Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:36

Тожикистонда чўчқа тумови тарқалиш хавфи кучаймоқда


Тожик расмийлари мамлакатда чўчқа тумови тарқалишининг олдини олиши учун барча чораларни ишга солаётганини айтмоқдалар.
Тожик расмийлари мамлакатда чўчқа тумови тарқалишининг олдини олиши учун барча чораларни ишга солаётганини айтмоқдалар.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида Қирғизистон фуқароси Бўронбоеванинг чўчқа гриппидан жон таслим қилгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозимлари хабар беришди.

Сўғд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Далил Тошматов сўзларига кўра, вилоят туғруқхонасида оламдан кўз юмган қирғизистонлик ҳомиладор аёлнинг чўчқа тумовига мубтало бўлган, дейишга асос бор эди.

- Чунки туғруқхонага олиб келинган қирғизистонлик аёл аҳволи шундан далолат берарди. Шунга қарамай, жон таслим қилган аёл анализлари республика пойтахти Душанбега - диагностика лабораториясига жўнатилди. Бунга ҳам уч кун бўлди. Лекин ҳанузгача у ёқдан жавоб йўқ, дейди Далил Тошматов.

Айни пайтда, Сўғд вилоят туғруқхонаси вакилларининг айтишларича, туғруқхонада жон таслим қилган аёл чўчқа тумовига мубтало бўлганми-йўқми – ҳали-ҳануз маълум эмас.

- Реанимация бўлимига олиб келинган ҳомиладор аёл - Қирғизистон фуқароси Бўронбаеванинг аҳволи жуда оғир эди. Унинг ҳаётий зарур органлари деярли ишламас эди. Шунга қарамай, врачларимиз қўлидан келган барча имкониятларни ишга солди. Афсуски, бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади, дейди вилоят туғуруқхонаси бош врачи ўринбосари Муҳсин Оқилов.

Вилоят санэпидстанцияси директор ўринбосари Насиб Икромовнинг айтишича, станция вакиллари 5 ноябр куни соат 23 ларда вилоят туғруқхонасига етиб келишган.

- Вакилларимиз туғруқхонага етиб келиб, оламдан кўз юмган ҳомиладор аёлнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужжатлар билан танишдилар. Маълум бўлишича, Қирғизистон фуқароси ўлимига ўпканинг икки томонлама қаттиқ шамоллаши, нафас бўғилиши ва ниҳоят тумовнинг ҳозиргача номаълум бўлган тури сабаб бўлган, деди Насиб Икромов.

“Нима учун анализлар Душанбе шаҳрига жўнатилди?” деб сўраймиз Насиб Икромовдан.

- Чунки вилоятда бундай касалликларни аниқлаш учун шароит йўқ. Айтмоқчиманки, мавжуд лабораториялар замонавий ускуналар билан жиҳозланмаган, деди Насиб Икромов.

Шифокорларнинг айтишларича, марҳума Бўронбоеванинг жасади ҳалигача вилоят моргидан олиб кетилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 26 ноябр куни Тожикистон расмийлари мамлакатда чўчқа гриппи вирусига мубтало бўлган етти киши аниқланганини маълум қилган эди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматидан олинган хабарга кўра, чўчқа тумовини юқтирганлар айни пайтда республика юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари ўшанда шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб турган бу беморлардан бири Ҳиндистон фуқароси ва қолган иккитаси яқинда хориждан қайтган тожикистонликлар эканлигини маълум қилган эди.

Вазирлик вакиллари мамлакатда чўчқа тумови кенг тарқалиши хавфи мавжудлигини қайд этиб, касаллик тарқалишининг олдини олиш учун республика касалхоналарида барча шарт-шароитлар муҳайё қилинганини билдирган эдилар.

Айни пайтда, мутахассисларга кўра, бугунги кунда Тожикистонда чўчқа тумовига қарши вакцина йўқ. Тожикистон ҳукумати шу йил август ойида қатор халқаро ташкилотлар, шунингдек, Россия ҳукуматига мурожаат қилиб, вакцина масаласида ёрдам сўради. Лекин ҳанузгача бу мурожаатга бирорта мамлакат жавоб берганича йўқ.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарларининг таъкидлашларича, мамлакатга вакцина келгуси йил бошларида олиб келиниши кутилаяпти. Мутахассислар мамлакатда чўчқа тумови эпидемияси бошланса, бу касалликка чалинган тожикикистонликларнинг фақат 8-9 фоизинигина касалхоналарда даволаш имконияти борлигини айтишмоқда.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Сўғд вилоят бошқармасидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, чўчқа гриппига қарши амалиёт доирасида вилоятдаги чегара масканларида, темир йўл, автовокзал ва аэропортда назорат кучайтирилган.
XS
SM
MD
LG