Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:16

Равалпинди учинчи марта нишонга олинди


Равалпинди шаҳридаги масжидда содир этилган худкуш ҳужумда 35 одам ҳалок бўлди.
Равалпинди шаҳридаги масжидда содир этилган худкуш ҳужумда 35 одам ҳалок бўлди.

Покистоннинг Равалпинди шаҳридаги ҳарбий қисмларда хизмат қиладиган аскар ва зобитлар жума намозини ўқиётган масжидга худкуш ҳужум уюштирилди. Покистон ҳарбийлари “Ҳужум уюштирган шахслардан баъзилари воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган”, деган фикрда.

Покистон расмийларга кўра, масжидга бостириб кирган худкуш кимсалар ўзини портлатишдан олдин жума намозини ўқиш учун йиғилган одамларни ўққа тутиб, кейин гранаталар портлатган.

Маҳаллий ахборот агентликлари хабарига кўра, ҳужум оқибатида 35 одам, жумладан, Покистон армиясининг икки генерали ва бир неча зобит ўлган, 40дан ортиқ одам яраланган.

Воқеадан кейин ҳавода ҳарбий вертолётлар парвоз қилган. Хавфсизлик ходимлари воқеа жойидан қочгани тахмин қилинган жангариларни қидирмоқда.

Покистон армияси матбуот котиби генерал Атҳар Аббос ҳужум бир неча шахс томонидан уюштирилганини айтди.

“Улар масжид ичида бомба портлатишди. Одамларни ўққа тутишди. Террорчилар ўлдирилди. Аммо биз улар неча киши бўлганини аниқ билмаймиз”, деди Покистон армияси матбуот котиби.

Равалпинди шаҳридаги ҳужум толиблар жангарилари томонидан уюштирилгани тахмин қилинмоқда. Бу октябр ойидан бери Равалпиндида уюштирилган учинчи ҳужум.

Покистон ички ишлар вазири Раҳмон Малик Покистондаги хусусий телеканалга берган интервюсида масжидга ҳужум қилганлар ибодатчилар каби кийимда бўлганларини айтди.

Маликка кўра, ҳужумни икки шахс амалга оширган. Портлаш оқибатида масжиднинг томи қулаб тушган. Ички ишлар вазири фикрича, бу ҳужум Сват водийси ва Вазиристон вилоятида Покистон армияси Толибон жангариларига қарши муваффақиятли амалиётлар олиб бораётганига жавобан уюштирилган.

Равалпинди туман касалхонаси бош шифокори Раҳмон мухбирларга касалхона ходимлари юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилгани ва касалхона яраланган одамларни қабул қилишга тайёр эканини айтди.

- Бизда барча тиббий ускуналар бор. Биз фавқулодда вазият эълон қилиб, барча жарроҳлар ва бошқа шифокорларни касалхонага чақиртирдик. Биз реанимация хонасини бўшатиб, жароҳатланган ва яраланган одамларни қабул қилишга тайёрлаб қўйдик, деди Равалпинди касалхонаси бош шифокори Раҳмон.

Хабарларга кўра, ҳужум уюштирилган пайтда масжидда 200 - 300 нафар одам бўлган. Уларнинг аксари ҳарбийлар эди.

Исломобод шаҳридан бир неча километр нарида жойлашган Равалпинди гарнизон шаҳрида Покистон армияси Бош қўмондонлиги жойлашган.
XS
SM
MD
LG