Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:56

"Дадамнинг соғлигидан жуда хавотирдаман"


Фарғона шаҳар қамоқхонасида сақланаётган ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхонов юрак хуружига учради. Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг ўғли Жамолхон Маматхонов маълум қилди.

- Шанба куни бизга шунақа хабар келди. Дадам юрак хуружига учрабди. Мен қамоқхонага дадам учун дори-дармон олиб бориб бердим. Бизни дадам билан учраштиришмади. Дадамни аҳволлари оғир экан. Ҳозир ҳатто ўринларидан тура олмаяпти экан. Кун бўйи фақат камерада ётибди, дейишди. Дадамнинг соғлигидан жуда хавотирдаман, дейди Жамолхон Маматхонов.

Жамолхон отасининг аввал ҳам икки марта юрак хуружига учрагани айтиб, отаси айни пайтда шошилинч тиббий муолажага муҳтож эканлигини айтади.

Фарғона шаҳар қамоқхонасидан Ғанихон Маматхоновнинг соғлиги борасида қўшимча маълумот олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистондаги “Ўтюраклар клуби” раҳбари, ҳозирда Францияда яшаётган Мўътабар Тожибоева Халқаро Қизил Хоч жамияти вакилларига мурожаат қилиб, уларни Фарғона қамоқхонасига бориб, Ғанихон Маматхонов соғлигидан хабар олишга чақиради.

Мўътабар Тожибоева ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг бошига тушган кўргуликларни унинг касбий фаолияти билан боғлар экан, унга нисбатан очилган жиноий иш махсус уюштирилган, деган фикрни билдиради.

- Ғанихон Маматхонов Марғилонда пайтимда менинг олдимга келганда: “Мўътабар¸ мен катта бир илоннинг думини эзиб олдим шекилли. Менга нисбатан таъқиблар кучаяяпти. Худо билади - якуни нима бўлади... Лекин бу ишни охиригача олиб бораман”, деб айтган эди. Мана ҳозир қўлимда бир дунë ҳужжатлар турибди. Бу ҳужжатлар Ғанихон Маматхоновнинг Фарғона вилояти Боғдод туманидаги “Шарқ неъматлари” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасининг манфаатларини ҳимоя қилганини исботлайди. Ғанихон Маматхонов ўша корхона ишчиларининг вакили сифатида ҳукумат идораларига¸ биринчи ўринда, президентга очиқ хат билан мурожаат қилиб¸ 150 нафардан ортиқ одам ишлаётган қўшма корхонанинг банкрот деб эълон қилинишига ўз норозилигини билдирган эди. Бундан ташқари, сентябр ойида Ғанихон Маматхонов пластик карточкалар бўйича муаммо, фермерлар муаммолари, ишсизлик масалаларида ҳам кўплаб ишлар қилган. Шунингдек, у ногиронлар ва қариялар нафақаларининг¸ кам таъминланган оилаларнинг болаларига бериладиган нафақаларнинг ўзлаштирилиш жараëнлари ҳақида ҳам фактлар билан мамлакат президенти Ислом Каримовга мурожаат қилган экан, дейди Мўътабар Тожибоева.

Бошқа кўплаб маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Ғанихон Маматхонов ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти туфайли қамоққа олинганини таъкидлаб келадилар.

Ғанихон Маматхонов анча йиллардан буён қароргоҳи Германияда жойлашган Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Ўзбекистондаги қўмитаси аъзоси бўлиб, айни ташкилотнинг Фарғонадаги вакили сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Суд ҳукмига кўра, Ғанихон Маматхонов Ўзбекистон жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) ва 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича айбланди.

Айблов хулосасига кўра, Ғанихон Маматхонов икки ҳолатда пора талаб қилганликда гумон қилинди.

Биринчи ҳолатда 100 минг сўм, иккинчи ҳолатда 4,5 миллион сўмни пора сифатида сўраганликда айбланди.

Маҳкама жараёнини кузатган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, судда Ғанихон Маматхоновга сўз берилган пайтда у Тоҳир Сулаймонов исмли фермердан 100 минг сўмни олганини тан олган, лекин бу пулни пора сифатида эмас, балки фермер ишини битказиш ҳаражатлари учун олганини айтган.

Ғанихон Маматхонов жорий йилнинг 10 октябр куни Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

16 ноябр куни Фарғона вилоят Охунбобоев туман судида Ғанихон Маматхонов иши бўйича маҳкама жараёни бошланганди.

25 ноябр куни судя Нуриддин Қодиров Ғанихон Маматхоновга беш йиллик қамоқ жазоси тайинлаш тўғрисида ҳукм эълон қилди.

26 ноябр куни Жамолхон Маматхонов отаси Ғанихон Маматхонов иши бўйича апелляция аризасини топширган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновни зудлик билан озод этишга чақирган.
XS
SM
MD
LG