Линклар

"Кимни сайлаймиз? Нимага сайлаймиз?"

  • Сарвар Усмон

Озодлик радиосига суҳбат берган ўзбекистонлик сайловчиларнинг айримлари парламент сайловига қизиқиш билдирмаётганларини айтдилар.

Озодлик радиосига суҳбат берган ўзбекистонлик сайловчиларнинг айримлари парламент сайловига қизиқиш билдирмаётганларини айтдилар.

Ўзбекистон Республикаси парламенти қуйи палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга сайловлар ўтадиган кунга 20 кундан озроқ вақт қолди. Мамлакатда сайловолди тарғибот ишлари қандай кечмоқда?

Ўзбекистонда айни кунларда сайловолди учрашувлари авжига чиққан, партиялар сайловчиларни ўзларига оғдириш учун жонбозлик кўрсатаётган бўлсалар керак. Ўша учрашувларда сайловчилар депутатликка номзодларга қандай масалалар билан мурожаат қилмоқдалар, номзодлар сайловчиларга нималарни ваъда қилаяпти?

Қашқадарёлик, андижонлик ва наманганлик уч сайловчи билан гаплашдик.

Ўзини Ҳусан ака, деб таништирган қашқадарёлик тингловчимиз.

Озодлик: Сиз яшаëтган ҳудудда сайловнинг шарпасини нималарда сезаяпсиз?

Ҳусан ака: Шиорлар бор. “27 декабр Олий Мажлисга сайловлар” деб ëзиб қўйибди.

Озодлик: Шуни тасвирлаб беринг. Шиорлар қанчалик кўп¸ қаерларда?

Ҳусан ака: Шиорлар фақат ишхоналарда¸ одам гавжум бўладиган жойларда. Кейин партиялар ўзларининг шиорларини чиқариб¸ рекламадай қилиб осиб қўйишибди.

Озодлик: Партияларнинг сайловолди шиорлари ëзилганми?

Ҳусан ака: Ҳа. Энди “Миллий тикланиш партиясига овоз беринг”¸ “Адолат партиясига овоз беринг” деган шиорлар ҳам бор.

Озодлик: Сайловолди учрашувларида ҳам бўлгандирсиз?

Ҳусан ака: Йўқ¸ аралашганим йўқ. Ҳеч жойга бормадим.

Озодлик: Нима учун аралашмадингиз?

Ҳусан ака: Чунки бунақанги учрашув бирор жойда бўлганини билмайман.

Озодлик: Сайловга борасизми?

- Энди борсак ҳам¸ бормасак ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмайди-да¸ дейди ўзини Ҳусан ака, деб таништирган қашқадарёлик тингловчимиз.

Андижонлик Оқил ака билан ҳам гаплашдик. У киши вилоятнинг Олтинкўл туманида истиқомат қилади.

Озодлик: Сиз яшаëтган жойда сайловнинг қандайдир белгилари борми?

Оқил ака: Биз мактабнинг ëнида яшаймизда. Мактабга кириб кетавериш жойига “Сайлов участкаси” деб қоқиб қўйилган. Кўчага¸ қишлоқнинг марказига 27 декабр куни сайлов бўлиши ҳақидаги эълонга ўхшаган плакатлар ëпиштириб қўйилган. Ким сайланади¸ ким депутатликка номзодлиги ҳақида ҳеч кимда ҳеч қанақа тасаввур йўқ.

Озодлик: Бир-иккита плакатлар ëзилган деяпсиз. Ўша плакатлар қайси партиянинг номидан ëзилган?

Оқил ака: У умумий. 27 декабр манави манави манави нималарга сайлов дейилган холос. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Айтаяпманку¸ номзод ҳақида ҳам¸ қайси партиядан умуман билмаймизда. Кўпиртириб гапираëтганим йўқ. Табиий ҳолат бу. Ҳозир эшитаëтганингиздай. Ҳозир мана шу ердан одамлардан сўрасангиз¸ ким номзод¸ кимни сайлайди¸ нимага сайланади биров билмайди.

Озодлик: Депутатликка номзодлар сайловолди учрашувлари ўтказмаяптими?

- Йўқ¸ ўтгани йўқ. Ҳали бирор жойда “Фалонча билан учрашув бўлди” деганини эшитганим ҳам йўқ¸ кўрганим ҳам йўқ. Олтинкўл тумани бўйича айтаяпманда¸ дейди андижонлик Оқил ака.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Наманган вилояти, Чуст туманидан.

Озодлик: Сиз яшаб турган ҳудудда сайловнинг шарпаси борми йўқми?

Абдуқаҳҳор ака: Сайловнинг шарпаси бор.

Озодлик: Шарпа нималарда сезилади?

Абдуқаҳҳор ака: Энди сайлов участкалари тузилган. Мажлисларда 27 декабрда сайлов бўлиши тўғрисида таъкидланиб турилибди.

Озодлик: Мажлислар деганда сайловолди мажлисларни назарда тутаяпсизми?

Абдуқаҳҳор ака: Йўқ. Умумий¸ коммунал тўловлар бўйича¸ фермерлар билан учрашув бўлганда¸ сайлов бўлиши кераклиги тўғрисида бир-икки оғиз гапирилади. Халқнинг ичида сайловларга 1990 йиллардай қизиқиш йўқ.

Озодлик: Қизиқиш йўқлигини алоҳида гаплашармиз. У ëқ бу ëғи 20 кундан бери сайлов агитацияси бўлиши керак. Сиз шу кунгача нечта сайловолди учрашувида қатнашдингиз?

Абдуқаҳҳор ака: Мен бирортасида ҳам қатнашганим йўқ. Бизнинг регионда эҳтимол бўлгандир¸ хабарим йўқ. Сайловда қатнашаëтган партияларнинг қандай партиялигини¸ номзодлари кимлигини биламиз. Унисини сайласангиз ҳам¸ бунисини сайласангиз ҳам ҳеч қанақа қиймати ўзгармайди.

Озодлик: Депутатликка номзодларни биламиз дедингиз. Кимлар ўшалар сизнинг ҳудудингиздан?

Абдуқаҳҳор ака: Бизнинг ҳудудимиздаги биттасини биламан. Иккитасини. Ҳозир қайси партиядан¸ Адолатдан. Адолатдан битта банкнинг мудири кўрсатилаяпти. Хуллас битта партиядан иккитаси. Биттаси қолди. Ўша банк мудири қолди. Қолган партиялардан вакилларни билганим йўқ. Чунки номзодларнинг расмлари илинмаган. Бирорта мажлисда қатнашганимиз йўқ. Тўртта партиядан биттадан чиқиши керак. Биттасини биламан холос.

Озодлик: У киши сайловолди учрашуви ўтказдими?

- Эҳтимол ўтказгандир. Бизни таклиф қилишмайди. Эҳтимол бўлаëтгандир. Телевизорда партия лидерлари бир-бир чиқаяпти. Ростини айтсам бўлаяптими¸ бўлмаяптими менинг хабарим йўқ¸ дейди чустлик Абдуқаҳҳор ака.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда парламент сайловлари 19 кундан кейин – 27 декабрда бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG