Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:29

Қонун янгиланган, аммо тартиб эскича


Бундан буён Ўзбекистонда табиий офат ҳақида ёлғон маълумот тарқатган шахслар жазоланадиган бўлди.
Бундан буён Ўзбекистонда табиий офат ҳақида ёлғон маълумот тарқатган шахслар жазоланадиган бўлди.

Ўзбекистонда бундан буён табиий офатлар ва фавқулодда ходисалар тўғрисидаги маълумотларни яширган ёки ёлғон маълумот берган масъул шахслар жазоланадиган бўлди. Ўзбекистон Олий Мажлиси юқори палатаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси маъмурий кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмуни ана шундай.

Парламент депутати Маъруф Усмонов “Ўзбекистон республикаси маъмурий кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни Россиянинг Regnum ахборот агентлигига шарҳлаб берган.

Ўзбекистон парламенти депутатининг айтишича, қонунга киритилган ўзгартишларда табиий офатлар ва фавқулодда ҳолатлар юзасидан ўз вақтида ахборот бермаган, мазкур воқеани яширган ёки ёлғон маълумот тарқатган масъул шахслар жавобгарлиги судда кўриб чиқилиши белгиланган.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, бу мамлакатда фавқулодда ҳолатлар у ёқда турсин, оддийгина табиий офатлар, масалан, қайсидир бир ҳудудни сел босгани тўғрисидаги маълумотлар ҳам халқдан яшириб келинган.

- Шу пайтгача Ўзбекистон расмийлари ҳеч қачон табиий ҳодиса юз берадиган бўлса¸ шу нарсани эълон қилиб, айтиб келган эмас. Лекин ярим йил ўтгандан кейин “Фалон жойда бунақа бўлибди. Одамлар ҳалок бўлибди”, деган гаплар бўлар эди. Шу ахборотлар миш-мишлар тарзида бўларди. Ҳукумат расман матбуотга очиқ-ойдин ҳеч қачон гапирган эмас. Айни пайтда бундай воқеалар бошқа давлатларда юз берса¸ ўзбек матбуотида жуда кенг ёритилган, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистон қонунчилигига табиий офатлар ва фавқулодда ҳолатлар юзасидан ўз вақтида ахборот бермаган, мазкур воқеани яширган ёки ёлғон маълумот тарқатган масъул шахслар жавобгарлиги судда кўриб чиқилиши тўғрисида ўзгартишлар киритилгач, мазкур ҳолатлар юзасидан жамоатчиликка ахборот бериш йўлга қўйиладими?

Бу саволга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Комилжон Абдунабиевга сим қоқдик ва ундан жорий йилда бўлиб ўтган табиий офатлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш йўлида қилинган ҳаракатлар ҳақида маълумот сўрадик.

Озодлик: Ассалому алайкум.

Комилжон Абдунабиев: Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Бу Комилжон аками?

Комилжон Абдунабиев: Ҳа.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаëтган эдим. Йил якунлари ҳақида мақола қилаëтган эдим. Ўзбекистонда ўтган йили қанча фавқулодда ҳолатлар содир бўлди¸ қандай чоралар кўрилди¸ якуний натижалар ҳақида гапириб бера оласизми?

Комилжон Абдунабиев: Сал кейинроқ чиқсангиз¸ мен қисқагина маълумот тайëрлаб сизга айтиб бера оламан. Биринчи галда бизларда, биласиз, ўрнатилган тартибда раҳбариятдан рухсат олган ҳолда сизга маълумот қилиб бера оламан. Бугун ва эртага дам олиш. (Интервю 7 декабр куни ëзиб олинган – таҳририят.) Чоршанба куни телефон қилсангиз¸ раҳбарият рухсат берса¸ албатта қилиб бераман.

Озодлик: Раҳбарият рухсат бермаса¸ иложи йўқ, шунақами?

- Иложини қилса бўлади. Йиллик ҳисобот ҳаммаси бор. Ўрнатилган тартибда бу. Биласизку, раҳбариятимиз бор. Маъхлумот бериш раҳбарият ўрнатган тартибда амалга оширилади¸ деди Комилжон Абдунабиев.

Демак, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Комилжон Абдунабиев биз сўраган маълумотни фақат раҳбарият рухсат берган тақдирдагина тақдим эта олишини айтди.

Шу ўринда бир қатор саволлар пайдо бўлади: Агар тезкор тарзда аҳолини огоҳлантириш зарурати пайдо бўлса, у ҳолда ҳам раҳбарият топшириғини ёки рухсатини кутиш зарур бўладими? Ахир табиий офат олдин огоҳлантириб, кейин эшик тақиллатиб кириб келмайдику? У ҳолда қонуннинг аҳамияти нимада?

Бу саволлар билан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бошқа бир ходимига мурожаат қилдик.

- Бизлар бу нарса бўйича информация бера олмаймиз. Информация керак бўлса¸ келасиз¸ бу ерда информация берадиган кишилар билан танишасиз¸ ўзлари билан гаплашасиз¸ деди ўзини таништиришни истамаган вазирлик ходими.
XS
SM
MD
LG