Линклар

Қонунга амал борми?

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистонда болалар меҳнатини таъқиқловчи қонунлар амалга тадбиқ этилмаяпти.

Ўзбекистонда болалар меҳнатини таъқиқловчи қонунлар амалга тадбиқ этилмаяпти.

Ўзбекистон Сенати мамлакатда болалар меҳнатини таъқиқлашга оид яна бир ҳужжатни маъқуллади.Бундан олдин ҳам Ўзбекистон парламенти болалар меҳнатидан фойдаланмаслик борасидаги халқаро конвенцияни эътироф қилган эди. Шунга қарамай, олинаётган хабарларга кўра, республикада болаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш кўриниши тўхтамаган.

Сенат вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчиликнинг такомиллаштирилиши муносабати билан "Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик ҳақидаги Кодексига ўзгартиришлар киритиш" ҳақидаги лойиҳани сўнгги ўқишда қабул қилиб, маъқуллашни лозим топди.

Сенат маъқуллаган қонунга кўра, вояга етмаган болалар меҳнатидан фойдаланган юридик ва жисмоний шаxслар ҳамда ота-оналар жавобгарликка тортилади.

“Вояга етмаган болалар меҳнатидан фойдаланган ва айниқса болаларни ëмон шароитларда ишлатиб, уларнинг саломатлигига зарар етказганлар маъмурий жавобгарликка тортилади”¸ дейилади қонунда.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган сенатор аëлга кўра¸ бу қонун 2008 йилда Ўзбекистон ратификация қилган халқаро конвенция талабларини бажариш йўлида қўйилган илк қадамлардан бири. "Бу қонун асосида болаларни ишга ëллаган иш берувчилар ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин"¸ дейди суҳбатдош.

2008 йил март ойида Ўзбекистон ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнатини чеклашга оид конвенциясини қабул қилган эди. Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммаднинг Озодлик мухбирига айтишича¸ бу қонунинг қабул қилиниши ижобий ҳолат ва бу қонун вояга етмаганларни мажбурий меҳнатдан ҳимоя қилишда самарали механизмга айланади.

2008 йилда бир қатор хорижий ширкатларнинг “Ўзбек пахтаси болаларнинг мажбурий меҳнати маҳсулидир”, дея қилган бойкотидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатини чекловчи конвенцияни ратификация қилган эди. Аммо бу конвенция қабул қилингач ҳам 2009 йилги пахта мавсумида болалар мажбуран далаларга чиқарилган эди. Озодлик микрофонига гапирган қизалоқ совуқ далаларда пахта теришга мажбур қилинган минглаб ўзбек болаларидан бири.

- Совуқ эди. Ўтирдик¸ пахта кўп термадик. Аввал кўрак тердик¸ кейин ўтириб унинг пахтасини ажратдик. Ëмон совуқ бўлди. Совқотдик. Кейин ўтин тердик. Уни бизга директоримиз ëқиб берди. Кейин унинг атрофида ўтириб исиндик¸ деган эди совуқ далаларда пахта теришга мажбур қилинган минглаб ўзбек болаларидан бири.

Берлиндаги Европа Конституциявий ва инсоний ҳуқуқлар маркази (European Center for Constitutional and Human Rights) фаоли Мириам Сааге Маасга (Dr. Miriam Saage-Maas ) кўра, қабул қилинган қонунга қарамасдан Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳануз давом этмоқда.

Мириам Сааге Ўзбекистон пахтасини сотиб олаëтган Европа ширкатларига улар ишлатаëтган хом ашëнинг болалар меҳнати маҳсули эканини тушунтириш билан шуғулланади. Европадаги инсон ҳуқуқлари фаоллари назарида ўзбек паxтасини бойкот қилиш Ўзбекистонда болалар меҳнатини чеклаш йўлидаги самарали механизм бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонлик суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистонда вояга етмаган болалар нафақат пахтада, балки ғалла¸ шоли каби қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳамда маиший хизмат, қурилиш ва саноатда мажбуран ишлатилмоқда.

- Мен сизга Тошкентда болалар ўқимайдиган¸ болалар меҳнатининг 2000 та жойини топиб бераман. Мана новвойчилик¸ арава тортиш... Тошкентда боласини олиб келиб, бозорга ташлаб кетганлар бор. Мен биладиган миллионта ҳаммол болалар бор. Мардикор болалар бор. Бу жуда кўп. Қонун қабул қилиб қўяверади. Унинг бажарилишини ҳеч ким текширмайди. Мана, болаларни пахтага олиб чиқаяптию, 7 яшарини ҳам. Қонун ҳаммага тенг бўлса¸ олиб чиқиш керак эмас-ку. Булар чет элга “Биз болаларни ишлатмаймиз. Мана бизда қонун бор” дейиш учун қабул қилиб қўяверади.

Озодлик: Ўзбек болалари томорқада ишлайдику. Жамиятда “Бола ишга ўргансин. Ишласа¸ яхши” дега тушунча ҳам борку.

- Менинг ўйлашимча¸ ҳамма хато қилса ҳам ҳукумат хато қилмаслиги керак. Менимча¸ қонунга ҳукумат риоя қилиши керак. Пахта ўсимлигининг ўзи оқ¸ ичи қора дейди. Бунинг меҳнати жуда оғир. Мен саккиз йил чиққанман. Меҳнати қанақа оғирлигини мен яхши биламан.

Озодлик: Ҳар ҳолда Сенат вояга етмаган болаларни ишлатганларни жазолайдиган қонунни маъқулладику. Бу ижобий ҳолат эмасми?

- Қонун яхши. Қонуннинг ижросини ким текширади? Сенатдагилар чиқараверади. Мана, қўшниларимиз новвой. Водийдан келиб 12-13 яшар болалар ишлайди. Ким текширади уни? Қонунни ëзиб қўйиш ҳеч нарса эмас. СССРнинг Конституцияси дунëнинг энг чиройли Конституцияси бўлган. Чиройли ëзиб қўйиш ҳеч нарса эмас. Масалан¸ сиз болангизни “Мен пахтага юбормайман”, деб мактабдан олиб қолсангиз¸ ким сизнинг ëнингизни олади? Мен боламни пахтага юбормайман десам¸ ҳокимми¸ прокурорми¸ сенаторми менинг ëнимни оладими? Ҳаммаси ўзини жинниликка солиб туради. Оддий одамга қонун ишламайди.

Озодлик: Қонун чиқариш билан буларнинг мақсади нима? Булар энди болалар ҳақида қайғураяптими?

- Булар халқаро симпозиумларда қатнашади. Бизнинг вакиллар бор халқаро ташкилотларда. Ўшалар айтади-да, "Бизда қонун бор", деб. “Мана Жиззахда фалон мактаб олиб чиқилибди” десангиз¸ “Бунинг учун ҳоким ëки фермер айбдор”, дейиш учун қилинган¸ дейди ўзбекистонлик суҳбатдош.

Ўзбекистонлик суҳбатдош назарида¸ бу қонуннинг пахта мавсумидан сўнг қабул қилиниши ўзбек болалари меҳнатидан фойдаланиб бўлган ҳукуматнинг "Ишим битди, эшагим лойдан ўтди", деганига ўхшайди.
XS
SM
MD
LG