Линклар

logo-print

Қадимда подшолар бозорларни доим зимдан назорат этиб турган. Муқаддам эслаганим Хорун ар-Рашид бу масалада ҳам барча салафларига ўрнак бўлган.

Сайлов можароси ўртага чиқиб тўс-тўполон бошланмасидан анча илгари мухолифатга муносабат жабҳасида тажриба алмашиш мақсадида Бирмага борганимда делегациямиз қўним топган қароргоҳга битта Нобел мукофоти лауреати пинҳона ташриф буюриб, учрашувга уч дақиқа изн сўраб ҳадеб тихирлик қилавергач, ноилож розилик берган эдим.

Қабулхонага чиқсам, оч жигарранг чакмон кийиб, Нобел мукофоти нишонини чап кўкрагига тақиб олган қозоқбашара битта чол тасбеҳ ўгириб ўтирган экан. Унинг орқа томонида ўзига ўхшаган икки киши қўлларини чакмон енгларига тиқиб¸ бош эгиб қилт этмай турарди. Адъютантимга ялт этиб қарадим; у бошини хиёл эгиб қўйди. Билдимки, улар обдон тинтув қилинган, «хавфсизлантирилган».

— Ҳелло, туғишганлар! — дедим.

Нобелчи чол ўрнидан бир қўзғалиб ўрнидан туришга уринди, аммо кетини кўтара олмади. Одам қариганда кетини кўтара олмай қолади. Оқсоқол адибимиз бир неча марта «кўтим оғир бўлиб қолди» деб шикоят қилган эди. Адибнинг ўша гапи эсимга тушиб мийиғимда кулимсирадим. Қўлимни елка баробар кўтариб сўрашган киши бўлиб, рўпарадаги диванга оёқларимни чалиштириб ўтирдим.

— Қимирламанг, оқсоқол, қимирламанг! — дедим. — Хўш, қулоғим сизда. Эшитаман. Янглишмасам, Мўғулистон қозоқларидан бўлсангиз керак? Цеденбалдан бола-чақа — меросхўр қолганми? Хотини ўрисмиди ё метисмиди?

Оралиқда хитойча бемалол чулдирайдиган тилмоч пайдо бўлди. Унга ажабланиб қараб қўйдим: гапларимни чолга таржима қилиб, хиёлгина бошини эгиб эҳтиром кўрсатди.

— Найн, найн! — деди чол бош сайқаб. — Биз Тибет қозоқлариданмиз. Яъни, кўчманчимиз. Агар хотирам панд бермаса, тақсир, Мирзо Бобур замонида кўчманчи ёки сиёсий муҳожир «қозоқ» дейилган. Ҳатто Ҳусайн Бойқаро ҳам маълум муддат қозоқлик қилган, Ҳирот тахтини эгаллаганидан сўнг подшо бўлган...

— Бошқа жой қуриб кетганмикан? Нега айнан Тибетда қозоқлик қиляпсиз?

— Цеденбалнинг бола-чақасига Москва бошпана берган. Хотини ўрис эди. Меросхўрлари Иван тоғасини қора тортиб кетган.
Тилмочга ишора қилиб охирги саволимни яна такрорладим. Чол ўтирган ўрнида бир қўзғалиб қўйди. Тасбеҳини ҳовучига сиқимлаб олди.

— Ман Далай Лама бўламан. Хитой ҳукумати билан Тибет лидерлари ўртасида музокара бошланишига бош қўшиб, ўртамизда воситачилик қилишингизни сўрайман.

Ўрнимдан сапчиб туриб, хайр-маъзурни ҳам насия қилиб¸ қабулхонадан чиқиб кетдим. Орқамдан етиб келган адъютантимнинг башарасига тарсаки тортиб юбордим.

— Бегуноҳ одамди нега урасиз? Бу ишга ман жавобгар эмасман-ку! Ана, Ташқи ишлар вазирини уринг!

Яна бир тарсаки уриб:

— Чақир уни, аҳмақ! — деб апартаментимга кириб кетдим.

Дам ўтмай оч жигарранг чакмонни билагига ташлаб Ташқи ишлар вазири пайдо бўлди. Уни роса обориб-опкелдим... Далай Лама манга эгнидаги чакмонни эсдалик сифатида ташлаб кетибди.

— Бўпти, чакмонни шахсий коллекциямга қўшиб қўй, — дедим хуморимдан чиққанимдан сўнг. — Аҳмақ!

Бехос ўша чакмон эсимга тушиб қолди. Адъютантимни чақириб: «Опчиқ», дедим. Чакмонни опчиқди. Ундан нафталин ҳиди анқиб турарди. Чакмонни елкамга елвагай ташлаб тошойнага ўзимни солиб кўрдим: сарғимтир ясама соқол-мўйловим чакмон рангига мос тушган эди.

— Айнан шу чакмонни сўраганимни қайдан билдинг? — деб сўрадим.

— Эрудиция, — деди адъютантим бетини силаб. — Калтакнинг кучи билан ҳатто айиқни ҳам мулло қилиш мумкин экан.

— Балли! — деб елкасига қоқдим. — Ўзинг ҳам эски тўн-пўн кийиб олгин, бозор айланамиз.

— Хўп бўлади.

Баҳор серёғин келди. Худди осмоннинг кети тешилиб қолганга ўхшарди. Ҳафта давомида тинимсиз ёмғир ёғди. Ҳадеб шивалаб ёмғир ёғаверса, одамнинг юраги сиқилиб кетар экан. Энди деҳқонларга қийин бўлади. Вилоятлардан келаётган маълумотларга қараганда, аксарият майдонларда чигит қайта экиляпти, буғдойзорларда занг касали пайдо бўлган. Ҳечқиси йўқ, май ойи энди бошланди, астойдил ишлов берилса, вегетация даврида ҳозир бой берилган кунларнинг ўрни қопланиб кетади.

Чакмоннинг енгларига қўлимни тиқиб ташқарига чиқдим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG