Линклар

logo-print

"Қишлоқ фаровонлиги"дан "Баркамол авлод"га

  • Фаррух Юсуфий

Ислом Каримов 5 декабр куни яна бир йилга "исм" қўйди.

Ислом Каримов 5 декабр куни яна бир йилга "исм" қўйди.

Кейинги 15 йил давомида йилларга ном бериш Конституция кунининг яна бир анъанаси бўлиб қолган. Ислом Каримов тугаб бораётган 2009 - “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”да ўзбекистонликларнинг турмуш даражаси сезиларли ўсганига “атрофлича тўхталиб” ўтгач, 2010 йилни “Баркамол авлод йили”, деб номлашни таклиф қилди.

5 декабр куни президент Ислом Каримов Ўзбекистон Конституциясининг 17 йиллигига бағишланган маросимда нутқ сўзлади.

“Бу масала устида кўп ўйлаб, фикрлашиб, кўпчиликнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олиб, мен кириб келаётган 2010 йилга юртимизда “Баркамаол авлод йили”, деб ном беришни таклиф қиламан”, деди президент Каримов шанба кунги нутқида.

Каримовнинг фикрича, “янги йилга айнан шундай ном беришнинг сабабларини исботлаб бериш қийин эмас”. Чунки “барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради”.

"Мамлакат ёшларининг истиқболи унинг келажаги билан боғлиқ экани инобатга олинса, уларга, яъни ёшларга алоҳида эътибор қаратилишини тақазо қилади", демоқда Озодлик радиоси билан суҳбатлашган оддий ўзбекистонликлар. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройига 5 декабр куни йиғилганлар ҳам, бу таклифни ана шу ўй билан қарсаклаб билан кутиб олган бўлса ажабмас.

Лекин тадбир қатнашчилари билан оддий ўзбекистонликларнинг “баркамол авлод яратиш” ёки “ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз ҳам” қабилидаги ғоя ва шиорларга муносабати турлича.

Масалан, жиззахлик Содиқ ака "президентнинг келаси йилни “Баркамол авлод”га бағишлаш таклифида маъни бор, лекин амалда бугун ёшларнинг келажаги на ҳокимиятни ва на жамиятни қизиқтирмоқда", дейди.

Содиқ ака: Уларга эътибор бериш шарт. Лелин бизда унақа эътибор берилган жойи йўқ.

Озодлик: Ëшларга эътибор берилмаяптими? “Ëшлар” йили¸ “Баркамол авлод” йили деб эълон қилиняпти-ку?

- Эълон қилиш шунчалик рамзий бир нима бўлса керак-да. Бу ҳам сиëсий ўйин-да энди¸ дейди Содиқ ака.

Суҳбатдошимиз фикрича, яқиндагина миллионлаб ёшларни пахта далаларида мажбурлаб ишлатган ҳукуматнинг энди “Баркамол авлод” ғоясини шиор қилиб олиши куракда турмай.

- Бу ниҳоятда бир-бирига зид нарса¸ чунки баркамол авлод етиштириш учун уларни ўқитиш¸ ўргатиш¸ ўқишни битиргандан кейин амалий ишга солиб¸ малака ошириши керак. Лекин бизда ўқишни бир чеккага суриб¸ чаласавод қилиб¸ пахтага ҳайдаш¸ ўзингиз ўйланг қанақа бўлади? Мақтанган гапига тескари бу¸ дейди Содиқ ака.

Наманганлик Мусохон ака янги йилга берилган ном ҳукумат олиб бораётган халқни алдаш сиёсатининг давомидир, деган фикрда.

- Ҳеч қанақа шароит йўқ, нол. Шароит пули кўпларга бўлиши мумкин. Шунча лицейлар очилгани билан уларга ҳеч қандай шароит йўқ. Ҳаммаси фақат пул бўлиб қолган. Ҳатто мактабларга ҳам пул сўрайвериб давлат гадой бўлиб кетган. Краскасигача¸ пардасигача¸ гулигача пул билан. Лицейларда ҳам шу. Ëшларга ҳеч бир нима йўқ¸ дейди намнагналик Мусохон ака.

Бу ёшлари 50лар атрофида бўлган ва ўзларини “баркамол авлод” вакилларига қўша олмайдиган ўзбекистонликлар фикрлари эди.

Ёшларнинг ўзи бу ҳақда нима дейди? Ҳукуматнинг уларга эътибори, уларнинг ҳақиқатан “баркамол авлод”, бўлиб етишишлари учун имкониятларнинг яратилганини англатадими?

Азизжон Москвада ўқийди, лекин Ўзбекистонда 2010 йил “Баркамол авлод йили”, деб эълон қилинганидан мамнун.

- Кириб келаëтган 2010 йилга бағишланган бу ном менга ëқиб тушди. Бу ëшлар учун катта имконият бўлади деган умиддаман. Ўзбекистон ëшларга ҳозирги кунда жуда катта имкониятлар бераяпти. Бу имкониятлардан фойдалана олаëтганлар ҳам¸ фойдалана олмаëтганлар ҳам бор. Менинг яна битта фикрим бор эди, ҳозир бунақа имкониятлар берилаяпти. Янада кўпроқ берилса дейман-да, дейди Москвада таҳсил олаётган Азизжон.

