Линклар

Усама бин Ладин қаерда?


АҚШ Усама бин Ладиннинг қаерда экани тўғрисидаги маълумотга эга эмас.

АҚШ Усама бин Ладиннинг қаерда экани тўғрисидаги маълумотга эга эмас.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Ал-Қоида етакчиси Усама бин Ладиннинг қаерда беркинаётгани борасида АҚШ сўнгги бир неча йил давомида ҳеч қандай ишончли маълумотга эга бўлмаётганини маълум қилди.

Мудофаа вазири Роберт Гейтс АҚШ Ал-Қоида етакчисининг қаерда бўлиши мумкинлигини билмаслиги ва бу борада сўнги йиллар мобайнида ҳеч қандай маълумот қўлга киритилмаганини билдирди.

ABC News телеканалига интервю берган Роберт Гейтс: “Биз Усама бин Ладиннинг қаерда эканлигини билмаймиз. Агар буни билганимизда уни аллоқачон қўлга олган бўлар эдик”, дея таъкидлади. Мазкур интервюнинг бугун эфирга узатилиши кутилмоқда.

Интервю чоғида журналистлар АҚШ Мудофаа вазиридан Ал-Қоида етакчисига оид сўнги ишончли маълумот қачон қўлга киритилгани хусусида сўрадилар. Роберт Гейтс, ўз навбатида, бу каби маълумот бир неча йиллар илгари олинганини маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазири, шунингдек, журналистларнинг "Ал-Қоида етакчиси Афғонистонда экани борасида яқинда чиққан маълумотларни тасдиқлайсизми?" деган саволига "Йўқ", дея жавоб қайтарди.

Жорий ҳафта бошида БиБиСи телеканали Ал-Қоида етакчиси Афғонистонда бўлиши мумкин деган хабарни тарқатди. Телеканал, жумладан, Покистонда қўлга олинган толибон жанггарисининг “Усама бин Ладинни январ ёки феврал ойларида Афғонистонда кўрган ишончли бир шахс билан учрашганман”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

2001 йил 11 сентябр ҳуружларини режалаганликда айбланган Усама бин Ладиннинг Афғонистонда эмас, балки Покистоннинг қабилалар истиқомат қилувчи ҳудудларида бошпана топгани таҳмин қилинади.

Бироқ Покистонда қўлга олинган толибон жангарисига кўра, АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учқичлари томонидан амалга оширилаётган ҳаво зарбалари туфайли кўпгина жангарилар Покистон ҳудудига кирмасликни афзал кўрмоқдалар.

Бундан ташқари, жангари Усама бин Ладиннинг соғлом эканини ҳам маълум қилган. Бироқ Толибон жангарисининг бу каби баёнотларини тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Покистон ҳукумати ҳам Ал-Қоида етакчисининг мамлакат ҳудудида беркинаётгани борасидаги маълумотларни инкор қилиб келмоқда.

Жорий ҳафта Лондонга сафар қилган Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний: "АҚШ Усама бин Ладиннинг қаерда эканлиги борасида ишончли баълумот бериши лозим", деган фикрни билдирди. Ғилоний, шунингдек, ҳукумат кучлари чегара ҳудудларида терроризмга қарши олиб бораётган амалиётларда улкан маваффақиятларга эришганини билдирди.

Роберт Гейтснинг АҚШ телеканалига берган интервюсидан бир неча кун аввал эса президент Барак Обама Афғонистонга қўшимча 30 минг аксар юбориш тўғрисидаги қарорини ошкор қилди.

Оқ уй раҳбари бу борада қилган чиқишида АҚШ сентябр хуружларига жавобан урушга киришгани ва Толибон ҳаракати Усама бин Ладинни АҚШга топширишдан бош тортгандан сўнг Афғонистонга бостириб кирганини билдирди.
XS
SM
MD
LG