Линклар

logo-print

Тожикистон ва ХХР муносабатлари йилдан-йилга тиғизлашиб бораётганидан ташвиш билдирган маҳаллий кузатувчилар расмий Душанбе бунинг ўрнига ўз қўшнилари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини тикласа мақсадга мувофиқроқ бўлишидан баҳс этмоқдалар.

Бугунги кунда Тожикистонда ўнга яқин тожик-хитой қўшма корхоналари фаолият кўрсатаяпти. Хусусан, биргина Сўғд вилоятида 3 та йирик қўшма корхона ишлаб турибди. Бундан ташқари, иккита йирик улгуржи бозори очилган бўлиб, уларда асосан хитойликлар савдо қилади. Қайирб 500 километрли Душанбе-Хўжанд-Бўстон-Чаноқ йўли ҳам Хитой давлати маблағи ва мутахассислари ёрдамида қурилмоқда.

Куни кеча “Жануб- Шимол” электр энергияси линияси ишга тушди. Мазкур линия Хитой Халқ Республикасининг ТВЕА кампанияси томонидан уч йил ичида қурилиб, ишга туширилди. Қурилиш ишларига 282 миллион АҚШ доллари сарфланди. Ушбу маблағнинг 268 миллион доллари Хитойнинг Экспорт-импорт банки томонидан қарз сифатида берилган.

Таҳлилчилар фикрича, Хитойнинг Тожикистонда кенг кўламда олиб бораётган иқтисодий ва савдо соҳасидаги ҳамкорлиги беғараз эмас. Чунки Хитой томони, биринчи навбатда, ўз манфаатларини, яъни иқтисодий ва ижтимоий ҳамда демографик муаммоларини ҳал қилишни кўзламоқда. Бунинг учун эса Марказий Осиё давлатлари ўртасида энг камбағал ҳисобланган Тожикистон ҳар томонлама қулай шерикдир.

Расмий маълумотларга кўра, Хитой биргина Хўжанд шаҳрида олтита қурилиш лойиҳаларини амалга оширади. Жумладан, шўролар даврида Сирдарё бўйида қурилган “Чумчуқорол” истироҳат боғини қайта тиклайди, Хўжанд марказидаги маданият ва истироҳат боғини замонавий хордиқ чиқариш марказига айлантиради. Шунингдек, кўп қаватли замонавий меҳмонхоналар, савдо нуқталари қурилиши белгиланган.

Расмийлар Хитойнинг иқтисодий ёрдами 2008 йилда Тожикистон Хитойга бир неча минг квадрат километр ҳудудини ҳадя этгани эвазига берилаётгани тўғрисидаги миш-мишларни рад этмоқда.

- Тожикистон билан Хитой ўртасидаги бу ҳамкорлик Шанхай форуми доирасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш келишувига кўра амалга оширилмоқда. Бу ҳамкорлик биринчи навбатда Тожикистон аҳолиси манфаатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда, деди Сўғд вилоят ҳукумати мулозими Анвар Ёқубов.

Шу йил декабр ойи бошида Тожикистон “Конимансур” конини савдога қўйди. Олимларнинг ҳисоб- китобларига кўра, мазкур конда қарийб 60 минг тонна кумуш бор. Шунингдек, бу ерда қўрғошин ва руҳ ҳам кам эмаслиги айтилмоқда.

Қайроққум шаҳрининг Мўғул тоғи ва Қурама тизма тоғлари ёнбағрида жойлашган “Конимансур” конида қазиш ишларини олиб бориш учун, расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда фақат иккита давлат - Россия ва Хитой даъвогарлик қилмоқда. Мутахассисларнинг айтишларича, мазкур конда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш бўйича тендерда Хитой қўли баландроқ келиши мумкин.

- Чунки, дастлабки маълумотларга кўра, Хитой Тожикистон иқтисодиётига уч миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишга тайёр эканлигини билдирган. Жорий йил 11 ой мобайнида бу кўрсаткич бир миллиарддан ошди. Айтмоқчиманки, Хитой Россия ёки бошқа давлатларга нисбатан ишончлироқ ҳамкор эканини амалда кўрсатмоқда. Шу боис ҳам кимошди савдосида Хитой ғолиб чиқади, дейди Тожикистон президенти ҳузуридаги стратегик тадқиқотлар институти ходими Вафо Ниятбеков.

Иқтисодчи Георгий Кошлаковнинг фикрича эса Тожикистон ҳукумати ён қўшнилари, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтириши лозим. Чунки қўшниларда бундай конларни ўзлаштириш соҳасида тажриба катта. Боз устига, қўшнилар конни ишга туширса, асосан Тожикистон фуқаролари иш билан таъминланади.

- “Конимансур” биргина у ердаги бойликлар билангина эмас, балки жойлашган мавзеси билан ҳам иқтисодий томондан жуда қулай. Чунки Конимансур Ўзбекистоннинг йирик саноат корхоналари жойлашган Олмалиқ, Ангрен ва Бекобод каби шаҳарлари билан чегарадош. Айтмоқчиманки, зарур бўлган техника, энергетика заҳиралари ёнгинасида, дейди иқтисодчи.

Маҳаллий таҳлилчиларнинг эътироф этишларича, Хитойнинг Тожикистонда олиб бораётган иқтисодий ва савдо соҳасидаги фаолияти Тожикистон учун фойдали эмас.

- Бугун вилоят йўл қурилиши ишларида икки мингдан зиёд хитойлик меҳнат қилмоқда. Тўғри, йўл қурилиши яхши тадбир, республика иқтисодиёти, равнақи учун керак. Лекин бир нарсага ҳайронман - бугун бир ярим миллиондан ортиқ фуқароларимиз Россияда меҳнат муҳожирлигида юрибди. Бу ерда эса хитойликлар ишламоқда. Ахир шу қурилишларда ўзимизнинг одамларимиз ишласа бўлади-ку? Назаримда, республика раҳбарлари биринчи навбатда ўз халқи учун жон куйдириши керак, дейди таҳлилчи Жамолиддин Саидов.

Таҳлилчининг айтишича, Тожикистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар яхшиланаётганининг айрим шахсларгагина фойдаси бор.

- Ўзбек халқининг шундай мақоли бор, “Гилам сотсанг, қўшнингга сот - бир четида ўзинг ҳам ўтирасан”. Шунинг учун қўшни билан алоқаларни мустаҳкамлаш лозим. Агар икки мамлакат илгаригидек ҳамкорликни, яхши қўшничиликни тикласа, биринчи галда ҳар икки давлат халқи манфаати кўзланади, фаровонлик бўлади, дейди Жамолиддин Саидов.
XS
SM
MD
LG