Европадаги давлатлардан бирида ўқиётган Аҳмаджон президентнинг “Баркамол авлод йили” ғояси самимий эканига ишонмайди. Чунки ҳукумат йилларга ном бериш анънасини бошлагандан бери, унинг олиб борган сиёсати бу ғояларнинг том тескариси, бўлиб келди.

- Таълим тизими яхши бўлса¸ баркамол авлод шаклланади. Ўзбекистонда таълим тизими шу даражада издан чиқиб кетганки¸ ҳеч уни тўғирлашнинг иложи йўқ. Уни тўғирлаш учун жуда кўп вақт керак бўлади. Битта мисол¸ мактабларда ўзбек тилида дарсликлар етишмайди. Одамлар бошидан бошлаб фарзандларини рус мактабларига беришга ҳаракат қилаяпти. Ҳозир мактабнинг 9 синфини тугатган болаларнинг оддий математик ҳисоб-китобни билмаслик¸ ҳатто ўз исм-фамилиясини тўғри ëза олмаслик ҳолатлари кўп. Булардан қандай қилиб баракамол авлод чиқсин¸ дейди Аҳмаджон.

Аҳмаджон Европада олган билимини Ўзбекистоннинг ривожланиши йўлида сарфлаш нияти борлиги, лекин ўз ватанида сиёсий ўзгаришлар рўй бермагунча, унга бундай имкон берилишига ишонмаслигини айтди суҳбат сўнггида.

Аҳмаджон:
Ростини айтаман¸ мен ҳозир ўқияпман. Илмни бу ердан оламан¸ ўқийман¸ яхши бир мутахассис бўламан. Вақти келадики¸ бизда ҳама нарса ўзгаради. Мен вақти келиб бу билимимни ўзим бой бўлишим учун ëки катта-катта ютуқларга эришиш учун эмас¸ одамлар манфаати учун ишлатаман. Пул учун бўлганда мен илмсиз ҳам Ўзбекистон шароитида кўпроқ пул топиш имкониятига эгаман. Чунки тадбиркорлик билан шуғулланиб¸ кўп даромад олган ҳолимда мен у нарсани тарк этиб¸ ўқиш учун келганман, бу ерга. Албатта келажакда Ўзбекистонга қайтаман. Ҳукумат алмашса¸ ўқиганларга шароит яратилса¸ ўшанда қайтаман. Мен бу ерда ҳозир аниқ фанларни ўқияпман. Ўзбекистонда физика¸ математикани ўқиган одамларда ўзининг карерасини давом эттиришга имконият йўқ. Мен бу ерда худди шу фанларни ўқимоқчиман. Ўзбекистонда керак бўлсам¸ албатта қайтаман.

Озодлик: Бугунги сиëсат шароитида ўзингизни Ўзбекистонда керакман деб ўйлайсизми? Президент олиб бораëтган сиëсатда ўзингизни кўрасизми?

- Мен ўзимни керакли деб ҳисобламайман. Чунки у ерда мен гапирадиган гап ҳеч қанақа аҳамиятга эга эмас. Менинг гапираëтган гапимни ҳеч ким ҳисобга ҳам олмайди. Шу сабабли ўзимни кераксиз деб ҳисоблайман¸ дейди Аҳмаджон.

Мавзу сўнггида Президентнинг 2010 йилни “Баркамол авлод йили”, деб эълон қилишига билвосита боғлиқ яна бир гап.

Ўтган ҳафта Озодлик радиоси электрон почтасига ўзини Ўзбекистон ёшлари вакили, деб таништирган муштариймиздан мактуб келди. Муштариймиз Озодлик радиосига катта эътирозлари борлиги айтар экан: “Сиз ўзбекларни севмайсиз, балки улардан нафратланасиз... Негалигини ҳам биламиз. Биз ёшлар куни келадики, дунёни титратиб, сизларга кимлигимизни кўрсатамиз. Биламиз, шунда ҳам сиз Бизни лойга булғашга харакат килаверасиз, балки сизни ўғлингиз бу ишни давом эттирар. Лекин МЕН СИЗга айтаман биз хеч кимга бўйсунмаймиз. Биз ўзбеклар аждодимиз турклардир. Улардек жасоратли халқ бўлмаган. Менинг билганим бу миллатимни билганидир, сиз БИЗЛАРДАН эмассиз. Биз сизга айтамиз, бор кучингизни ишга солиб харакат килинг, лекин биз енгилмаймиз. Биз ЁШЛАР ватанни, миллатни таниб ўсяпмиз. Ўзбекистон дунёни бошқарадиган давр яқинлашди, бу асло утопия эмас. Буни БИЗ амалга оширамиз. Озроқ сиз кутинг, биз майдонга келдик. Энди бизни тўхтата оладиган куч топилмайди. Бу кучни И. Каримов яратди”, деган фикрларни ёзган.

Президент Ислом Каримов ҳам 5 декабр кунги маърузасини: “Биз ҳеч қачон ҳеч қимдан кам бўлмаганмиз ва эзгу мақсад-муддаомиз бўлмиш эркин, озод ва обод ҳаёт бунёд этишда ҳам ҳеч кимдан кам бўлмаймиз, иншоллоҳ”, деган сўзлар билан тугатди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG