Линклар

Қирғизистонга яна бир ҳуқуқ фаоли қўйилмади

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик ҳуқуқ фаоли Нигина Баҳриеванинг айтишича, уни Бишкекка қўймаган қирғиз расмийлари ўз ҳаракатларини тўла изоҳлаб бермаганлар.

Тожикистонлик ҳуқуқ фаоли Нигина Баҳриеванинг айтишича, уни Бишкекка қўймаган қирғиз расмийлари ўз ҳаракатларини тўла изоҳлаб бермаганлар.

Ҳюман Райтс Вотч халқаро ташкилоти қирғиз расмийлари томонидан ҳуқуқ ҳимоячиси Нигина Баҳриеванинг Қирғизистон ҳудудига кириши 2019 йилга қадар таъқиқлаб қўйилгани юзасидан ташвиш билдирди.

Шу йил 2 декабрида Қирғизистон Омбудсмени идораси вакиллари учун тренинг ўтказиш мақсадида Қирғизистонга борган тожикистонлик ҳуқуқ фаоли Нигина Баҳриева Бишкек шаҳрига киритилмади.

Нигинанинг маълум қилишича, унинг ҳужжатлари билан танишган қирғиз чегарачилари ҳуқуқ ҳимоячисини “Манас” аэропортидан ортга қайтариб юборганлар.

- Мен “Озодлик овози” жамоатчилик жамғармаси ташкил этган тренингни ўтказиш учун Бишкекка борган эдим. Аммо паспортим билан танишган қирғизистонлик чегарачилар 2019 йилга қадар Қирғизистон чегарасини кесиб ўтишим таъқиқланганини маълум қилишди. Негалигини тўла изоҳлаб беришмади, аммо шу йил сентябрида Бишкекда ёш юристлар учун ўтказилган бошқа бир тренингда қатнашганим бу мамлакат ҳукумати учун муаммо яратганини айтишди, дейди Нигина Баҳриева.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўз фаолиятида бирор сиёсий ғараз йўқлигини қайд этаркан, узоқ йиллик фаолияти давомида бу бошқа давлатга кириши таъқиқлангани билан боғлиқ илк ҳодиса эканини айтади.

Унга кўра, қирғизистонлик касбдошлари ҳам ҳозиргача Бишкекда рўй берган воқеа сабабларини аниқлай олмаганлар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова Нигина Баҳриева Қирғизистон ҳудудига киритилмаган биринчи ҳуқуқ фаоли эмаслигини айтади.

- Сўнгги йилларда Қирғизистонда ўтказилаётган халқаро тадбирларда қатнашиш учун бошқа давлатлардан келаётган ҳуқуқ ҳимоячиларини мамлакат миллий хавфсизлик ходимлари Бишкекка киритмай қўйишмоқда. Хусусан, халқаро миқёсдаги ҳуқуқ ҳимоячиларини. Шу тариқа, халқаро ҳуқуқ ҳимоячиларидан бир неча киши, хусусан, Нигина Баҳриева миллий хавфсизлик қўмитасининг мамлакатга кириши таъқиқланган шахслар рўйхатига киритилган, дейди Азиза Абдурасулова.

Кузатувчилар фикрича, сўнгги пайтларда “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази фаоллари Виталий Пономарев ва Баҳром Ҳамроев, Хельсинки инсон ҳуқуқлари комитети аъзоси Ивар Дале, украиналик журналист Евген Глибовицкий ва сиёсий шарҳловчи Марина Габитованинг Қирғизистондан депортация қилиниши қирғиз куч ишлатар тузилмалари ходимлари қўлида мамлакатга киритилмаслиги лозим бўлган “номақбул шахслар”нинг махсус рўйхати борлигидан далолатдир.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Ражаби Мирзо Бишкекда Нигина Баҳриеванинг депортация қилиниши билан боғлиқ ҳолатни қирғиз расмийлари ҳадиги билан изоҳлайди.

- Фаолияти шаффоф бўлмаган ҳар бир мамлакатда ҳар хил баҳоналар билан ҳалқаро ҳуқуқ ҳимоячилари учун тўсиқ яратишади, чунки давлат мулозимлари улардан қўрқишади. Аммо баъзида уларнинг бу масалаларни давлат миқёсига чиқариши мамлакатлар орасидаги муносабатларнинг совушишига ҳам сабаб бўлади. Масалан, Тожикистон билан Ўзбекистон ўртасидаги “жосус–жосус” васвасаларининг илдизи ҳам мана шундай воқеаларга бориб тақалади, десак хато бўлмас, дейди тожикистонлик мустақил таҳлилчи Ражаби Мирзо.

Таҳлилчи фикрича, Нигина Баҳриева билан рўй берган ҳолат Қирғизистонда демократик тамойилларга риоя қилиш иши оқсаётганини яна бир бор исботлаб берди.
XS
SM
MD
LG