Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:57

Обама Эрдўғон билан учрашди


АҚШ президенти ва Туркия бош вазирининг Оқ Уйдаги учрашувида қатор масалалар муҳокама қилинди.
АҚШ президенти ва Туркия бош вазирининг Оқ Уйдаги учрашувида қатор масалалар муҳокама қилинди.

АҚШ президенти Барак Обама 7 декабр куни Оқ Уйда Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди. Музокара чоғида Эроннинг ядровий дастури, Исроил-Фаластин можароси, Туркия-Арманистон муносабатлари, Афғонистондаги вазият каби қатор масалалар кўрилди.

АҚШ президенти Барак Обама Қўшма Штатлар ва Туркия энг муҳим масалалардан бири бўлмиш Эроннинг ядровий дастури муаммосини бирга ҳал қилиши керак, деган фикрда.

Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Оқ Уйда бўлиб ўтган сўзлашувлардан сўнг Обама Эрон билан музокараларда Туркия муҳим рол ўйнаши мумкинлигини айтди.

- Мен Туркия бош вазирига бу муаммони Эрон халқаро қонун ва меъёрларга риоя қилган ҳолда, ўз ядровий дастурини тинч мақсадни кўзлаб давом эттира оладиган тарзда ҳал этиш муҳим эканига ишора қилдим. Менимча, Эронни шунга йўналтириш уринишида Туркия муҳим ўйинчи бўлиши мумкин, деди АҚШ раҳбари.

Ўз навбатида, Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон турли минтақавий муаммолар, жумладан, Эроннинг ядровий дастури муаммосига ечим топишда ўз мамлакати ва Қўшма Штатлар ҳамкорликда чоралар кўрганини қайд этди. Эрдўғон ўз мамлакати бу муаммони дипломатик йўллар орқали ҳал этиш тарафдори эканини урғулади.

АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Эроннинг мақсади ядровий қурол тайёрлаш бўлиши мумкинлигидан хавотирда. Эрдўғонга кўра, Эрон ядро қувватидан тинч мақсадда фойдаланиш ниятида.

Ўтган ой Теҳронга сафар қилган Эрдўғон Эрон билан газ ва савдо бўйича шартномалар имзолади. Туркия бош вазири Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод билан ҳам учрашди. Мусулмон давлатларнинг Истанбул шаҳридаги саммитида Эрдўғон Эрон президентини “яхши дўст”, деб атади.

Шунингдек, Туркия бош вазири БМТнинг Эронга нисбатан санкцияларини ҳам танқид қилди.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистондаги НАТО кучларига Туркия қўшаётган ҳиссаси учун Анқара расмийларига миннатдорлик билдирди. Ҳарбий иттифоқдаги асосий мусулмон давлат бўлган Туркия ноябр ойида Кобул шаҳридаги ҳарбий операциялар бўйича қўмондонлик вазифасини қабул қилиб олди.

Афғонистонга 30 минг аскардан иборат қўшимча куч жўнатишга қарор қилган АҚШ НАТОдаги иттифоқчиларидан ҳам қўшимча 10 минг аскар жўнатишни сўраган. Ҳозирча Анқара Афғонистонга қўшимча куч жўнатиш ҳақида қарор қабул қилмаган.

Оқ Уйда бўлиб ўтган учрашувда Арманистон-Туркия муносабатлари ҳам муҳокама қилинди. Октябр ойида икки давлат тарихий шартнома имзолади. Бу қарийб бир аср давом этган душманчиликка чек қўйиб, икки давлат чегарасини очиши мумкинлиги айтилмоқда.
Бироқ Арманистон қўшни Озарбайжон билан Тоғли Қорабоғ хусусида келишувга эришгани йўқ. Арманистон ва Туркия муносабатининг нормаллашуви Тоғли Қорабоғ борасидаги музокараларга ижобий таъсир этиши мумкин.

Душанба кунги учрашувда президент Барак Обама Туркия ва Арманистон ўртасидаги дипломатик муваффақиятни олқишлади.

- Мен Туркия-Арманистон муносабатларини нормаллаштириш учун дадил чоралар кўргани учун бош вазирни табриклайман. Мен уни шу йўлдан боришни давом эттиришга даъват қилдим, деди АҚШ раҳбари.

Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан АҚШ президенти Барак Обама ўртасидаги учрашувда Курдистон ишчилар партияси жангариларининг айирмачилик ҳаракати, шунингдек, Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаро масалалари ҳам муҳокама қилинди.
XS
SM
MD
LG