Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:18

Ўзбекистон Тожикистонга ҳамкорлик қўлини чўзмоқчи


Ўзбекистон Тожикистон билан Марказий Осиё ягона энерготизими доирасидаги энергетик ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Айни пайтда тожикистонлик мутасаддилар қўшнилардан бундай таклиф тушмаганини айтмоқдалар.

“REGNUM” ахборот агентлигининг 7 декабр куни ёзишича, “Ўзбекэнерго” ширкати энергетика соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш мақсадида “Барқи тожик” ширкати масъулларини музокара столига даъват этган.

Тожикистоннинг “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Ёдгорий ўз идораси бу гаплардан хабарсизлигини билдирди.

- “Ўзбекэнерго” давлат ширкати бизга ягона энерготизимда ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш таклифи билан чиққани йўқ. Идорамиз у томондан бу борада бирорта расмий даъват ҳам олган эмас, деди “Барқи тожик” ширкат расмийси.

Расмийга кўра, шу йил 30 октябрида Ўзбекистон Тожикистон билан энерготармоқларининг жанубий қисмини узиб қўйганидан буён Тожикистон энергетика тизими автоном тарзда фаолият кўрсатиб келмоқда экан.

“Барқи тожик” ширкати масъули Тожикистон шимолий ҳудудида Ўзбекистон билан энергетик ҳамкорлик давом этаётгани ва мамлакатнинг шимолий ҳудуди учун Ўзбекистондан электр импорт қилиш бўйича бир неча кун аввал янги шартнома имзоланганинин билдирди.

- Мамлакатда “Жануб-Шимол” янги электр узатиш тармоғи ишга туширилган бўлса-да, биз Сўғд вилояти учун Ўзбекистондан ҳар киловаттини 3,7 центдан электр импорт қилаяпмиз. Тожикистон минтақадаги қўшнилари билан энергетик ҳамкорликка доимо тайёр. Ўзбекистоннинг энерготизимдаги параллел ҳамкорликни қайта йўлга қўйишга доир таклифини эса ўйлаб кўрамиз, деди “Барқи тожик” ширкати матбуот хизмати бошлиғи.

Эслатиб ўтамиз, бундан икки ойча аввал Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимидаги ортиқча электр энергияси Тожикистон томонидан ноқонуний ўзлаштирилаётганини даъво қилиб, бу тизимдан чиқишини маълум қилган эди. Ўзбекистоннинг бу иддаолари Қозоғистон томондан ҳам қувватланган эди. Аммо Тожикистон расмийлари қўшниларнинг бу даъвоси асоссизлигини билдириб, Ўзбекистон аллақачон ягона энерготизимдан чиқиб кетгани, икки давлат ўртасидаги электр узатиш тармоқлари узиб қўйилиши ортидан ўз энерготизими автоном тарзда фаолият кўрсатаётганини маълум қилган эдилар.

Хўш, агар Ўзбекистон ҳақиқатан Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетган ва Тожикистон билан энергетик ҳамкорликни тўхтатган бўлса, бугунги кунда ўзбек энергетикларининг тожикистонлик ҳамкасбларига ҳамкорликни қайта тиклаш таклифи билан чиқишига нима мажбур қилди?

Бу саволга жавоб топиш учун Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасига қўнғироқ қилдик. Аммо бу борадаги уринишларимиз самара бермади. Элчихонада телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Ҳомиджон Орипов “Ўзбекистон томони ўз хатосини ниҳоят тушуниб етган ва Тожикистон билан энергетик ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилган бўлса ажаб эмас”, дея мулоҳаза билдиради.
- Ўзбекистон энергетиклари учун бизнинг энергетикларимиз билан тиғиз ҳамкорлик қилиш ҳаводек зарур. Марказий Осиё ягона энерготизими шўролар замонидан саводли мутахассислар томонидан қурилган эди. Бусиз Марказий Осиё давлатларининг бирортаси яшай олмайди. Ўзбекистон ГЭСлари буғ, мазут билан ишлайди, бу улардаги бир яхши имконият. Бизнинг ГЭСларимиз эса сув билан ишлайди, бу биздаги яхши имконият. Лекин бу иккиси ҳам бир-бирисиз фаолият кўрсатолмайди, буни икки мамлакат энергетиклари яхши тушунишади. Аммо сиёсатчилар бир-бирига босим ўтказиш учун ҳали газ, ҳали энергосистемага ёпишишади. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишга оид режасини ўзбек энергетиклари ўйлаб чиққани йўқ, бу нотўғри сиёсат юргизаётган Ўзбекистон ҳукуматининг хато режаси эди. Бугун улар ниҳоят хатоларини тушуниб етган кўринади, дейди мустақил таҳлилчи Ҳомиджон Орипов.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчи Душанбе бу гал Тошкент таклифига ижобий жавоб қайтаришига ишонмайди.

Аммо мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов энергетик инқироз ёқасида турган Тожикистон учун кек сақлаш мутлақо ўринсизлигини айтади.

- Тожикистоннинг бугунги энергетик шароитида ҳукумат расмийлари Ўзбекистон ўртага ташлаётган ҳар қандай таклиф ёки шартларни бажонидил қабул қилиши шарт. Республикадаги энергетик бўҳрон ортидан ҳавонинг совуқ кунларида аҳолининг аксарияти иссиқликсиз, ёруғликсиз қолган. Ҳали қиш чилласида аҳвол бундан баттар бўлиши мумкин. Шуни назарга олган ҳолда, Тожикистон Ўзбекистон билан музокара столи атрофида бу масалаларни очиқчасига ҳал этиб олиши ва ўзаро энергетик ҳамкорликни давом эттириши зарур, дейди Исмоил Раҳматов.
XS
SM
MD
LG