Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:20

Пермдаги фожеага мушакбозлик сабаб бўлди


Россиянинг Перм шаҳридаги тунги клублардан бирида рўй берган ёнғин оқибатида 100 дан зиёд киши нобуд бўлиб, юзлаб киши тан жароҳати олди. Текширув натижалари клубдаги ҳодисанинг қўпорувчилик амалиёти ҳосиласи бўлмаганини кўрсатмоқда.

Пермдан олинган сўнгги маълумотларга кўра, “Хромая лошадь” тунги клубида рўй берган ёнғин оқибатида нобуд бўлганлар сони 109 кишига етган.

Россия Бош прокуратураси қошидаги тергов қўмитаси расмий вакили Владимир Маркин сўзларига кўра, 98 киши фожеа жойида, 11 киши эса шифохонада ҳалок бўлган. 130 дан зиёд киши шифохонага ётқизилган, улардан кўпининг аҳволи оғир.

Маълум бўлишича, “Хромая лошадь” тунги клубининг саккиз йиллиги муносабати билан клуб раҳбарияти катта байрам тадбири ўтказган. Ушбу тадбир чоғида эса клуб ичкарисида мушакбозлик бўлган.

Фожеа гувоҳларидан бири рўй берган воқеани ўз видео камерасига туширишга муваффақ бўлган. Мушакбозлик чоғида учқун юпқа материалдан қилинган шифтга теккан ва бир неча сония ичида клуб шифти ёна бошлаган. Ёнғин рўй берган пайтда клуб ичкарисида 250 чоғли одам бўлган.

Жон сақлаш мақсадида одамлар ўзларини бинодаги ягона чиқиш эшиги томон ташлаганлар.

Гувоҳларнинг билдиришича, тунги клуб зиёратчиларининг аксари “Хромая лошадь” клуби раҳбарияти ва ходимларининг оила аъзолари ҳамда дўстлари бўлган.

Айни пайтда Россия фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расмийларидан бири ёнғиндан сўнг шифохонага ётқизилган тўрт шахс ҳалок бўлгани ва тан жароҳати олганлардан 70 дан зиёди оғир аҳволда қолаётганини маълум қилди.

Бу эса "фожеа қурбонлари сони янада ошиши мумкин" деган тахминларни кучайтирди.

Бугун журналистлар билан учрашган Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили тунги клубдаги ёнғинга лицензиядан ўтмаган мушакларнинг ишлатилиши сабаб бўлганини қайд этди.

Мамлакат бош вазири Владимир Путин бир гуруҳ шифокорларни зудлик билан Перм шаҳрига юбориш тўғрисида топшириқ берди.

Тунги клубдаги ёнғинда тан жароҳати олган 20 га яқин шахс эса махсус самолёт билан Пермдан Москвага олиб келинди.

Жума куни тунда эса Россия Фавқулодда ҳолатлар вазири Сергей Шойгу, Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев ва Соғлиқни сақлаш вазири Татьяна Голикова зудлик билан Перм шаҳрига етиб бордилар.

Россия президенти Дмитрий Медведев 7 декабрни Россияда мотам куни деб эълон қилди. Перм шаҳрида эса фожеа қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG