Линклар

“Фарҳодга тўрт йил берганига рози эмасмиз”


Фарҳод Мухторовнинг яқинлари ҳуқуқ фаолига қўйилган айбловлар асоссизлигини айтмоқдалар.

Фарҳод Мухторовнинг яқинлари ҳуқуқ фаолига қўйилган айбловлар асоссизлигини айтмоқдалар.

Тошкент шаҳар Юнусобод туман жиноий ишлар суди 3 декабр куни ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторовнинг апелляция тартибидаги аризасини кўриб чиқиб, унинг жазо муддатини беш йилдан тўрт йилга қисқартирди.

Ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторовнинг жазо муддати қисқартирилгани ҳақида Озодликка маҳкама жараёнини бевосита кузатган ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова маълум қилди.

- Кеча судда икки нафар давлат қораловчиси қатнашди. Улар Фарҳод Мухторовга шартли жазо берилишини сўрашди. Кеча ҳатто жабрланувчи Шоира Содиқбекова ҳам Фарҳодга пулни пора сифатида берганини инкор қилди. Кеча Шоира аввалги судларда айтган сўзларидан қайтиб: “Мени нотўғри тушунибсизлар, мен пулни унга пора сифатида бермаганман. Фарҳод менга ишингни ҳал қилиб бераман дегани учун пулни берганман”, деди. Лекин судья буларни инобатга олмасдан, Фарҳоднинг беш йиллик қамоқ жазосини тўрт йилга туширди, холос, дейди Татяна Давлатова.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева Фарҳод Мухторов альянснинг энг фаол аъзоларидан бири эканини ва апелляция жараёнида унинг бутунлай оқланишини кутганини айтади.

- Фарҳодга очилган жиноий иши бошиданоқ уюштирилгани маълум эди. Фарҳодга қўйилган айбловлар ўз исботини топмади. Унинг ҳеч қандай айби бўлмаса ҳам тўрт йиллик қамоқ жазоси беришди. Фарҳод кейинги пайтларда альянсимиз аъзоси сифатида жуда фаол ҳаракат қилаётганди. У жуда кўплаб пикетларда қатнашган. Унинг охирги қатнашган пикети Тошкентдаги Чехия элчихонаси олдидаги пикет бўлди. У ҳар гал пикетларда милиция ходимларининг калтаклашлари, ҳақоратларга чидаб, жуда фаол қатнашаётганди. Унинг бу ҳаракатлари унга нисбатан жиноий иш очилишига сабаб бўлди, деб ҳисоблаймиз. Фарҳодни уйдирма айбловлар билан қамашган. Биз унга тўрт йил берганига рози эмасмиз. Унинг бутунлай озод бўлиши учун курашни давом эттирамиз, дейди Елена Урлаева.

Фарҳод Мухторовнинг рафиқаси Сурайё Мухторова эрига апелляция жараёнида сўз берилганида ўзига қўйилган барча айбловларни рад қилган.

- Фарҳод акам барча айбловларни “туҳмат” дедилар. “Менга Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) ноҳақ қўйилган. Мен пора берган бўлсам, кимга берганман? Ўша берган одамларим қани? Шунинг учун 211-моддани олинглар мендан. Бу исботланмаган” деб гапирдилар. “Ҳеч нарсани бўйнимга қўйиб, исбот қилиб бериша олмади” деяптилар. Ҳақиқатдан ҳам ҳеч қайси модда исбот қилинмади. На 211-модда, на 168-модда исботланди, дейди Сурайё Мухторова.

Тошкент шаҳар Юнусобод туман жиноий ишлар судидан Фарҳод Мухторовнинг апелляция маҳкамаси бўйича қўшимча маълумот олиш имкони бўлмади.

Фарҳод Мухторов иши бўйича маҳкамани кузатган Альянс фаолларига кўра,
дастлаб Шоира Содиқбекова деган аёл Фарҳод Мухторовни фирибгарликда айблаб, ариза берган. Гўёки Фарҳод Мухторов кимгадир пора бериш учун ундан 5 миллион сўм пул олган экан. Бундан ташқари, яна икки киши - Маъсуда Каримова ва Анвар Эшоновлар ҳам Фарҳод Мухторовга пул берганларини айтишган. Бироқ кейинчалик улар ўз кўрсатмаларидан воз кечишган.

Шоира Содиқбекова аризасига кўра, Фарҳод Мухторов Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) бўйича айбланди.

Ўзбекистон жиноят кодексининг 168-моддасида “Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди” дейилади.

Сурайё Мухторовага кўра, айни шу моддадан келиб чиқиб, эри олгани айтилган беш миллион сўмни беришга қарор қилган.

Сурайё Мухторова: Бизлар 168-моддани олиб ташлашлари учун пул бердик. Лекин Фарҳод акам шу пулни олмаганлар. Барибир шуни олиб ташлашлари учун пул бердик. Энди шу пулни ҳисобига бир йил камайтирган бўлишди.

Озодлик: Кимга пул бердингиз?

Сурайё Мухторова: Мен мажбур бўлдим. Адвокатлар: “Пул берсангиз, озгина йилини камайтиришади ёки амнистияга туширади” дейишди. Емаган сомсага пул тўлаб бердик-да. “Бермасак ё беш йиллигича қоларди ёки яна икки йил қўшиб бериши мумкин эди”, деб айтишди адвокатлар.

Озодлик: Сурайё опа, қанча пул бердингиз?

- Беш миллион сўм! Ўша аёл “Фарҳодга беш миллион сўм берганман” деган-да аризасида. 168-моддада “агар барча зарар қопланса, қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилади” деган. Шуни қўллаши учун бизлар мажбур бўлиб пул бердик. Лекин барибир қўллашмади. 211-модда билан пора беришда айблаб, тўрт йил бериб юборди, дейди Сурайё Мухторова.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси фаоли, 41 ёшли Фарҳод Мухторов жорий йилнинг 17 июл куни ҳибсга олинган эди.

7 сентябр куни унга очилган жиноий иш бўйича маҳкама жараёни бошланган эди.

2 октябр куни Тошкент шаҳри Юнусобод туман суди ҳуқуқ фаоли Фарҳод Мухторовни товламачиликда айблаб, уни 5 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

3 декабр куни Фарҳод Мухторовнинг апелляция тартибидаги шикоят аризаси кўриб чиқилиб, унинг қамоқ жазоси беш йилдан тўрт йилга қисқартирилди.
XS
SM
MD
LG