусулмон Хорват Федерациясидан иборат федерал давлатдаги этник бўлишлар Германия, Франция ва Британиянинг мамлакат ҳаракат режасига тайёр эмас, деган фкирларига сабаб бўлмоқда.

Пайшанба кунги мажлисда, шунингдек, НАТО ва Россия ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.

Жума куни эса Россия ва Грузия ўртасидаги қуролли можародан бери биринчи марта НАТО-Россия кенгашининг юқори даражадаги учрашуви ўтказилади.

Исми сир тутилишини истган НАТО дипломати Озодлик радиосига икки томон учта ҳужжат, жумладан, НАТО-Россия кенгашини ислоҳ қилишга оид ҳужжатни муҳокама қилганини маълум қилди.

Дипломатнинг айтишича, томонлар шунингдек келаси йили қўшма режаларни ишлаб чиқиш ҳамда XXI асрдаги умумий таҳликалар ва муаммоларни биргаликда ечишга оид ҳужжатлар бўйича ҳам келишиб олган.

“Учала ҳужжат жума куни НАТО-Россия кенгашининг учрашуви пайтида ратификация қилинади”, дея маълум қилди НАТОдаги манба.
XS
SM
MD
LG