Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:13

Имомали Раҳмон яна ваъда берди


Имомали Раҳмон юқори минбардан туриб, мамлакатда адолатли сайлов ўтказилишига кафолат берди.
Имомали Раҳмон юқори минбардан туриб, мамлакатда адолатли сайлов ўтказилишига кафолат берди.

4 декабр куни Тожикистон жамоатчилик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Имомали Раҳмон сиёсий партиялар вакилларига мурожаат қилиб, навбатдаги парламент сайловлари шаффоф ва демократик тамойилларга асосланган ҳолда ўтишини кафолатлади.

- Мен президент сифатида олдинда турган сиёсий тадбир шаффоф ва демократик тарзда ўтиши тарафдориман. Олдинда турган муҳим сиёсий тадбирда мамлакат фуқаролари эркинлиги ҳар томонлама таминланишига кафолат бераман ва барча давлат идоралари масъулларидан Тожикистоннинг “Сайловлар тўғрисидаги қонун”и талабларига риоя қилишини қатъий талаб қиламан,- дея таъкидлади Имомали Раҳмон жамоатчилик кенгаши вакиллари ҳузурида сўзлаган нутқи давомида.

Шунинг билан бирга тожик президенти 1997 йил Сўғд вилояти марказида “миллат душманлари” томонидан ўзига нисбатан уюштирилган суиқасд ва ўшанда портлатилган граната қолдиқлари ҳалигача баданида сақланиб қолганига тўхталар экан, сиёсий доиралар ва партияларни олдинда турган сиёсий тадбирда турли хилдаги номаъқул ишларга қўл урмасликка чақирди.

- Парламент сайловларининг демократик, шаффоф ўтишини, бунинг учун эса ижроия ҳокимиятларининг қонунга хилоф ҳатти-ҳаракатлар ва фалсификацияга йўл қўймасликларини қатъий талаб қиламан ,- дея таъкидлади Имомали Раҳмон.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий эса мамлакат парламенига сайлов тўғрисидаги қонунда мавжуд айрим нуқсонлар тузатилмас экан, навбатдаги овоз бериш жараёни демократик тарзда ўтишига ишонмаслигини билдирди.

- Мен бугунги йиғилишда қонунда мавжуд нуқсонларга тўхталиб ўтдим. Президент парламент сайловлари шаффоф ўтишини кафолатлашига оид берган ваъдасига вафо қилса, шунингдек, парламент сайловлари тўғрисидаги қонунда хатоликлар тузатилса, мамлакатда ҳақиқий демократик парламент ташкил топиши мумкин деб ўйлайман, - деди Муҳиддин Кабирий .

Ислом уйғониш партияси расмийси қонуннинг 33 – моддасига биноан диний ташкилот ёки жамият раҳбари бўлган шахс парламент юқори палатаси депутати бўлиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтганларига мисол тариқасида келтирди. Унга кўра, бу фуқаролар ҳуқуқлари, дин ва виждон эркинликларининг поймол қилинишидан бошқа нарса эмас.

Аснода Муҳиддин Кабирий мамлакат жамоатчилик кенгашининг бу галги йиғилиши аввалги йиғилишларидан кўп жиҳатлари билан фарқ қилганини маълум қилди.

- Олдингилари бошдан охиригача фақат президентни улуғлаш, мақташ, олқишлаш билан ўтарди. Бугунги йиғилишда эса бу каби тарифу таҳсинлар умуман кузатилмади, аниқроғи президентнинг ўзи бунга йўл қўймади, - дея маълум қилди мухолифатдаги партия расмийси.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, давлат раҳбарининг парламент сайловлари шаффоф ва демократик принципларга хос ўтишини кафолатлаши “парламент сайловларининг ҳақиқатдан ҳам шаффоф ўтиши таъминланади”, деган маънони англатмайди.

- Бугунги йиғилишда сиёсий партиялар ва жамоатчилик кенгашининг кўпчилик аъзолари парламент сайлови тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини таклиф қилишди. Аммо бу таклиф президент томонидан эътиборга олинмади.

Йиғилиш иштирокчиларининг маҳаллий ҳокимиятлар сайлов жараёнига аралашмаслигига оид таклифи назарга олиниб, президент томонидан улар огоҳлантирилгани билан парламент сайлови ҳақиқатдан шаффоф ўтишига ишониш қийин. Менимча, энг аввало қонун нуқсонлардан тозаланиши шарт, - дейди мустақил таҳлилчи.

Мамадазимовга кўра, мамлактда тинчлик устуворлигини сақлаб қолиш, миллий бирлик мустаҳкамлигини таъминлаш учун қонунлар нуқсонсиз бўлиши ва давлат раҳбаридан тортиб маҳаллий ҳокимият пастки бўғинларига қадар ҳамма қонун талабларига қатъий риоя қилиши зарур.

Тожикистон парламенти юқори палатасининг 8 вакили президент томонидан тайинланиб, қолган 25 вакили эса сайлов участкаларида сайловчилар томонидан сайланади. Юқори палата вакиллари қаторида парламент қуйи палатасининг 63 вакили келаси 5 йил учун сайланади.

Тожикистон парламентининг навбатдаги сайлови 2010 йил февралида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG