Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:46

Чегарада миналар хавфи камаймаган


Тожик-ўзбек чегарасидаги ва Тожикистоннинг ўзидаги пиёдаларга қарши миналар тез орада тозаланиши керак. Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуман иштирокчилари ана шундай хулосага келдилар.

4 декабр куни Хўжанд шаҳрида Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой, ЕХҲТ ҳамда мутахассислар иштирокида ўтган анжуманда ўн йил олдин миналаштирилган ўзбек-тожик чегарасида бегуноҳ одамларнинг нобуд бўлиши ва жабр кўриши Ўзбекистон ҳукумати раҳбарларини ҳанузгача ташвишга солмаётгани ҳақида гапирилди.

- Мазкур анжуманни ўтказишга вилоятда миналардан энг кўп зарар кўрган Исфара, Панжакент ва Ашт туманлари аҳолисидан бизга келган аризалар сабаб бўлди. Ҳанузгача тожик-ўзбек чегарасига қўйилган миналардан бегуноҳ одамлар ҳалок бўляпти. Ўзбекистон томони шу кунга қадар бу муаммони ҳал қилишга шошилмаяпти. Шунинг учун ҳам чегараолди туманлари аҳолиси миналардан эҳтиёт бўлиши учун нималар қилиш кераклиги ҳақида тадбирлар ўтказаяпмиз, дейди Қизил Хоч Халқаро ташкилоти вакили Саидумар Жононаев.

Айни пайтда Ўзбекистон томони Тожикистоннинг бу иддаоларни рад этиб келмоқда.Ўзбек расмийларига кўра ўзбек-тожик чегараси, айрим оммавий ахборот воситаларида ёзилганидек, бошдан-оёқ миналаштирилмаган. Чегарани қўриқлаш қийин бўлган ҳудудларигина контрабанда, гиёҳванд моддалар, террорчи гуруҳлар, жангарилар ва бошқа унсурлар киришининг олдини олиш мақсадида ўз вақтида миналаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов журналистлар билан суҳбатда: “Миналаштирилган ҳудудлардан бир қисми икки йил муқаддам тозаланган. Аммо ҳозирча қўшни Афғонистонда барқарорлик ўрнатилмаган экан ва толиблар тўла зарарсизлантирилмаган экан, чегарадаги миналарни тозалаш ҳақида гапириш ҳали эрта”, деган эди.

Маҳаллий таҳлилчи Абдувосит Салимзоданинг сўзларига кўра, миналаштирилган ерлар тозаланиши керак ва бу иш тезлаштирилиши лозим.

- Ўн йилдирки, чегарага қўйилган миналар оқибатида ота-оналар ўз фарзандларидан, фарзандлар эса ота-онасидан жудо бўлмоқда. Минтақада тинчлик, уруш деган нарса йўқ. Шу боис миналарни тозалаш пайти етиб келган. Икки давлат раҳбарлари, тегишли идоралар бу борада икки томонлама музокаралар олиб бориб, муаммони ҳал қилишлар керак. Ахир асрлар давомида чегара нималигини билмаган икки халқни қачонгача ажратиб қўйишади, дейди таҳлилчи.

Расмий маълумотларга кўра,сўнгги ўн йил давомида тожик-ўзбек чегарасига қўйилган миналардан 80 га яқин тожикистонлик нобуд бўлди, 200 га яқин тожикистонлик эса турли даражада тан жароҳати олиб, мажруҳга айланди. Тожикистон ҳудудида 25 миллион квадрат метр ерда фуқаролик уруши давридан қолган миналар мавжуд бўлиб, ҳар йили бу ерларда одамлар жабр кўрмоқда.
XS
SM
MD
LG