Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:21

Тожикистон ўзбек гази импортини қисқартирмоқчи


Тожикистоннинг “Тожиктрансгаз” очиқ ҳиссадорлик ширкати “Ўзтрансгаз” ширкати билан 2010 йил учун табиий газ импортига оид музокаралар бошланганини маълум қилди.

“Тожиктрансгаз” очиқ ҳиссадорлик ширкати раис ёрдамчиси Фаридун Муҳиддиновнинг Озодликка билдиришича, 2010 йилда Тожикистон Ўзбекистондан 400 миллион куб метр табиий газ импорт қилмоқчи.

- Гарчи бу миқдор газ республика аҳолиси ва саноат корхоналари эҳтиёжини қондиролмаса-да, биз бундан ортиқ миқдорда газ сотиб ололмаймиз. Ўтган йил ширкатимиз “Ўзтрансгаз” ширкати билан 550 миллион куб метр табиий газ борасида шартнома имзолаганди. Аммо молиявий муаммолар боис ўша миқдор табиий газнинг атиги 200 миллион куб метрини сотиб ололдик, холос, дейди “Тожиктрансгаз” ширкати расмийси.

Расмийнинг билдиришича, “Ўзтрансгаз” ширкати Тожикистон томонининг таклифлари билан танишиб чиққач, Тошкентда томонлар музокараси бошланиши кутилмоқда.

Табиий газ импортига оид музокара, Фаридун Муҳиддиновга кўра, декабр ойи охирига қадар бошланиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда Ўзбекистон табиий газнинг ҳар минг куб метрини Тожикистон учун 240 доллар этиб белгилаган эди. Аммо йил давомида Тожикистон томон фойдаланилган газ пулини вақтида тўлай олмагани сабабли бир неча марта табиий газ таъминотдан узилиб қолди. Сўнгги маълумотларга кўра, “Тожиктрансгаз” ширкати “Ўзтрансгаз”ширкатидан тахминан 18 миллион доллар қарздор бўлиб қолган.

- Биз бу қарзларнинг ҳаммасини тўладик. Аммо келаси йўл учун имзоланадиган шартнома талабларига кўра, биз сотиб олинадиган газ пулини олдиндан тўлашимиз шартлиги билдирилди, дейди тожик расмийси.

“Сўнгги кунларда Роғун ГЭСи атрофида авж олаётган тортишувлар табиий газ борасидаги ўзаро ҳамкорликларга бирор таъсир этиш мумкинми?” дея сўрадик “Тожиктрансгаз”ширкати масъулидан.

- Йўқ. Бу баҳсларнинг ҳамкорлигимизга тасири бўлмайди. Негаки Ўзбекистон табиий газини қўшни давлатлар, масалан, Қирғизистондан кўра бизга сотишдан манфаатдор. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ётқизилган газ қувурлари масофаси биздагига нисбатан узоқроқ бўлгани учун табиий газ узатишда йўқотиш кўпроқ бўлади. Шуни назарга олган ҳолда, ўзбеклар бизга газ сотишдан кўпроқ фойда кўради, дейди Фаридун Муҳиддинов.

“Тожиктрансгаз” ширкати масъули агар Тожикистон газ пулини олдиндан тўлаш имконига эга бўлса, 2010 йилда мамлакатда табиий газ импорти борасида муаммо бўлиш мумкин эмаслигини қўшимча қилади.

Бироқ мустақил таҳлилчи Давлат Усмон Ўзбекистоннинг Тожикистон билан ўзаро ҳамкорлик доирасида илгари сураётган бугунги сиёсати келгуси йил учун табиий газ сотиб олишда муаммолар яратишига ишонч комил эканини айтади.

- Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиш ёки Роғун ГЭСи атрофида кучайиб бораётган даҳанаки жанг республикани газ билан таъминланишига тўғаноқ бўлиши аниқ. Ўзбекистон ўз реал харидори бўлган Россияга табиий газ сотишдан кўпроқ манфатдор. Чунки Россия газни Ўзбекистон белгилаган нархда сотиб олиш имконига эга. Шу жиҳатларини назарга олган ҳолда айтиш мумкинки, янги йилдан бизда табиий газ импорти билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келиши эҳтимоли кучли, дейди мустақил таҳлилчи Давлат Усмон.

Аммо бошқа бир таҳлилчи Исмоил Қосимов сув ва энергетик ҳамкорликлар табиий газ ҳамкорликларига таъсир ўтказмаслиги керак, дея мулоҳаза билдиради.

- Гарчи Ўзбекистон билан сиёсий ҳамкорлигимиз яхши бўлмаса-да, табиий газ масаласида қўшнимизга қараммиз. Марказий Осиёда табиий газ экспорт қиладиган яна бир давлат Туркманистон бўлгани билан у ёқдан газ импорт қилиш имконига эга эмасмиз. Шунинг учун Тожикистон ҳукумати республикада шусиз ҳам қийин иқтисодий аҳволни оғирлаштирмай, қўшни мамлакат билан муроса қилса, мақсадга мувофиқ бўлади, дейди мастақил таҳлилчи Исмоил Қосимов.

Ўз табиий газига эга бўлмаган Тожикистон республика аҳолиси ва мамлакат саноат корхоналари эҳтиёжи учун Ўзбекистондан табиий газ сотиб олади.

2007 йилга қадар Тожикистон Ўзбекистондан йилига 900 миллион куб метр табиий газ сотиб олган. Аммо 2008 йил Ўзбекистон табиий газ нархини икки бараварга ошириши ортидан Тожикистон табиий газ импорти ҳажмини 550 миллион кубга қисқартирди.

Аснода ҳар иккала томон ҳам бу йил “Ўзтрансгаз” ширкати табиий газ ҳар минг куб метрини Тожикистонга неча пулдан сотиши мумкинлиги ҳақида аниқ бир гап айтганича йўқ.
XS
SM
MD
LG