Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:56

Расмийлар салафийлардан чўчимоқда


расмий маълумотда айтилиишча, салафийлар Қирғизистон ҳудудида 2002 йилда пайдо бўлган.
расмий маълумотда айтилиишча, салафийлар Қирғизистон ҳудудида 2002 йилда пайдо бўлган.

Қирғизистон ҳукумати расмийлари мамлакатда одамларни фақат Қуръон асосида яшашга тарғиб қилиб, дунёвий янгиликларни рад этувчи Салафий оқими илдиз отиб бораётганидан ташвиш билдирмоқдалар. Уларга кўра, бу оқим вакиллари республика мусулмонлари орасига раҳна солиб, турли низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

- Биз бунинг оқибати жуда аянчли бўлиши мумкинлигини расман айтамиз. Негаки, қирғиз халқининг дунёқараши билан улар онгимизга сингдирмоқчи бўлаётган ғоялар ўртасидаги зиддиятлар яққол кўриниб турибди. Шу сабабдан салафийлик оқими жамоатчилик орасида катта ташвиш уйғотмоқда,- деди Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари Қанибек Ўсмўналиев.

Маълумотларга кўра, Салафий оқими Қирғизистонда 2002 йилда пайдо бўлган. Улар чет эллик ҳомийлар маблағига мамлакат ҳудудида масжидлар қуришган. Бироқ ҳаракат Қирғизистонда расман рўйхатдан ўтмаган.

Айтиб ўтиш жоизки, расмийлар турли диний оқимлар сонининг кўпайиб бораётганига “Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг улар каби ташвиқот олиб боролмаётгани сабаб бўлмоқда”, деб ҳисоблайдилар

Бироқ Қирғизистон муфтийси Муротали ҳожи Жуманов бу фикрларга қўшилмайди. У журналистларга берган интервюларидан бирида “”Мамлакат хавфсизлигини сақлаш учун барча тенг ҳаракат қилиши керак”, деб фикр билдирганди.

- Давлат хавфсизлиги учун барчамиз тенг ҳаракат қилишимиз керак. Муфтиятнинг ёмон ишлаётганидан экстремистлар кўпайди ёки яхши ишлаётганидан озайди, деган фикр тўғри эмас, - деган эди Қирғизистон муфтийси.

Расмий дин вакилларига кўра, турли диний оқимларга асосан ёшлар қўшилмоқда.

Ўш вилоят қозиси Суйун хожи Қалиқов: “Турли диний оқимлар ўз сафларига ёшларни пул билан жалб қилмоқда”, деган фикрда.

Бироқ Қирғизистонда фаолият юритаётган турли диний оқим вакллари бу айловларни рад этадилар. Улар ўз сафдошларига хеч қандай молявий кўмак кўрсатилмаслигини айтдилар.

Ўшлик сиёсий таҳлилчи Ғанижон Холматов фикрича, диний оқимларни ёмонлаш, уларга қарши кураш каби ҳаракатларнинг барчаси диний оқимлар фойдасига ишламоқда.

- Уларга қарши турли ҳил мафкуралар билан курашиб, уларни танқид қила бошлсак, аслида биз уларни тарғиб қилаётган бўламиз. Уларнинг асосий мақсадлари ҳам шу: “Кўпроқ бизни қоралашсин, кўпроқ биз ҳақимизда гап бўлсин, кўпроқ бизни тарғиб қилишсин”. Уларнинг асосий йўналиши эътиборни чалғитиш, ҳолос. Шунинг учун уларга қарши курашда катта мафкуранинг кераги йўқ. Анъанавий ислом динининг ўзи, уни ўрганиш, уни билиш, Оллоҳнинг йўлидаги беш тамойилни маҳкам тутиб ҳаракат қилиш етарли. Уларга эътибор берган сари уларнинг обрўси ошган бўлади, улар ўзларини реклама қилиш мақсадида ҳам шундай курашга чақиришади, - деди Ғанижон Ҳолматов.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда икки мингдан ортиқ турли диний ташкилотлар рўйхатга олинган.

Қирғизистонда “Ҳизбут Таҳрир”, “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” аъзолари ҳамда “Акромий”, “Сўфий”, “Шофий”, “Салафий” каби турли диний оқим вакиллари мавжудлиги айтилади. Қирғиз расмийлари тарафидан уларга қарши курашишнинг турли услублари тўғрисида таклифлар билдирилади.

Қирғизистон парламентининг октябр ойида бўлиб ўтган йиғилишларидан бирида айрим депутатлар экстремистик руҳда ташвиқот олиб бораётган Ҳизб-ут Таҳрир каби оқимларга қарши репрессив курашни кескин кучайтириш таклифи билан чиққанлар.

Бироқ диний оқимлар сонининг ортаётгани уларга қарши курашлар самарасиз кечаётганидан дарак беради.
XS
SM
MD
LG