Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:53

Ўзбекистонда тўйлардан бошқа ҳам муаммо кўп


“Миллий тикланиш” демократик партияси аъзолари ўзбекистонлик сайловчиларни дабдабали тўй ва тантаналар ўтказишдан воз кечишга чақирди. Айни пайтда кузатувчилар, Ўзбекистондаги сиёсий партиялар бундан-да арзирлироқ ислоҳот таклифлари билан чиқишлари мумкин эди, дея мулоҳаза билдирмоқдалар.

Ўзбекистон давлат телеканалларида сайловолди ташвиқоти учун ажратилган 20 дақиқали чиқиш чоғида “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ўзларининг дабдабали тўй ва тантаналарга қарши эканини билдирдилар.

“Ўзбек халқи кўп асрлик тарихга, бетакрор ва ажойиб анъана ва урф-одатларга эга. Биз бу билан фахрланишимиз керак. Бизнинг партиямиз учун миллий маданият ҳамма нарсадан устун. Бу борада биз “Маданий оиладан тараққиётга” деган махсус дастур ишлаб чиққанмиз, чунки маданият тарбияси айнан оиладан бошланади. Бундан буёнги фаолиятимиз мобайнида биз уни албатта ҳаётга татбиқ этамиз”, дея иқтибос келтиради 12.uz сайти “Миллий тикланиш” партияси Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Ахтам Турсунов сўзларидан.

Партия аъзолари фикрича, жамиятда юзага келган қатор стереотиплар, масалан, дабдабали тўй ва тантаналар юксак маданий қадриятларга эга жамият қуришда катта тўсиқ бўлиб ҳисобланади.

“Миллий тикланиш” вакилларининг ортиқча дабдабабозлик ва исрофгарчиликка қарши чақириқлари ўринли эканини қайд этган кузатувчилар бундай “тўқликка шўхлик” қабилидаги маросимларни Ўзбекистонда кўпроқ амалдорлар ўтказаётганларини таъкидлайдилар.

Айни пайтда, таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда сиёсий партиялар кўтариши мумкин бўлган муаммолар орасида халқни дабдабали тўйлар қилишдан қайтаришдан кўра долзарброқ муаммолар кўп. Жамиятда конституциявий меъёрларга риоя қилинишини, қонун устиворлиги таъминланишини, адолат ўрнатилишини талаб қилиш, сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, ана шундай долзарб муаммолар жумласидандир.

- Лекин шу алтернатив таклифлар миллионта бўлишидан қатъий назар, улардан биттасини ҳам Ўзбекистондаги сиёсий партиялар кўтариб чиқаётгани йўқ. Бу партиялар кўтариб чиқаётган таклифлар Ўзбекистондаги турмушнинг сифатини яхшилашга ёки давлат тизимини мукаммаллаштиришга олиб келадиган таклифлар эмас, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Дабдабали тўйлардан воз кечиш ташаббуси аввалроқ, аниқроғи, 2007 йилда тожик расмийлари томонидан ҳам кўтарилганди. Ҳатто бу борада Тожикистон президентининг махсус фармони ҳам чиққанди. Айрим маълумотларга кўра, мазкур ташаббус ортидан ўтган икки ярим йил ичида тожикистонликлар 1 миллиард долларга яқин маблағни иқтисод қилганлар.
XS
SM
MD
LG